Ҳаворийлар 13 bob
1 Антиохиядаги имонлилар жамоатида пайғамбарлар ва муаллимлар ҳам бор эди. Барнабо, Қорача лақабли Шимўн, Киринеялик Лукиёс, вилоят ҳукмдори Ҳирод билан бирга ўсган Манахим ва Шоул шулар жумласидан эди.
2 Улар Эгамизга сажда қилиб, рўза тутар эканлар, Муқаддас Руҳ уларга шундай деди: “Барнабо билан Шоулни Менга бағишланглар, токи улар Мен тайинлаган ишни бажарсинлар.”
3 Улар рўза тутиб, ибодат қилдилар, сўнг қўлларини Барнабо билан Шоулга қўйиб, икковини сафарга жўнатдилар.
4 Муқаддас Руҳ буйруғига кўра, Барнабо билан Шоул йўлга тушдилар. Улар Селевкия шаҳрига бориб, у ердан кемада Кипрга сузиб кетдилар.
5 Саламис шаҳрига келганларидан кейин, яҳудийларнинг синагогаларида Худонинг каломини ваъз қилдилар. Юҳанно ҳам улар билан бирга бўлиб, хизматда ёрдам берар эди.
6 Улар бутун оролни у бошидан бу бошигача кезиб чиқиб, Пафос шаҳрига келдилар. У ерда Барёшуа деган сеҳргарга дуч келдилар. У одам яҳудийларнинг сохта пайғамбари эди.
7 Барёшуа оролнинг ҳокими Сергиюс Павлуснинг яқинларидан бири эди. Сергиюс Павлус ақлли одам эди. У Барнабо билан Шоулни ҳузурига чақириб, Худонинг каломини эшитмоқчи бўлди.
8 Аммо сеҳргар Элимос Барнабо билан Шоулга қарши чиқди. (Элимос Барёшуанинг яна бир исми бўлиб, юнончада “сеҳргар” демакдир.) Элимос ҳокимни имондан тойдиришга ҳаракат қилди.
9 Шоул, яъни Павлус, Муқаддас Руҳга тўлиб, сеҳргарга тик боқиб
10 деди: — Эй иблис ўғли! Сен ҳар қандай ҳақиқатнинг душманисан, юрагинг айёрлик ва ярамасликларга тўла. Эгамизнинг тўғри йўлини бузиб кўрсатишни қачон бас қиласан?!
11 Энди эшит: Эгамизнинг қўли сенга қарши кўтарилган, сен маълум бир вақтгача кўр бўлиб қоласан, қуёш нурини кўрмайсан. Шу заҳоти Элимоснинг кўзи олди хиралашиб, қоронғи бўлди. Элимос у ёқ–бу ёқни пайпаслаб, қўлидан етаклаб юрадиган биронтасини излади.
12 Ҳоким юз берган воқеани кўриб, имонга келди, чунки у Раббимиз Исо ҳақидаги таълимотдан ҳайратга тушган эди.
13 Павлус билан унинг ҳамроҳлари Пафос шаҳридан сузиб, Памфилиядаги Перга шаҳрига келдилар. Юҳанно шу ерда уларни тарк этиб, Қуддусга қайтди.
14 Қолганлар эса Пергадан жўнаб, Писидиядаги Антиохия шаҳрига келдилар. Шаббат куни улар синагогага кириб ўтиришди.
15 Таврот ва Пайғамбарлар битикларидан қироат тугагач, синагоганинг йўлбошчилари: “Биродарлар, агар бизга бирор насиҳатингиз бўлса, марҳамат”, деб уларга хабар юбордилар.
16 Павлус ўрнидан туриб, қўли билан “жим” деган ишорани қилди, сўнг сўз бошлади: “Эй Исроил халқи! Худодан қўрқадиган бошқа халқлар, қулоқ солинглар!
17 Мана шу Исроил халқининг Худоси бизнинг ота–боболаримизни танлаб олди. Улар Мисрда мусофир бўлиб яшаган вақт давомида Худо улардан буюк халқ яратди. Буюк қудрати билан уларни Мисрдан олиб чиқди.
18 Қирқ йил давомида Худо уларнинг саҳродаги қилмишларига чидади.
19 У Канъон юртида етти элатни қириб ташлаб, уларнинг юртини Исроил халқига мулк қилиб берди
20 Буларнинг ҳаммаси тахминан 450 йил давом этди. Бундан кейин Худо уларга Шомуил пайғамбар замонигача ҳакамларни берди.
21 Кейин Исроил халқи шоҳ сўраган эди, Худо уларга Киш ўғли Шоулни шоҳ қилиб берди. Шоул Бенямин қабиласидан бўлиб, қирқ йил ҳукмронлик қилди.
22 Худо Шоулни тахтдан туширгандан кейин, Довудни Исроил халқининг шоҳи қилди. Худо у ҳақда шундай деган эди: «Эссай ўғли Довудни Ўзимнинг кўнглимга мос деб топдим. Довуд Менинг ҳамма хоҳишларимни бажо қилади.»
23 Худо берган ваъдасига мувофиқ, Довуд наслидан Исони Исроил халқига нажоткор қилиб юборди.
24 Исо хизматини бошламасдан олдин, Яҳё бутун Исроил халқига, гуноҳларингиздан қайтинглар, сувга чўминглар, деб ваъз қилди.
25 Яҳё хизматини якунлаётиб: «Сизлар мени ким деб биласизлар? Мен ваъда қилинган Зот эмасман. У мендан кейин келади. Мен Унинг чориқларини ечиб қўйишга ҳам арзимайман», деган эди.
26 Эй биродарларим, Иброҳим авлодлари! Эй Худодан қўрқадиган бошқа халқлар! Нажот ҳақидаги бу хабар бизга берилган.
27 Аммо Қуддус аҳолиси ва уларнинг ҳукмдорлари Исонинг кимлигини танимадилар. Гарчи улар ҳар Шаббат куни ўқилаётган пайғамбарларнинг сўзларини эшитсалар–да, пайғамбарлар Исо ҳақида ёзганини улар тушунмадилар. Исони ўлимга маҳкум қилиб, пайғамбарларнинг башоратларини амалга оширдилар.
28 Ўлимга маҳкум қилиш учун улар сабаб топа олмаган бўлсалар ҳам, Пилатдан Уни ўлдиришни талаб қилдилар.
29 У тўғрида ёзилган ҳар бир нарсани амалга оширганларидан кейин, жасадини ёғочдан тушириб, қабрга қўйдилар.
30 Аммо Худо Уни ўликдан тирилтирди.
31 Бир неча кун У Жалиладан Қуддусга Ўзи билан келганларга зоҳир бўлиб турди. Ҳозир улар Исроил халқига гувоҳлик беряптилар.
32 Барнабо билан мен эса бу Хушхабарни сизларга эълон қилмоқдамиз:
33 Худо Исони тирилтирди! Шу орқали ота–боболаримизга берган ваъдасини уларнинг фарзандлари бўлмиш бизлар учун бажарди. Бу ҳақда Забурнинг иккинчи саносида шундай ёзилган: «Сен Менинг Ўғлимсан, Бугун Мен Сенга Ота бўлдим.»
34 Ахир, Худо, Уни ўликдан тирилтираман, Уни қабрда чиритмайман, деб ваъда берган эди. У шундай деган эди: «Довудга ваъда қилган табаррук баракаларни сизларга бераман.»
35 Бошқа бир санода бу янада тўлиқроқ тушунтирилган: «Тақводорингни қабрда чиритмайсан.»
36 Дарвоқе, Довуд ўз вақтида Худонинг мақсади учун хизмат қилган эди. Довуд вафот этгач, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг танаси қабрда чириди.
37 Аммо Худо тирилтирган Исонинг танаси чиримади.
38 Шунинг учун, эй биродарларим, эшитинглар! Гуноҳларимиз Исо орқали кечирилишини биз сизларга эълон қилмоқдамиз.
39 Исога ишонган ҳар бир киши ҳамма гуноҳларидан У орқали оқланади. Мусонинг қонуни орқали эса оқланиб бўлмайди.
40 Эҳтиёт бўлинглар, токи пайғамбарлар айтган қуйидаги сўзлар бошингизга тушмасин:
41 «Қаранглар, эй мазахчилар! Ҳайратда қолиб ўлинглар! Сизнинг даврингизда Мен шундай бир иш қиламанки, Эшитсангиз қулоқларингизга ишонмайсизлар.»”
42 Павлус билан Барнабо синагогадан чиқар эканлар, халқ уларга: “Келгуси Шаббат куни ҳам шу нарсалар тўғрисида гапириб берсангизлар”, деб илтимос қилдилар.
43 Синагогадаги йиғиндан кейин халқ тарқалди. Павлус билан Барнабога кўплаб яҳудийлар ва яҳудий динига кирган* тақводорлар эргашдилар. Павлус билан Барнабо уларга, Худонинг марҳамати остида яшашни давом эттиринглар, деб далда бердилар.
44 Кейинги Шаббат куни ҳам деярли бутун шаҳар Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни эшитиш учун йиғилди.
45 Яҳудийлар шунчалик кўп одамни кўриб, қаттиқ ҳасад қила бошладилар. Павлуснинг айтганларига қарши чиқиб, уни ҳақоратладилар.
46 Шунда Павлус билан Барнабо иккови жасорат билан шундай дедилар: — Худонинг каломини биринчи навбатда сизларга билдиришимиз керак эди. Аммо сизлар Худонинг каломини рад қилдингизлар ва ўзларингизни абадий ҳаётга нолойиқ деб билдингизлар. Шунинг учун биз ғайрияҳудийларнинг олдига кетяпмиз.
47 Эгамиз бизга шундай амр берган эди: “Ернинг четигача нажотни олиб боринглар деб, Мен сизларни ғайрияҳудийларга нур қиламан.”
48 Ғайрияҳудийлар бу гапни эшитиб, хурсанд бўлдилар. Улар Раббимиз Исо ҳақидаги хабарни иззат–ҳурмат билан қабул қилдилар. Абадий ҳаёт учун танланганларнинг ҳаммаси имонга келди.
49 Шундай қилиб, Раббимиз Исо ҳақидаги хабар юрт бўйлаб ёйилиб бораверди.
50 Аммо яҳудийлар шаҳарнинг юқори мартабали, Худодан қўрқадиган аёлларини ва эътиборли эркакларини қайраб, Павлус билан Барнабони таъқиб қилиб, уларни юртдан қувиб чиқаришга ундадилар.
51 Ҳаворийлар эса огоҳлантириш тариқасида оёқларининг чангини қоқиб, Икония шаҳрига кетдилар.
52 Антиохиядаги шогирдлар севинч ва Муқаддас Руҳга тўлиб боравердилар.