Ҳаворийлар 18 bob
1 Шундан кейин Павлус Афинадан кетиб, Коринфга йўл олди.
2 У ерда Павлус Акил деган бир яҳудий билан танишди. Акил Понтусда туғилган бўлиб, хотини Прискилла билан Италиядан яқинда келган экан. Чунки Қайсар* Клавдий, ҳамма яҳудийлар Римдан чиқиб кетсин, деб фармон берган эди. Павлус уларни кўргани борди.
3 Улар ҳамкасб бўлиб, чодир тикувчилик билан шуғулланганлари учун, Павлус уларникида қолиб, ишлади.
4 Ҳар Шаббат куни у синагогада мунозара ўтказиб, яҳудийлар ва ғайрияҳудийларни ишонтиришга ҳаракат қиларди.
5 Силас билан Тимўтий Македониядан келганларидан кейин, Павлус бутун вақтини Исо ҳақидаги хабарни ваъз қилишга бағишлади. У яҳудийларга Исонинг Масиҳ экани тўғрисида гувоҳлик берарди.
6 Яҳудийлар эса Павлусга қарши чиқиб, уни ҳақорат қилдилар. Павлус кийимларидан чангни қоқди–да: “Қонингиз ўз гарданингизда қолсин, менда айб йўқ, ҳозирдан бошлаб ғайрияҳудийлар орасига кетганим бўлсин”, деди уларга.
7 Шундай қилиб, Павлус синагогани тарк этиб, Титас Юстус деган бир одамнинг уйига борди. Титас Юстус ҳам художўй одам бўлиб, унинг уйи синагоганинг ёнгинасида эди.
8 Синагоганинг қавмбошиси Криспус бутун хонадони билан Раббимиз Исога имон келтирди. Павлусдан Хушхабар эшитган Коринфликларнинг кўпчилиги ишониб, сувга чўмдирилдилар.
9 Бир куни тунда Раббимиз Исо ваҳийда Павлусга зоҳир бўлиб, деди: “Қўрқма! Гапиравер, сукут сақлама!
10 Мен сен билан биргаман. Бу шаҳардаги кўпчилик Менинг одамларим бўлгани учун ҳеч ким сенга зарар етказа олмайди.”
11 Шундай қилиб, Павлус бу шаҳарда бир йилу олти ой туриб, халққа Худонинг каломидан таълим берди.
12 Галлион Ахая вилоятига ҳокимлик қилган пайтларда, яҳудийлар биргалашиб Павлусга қарши чиқдилар ва уни судраб, маҳкамага олиб келдилар.
13 Улар шундай дедилар: — Мана бу одам қонунга қарши йўллар билан Худога сажда қилишга халқни даъват қиляпти.
14 Павлус энди гапирмоқчи бўлиб турган эди, Галлион яҳудийларга шундай деди: — Эй яҳудийлар! Агар даъвоингиз ёмон қилмиш ёки оғир жиноят масаласида бўлганда эди, шикоятларингизни қабул қилишга сабаб топган бўлардим.
15 Аммо бу даъволарингиз шунчаки айрим сўзлар, исмлар ва ўз қонунингиз борасида экан, буларни ўзларингиз кўриб чиқаверинглар. Мен бу масалаларнинг ҳаками бўлмайман.
16 Галлион яҳудийларни маҳкамадан ҳайдаб чиқарди.
17 Шунда оломон синагога қавмбошиси Состенисни тутиб олди–да, маҳкаманинг олдида уни калтаклади. Аммо Галлион буларнинг биронтасига эътибор бермади.
18 Павлус Коринфда имонлилар билан узоқ вақт турди. Сўнг улар билан хайрлашиб, кемада Сурияга сузиб кетди. Акил билан Прискилла ҳам у билан бирга кетдилар. Павлус Худога онт ичгани учун Кенхреядан сузиб кетишдан олдин сочини олдирди.
19 Улар Эфесга етиб келдилар. Павлус синагогага бориб, яҳудийлар билан мунозара ўтказди.
20 Одамлар Павлусдан, биз билан узоқроқ қолинг, деб илтимос қилдилар. Аммо Павлус рози бўлмади. Кетишидан олдин эса уларга:
21 “Худо хоҳиш билдирса, сизларнинг олдингизга қайтиб келаман”, деди. Шундан кейин Акил билан Прискиллани Эфесда қолдириб, ўзи кемада сузиб кетди.
22 Павлус Қайсарияга етиб келгандан кейин, Қуддусга борди ва имонлилар жамоати билан кўришди. Шундан сўнг Антиохияга кетди.
23 У ерда маълум вақт бўлгач, яна йўлга чиқди ва Галатия, Фригия ўлкаларини кезиб, барча имонлиларга далда берди.
24 Шу пайтда Аполлос деган бир яҳудий Эфесга келди. У асли Искандариядан эди. У гапга чечан одам бўлиб, Муқаддас битикларни жуда яхши биларди.
25 У Раббимиз Исонинг йўлида таълим олган бўлиб, оташин руҳ билан гапирарди. Исо ҳақида тўғри таълим берарди. Сувга чўмдириш ҳақида эса фақатгина Яҳёнинг таълимотини биларди.
26 Аполлос синагогада жасорат билан гапира бошлади. Прискилла билан Акил Аполлоснинг ваъзини эшитганларидан кейин, уни уйига таклиф қилиб, Худонинг йўлини янада аниқроқ тушунтириб бердилар.
27 Аполлос Ахаяга боришга қарор қилди. Эфесдаги имонлилар Ахаядаги шогирдларга, Аполлосни яхши қабул қилсангизлар, деб мактуб ёздилар. Аполлос Ахаяга келгач, Худонинг инояти билан имонга келганларга катта ёрдам берди.
28 Аполлос, Муқаддас битиклар асосида Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, қатъият билан яҳудийларнинг ноҳақлигини очиқчасига фош қиларди.