Юҳанно 8 bob
1 Исо Зайтун тоғи томон кетди.
2 Саҳарда яна Маъбадга қайтди. Бутун халқ Унинг олдига йиғилиб келди, У эса ўтириб, одамларга таълим бера бошлади.
3 Шу орада Таврот тафсирчилари билан фарзийлар бир аёлни олиб келишди. Улар бу аёлни зино қилаётганда ушлаб олишган эди. Аёлни ҳамманинг олдига турғизиб,
4 шундай дейишди: — Устоз, бу аёл зино қилаётганда ушланди.
5 Мусо қонунда бундай аёлларни тошбўрон қилишни буюрган. Сиз нима дейсиз?
6 Бу савол билан улар Исони тузоққа илинтириб, айблашга асос топмоқчи эдилар. Исо эса энгашиб бармоғи билан ерга ёза бошлади.
7 Улар бу саволни қайта–қайта сўрайверганлари учун, Исо ўрнидан туриб деди: — Сизнинг орангизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин.
8 Сўнг яна энгашиб, ерга ёзишни давом эттирди.
9 Улар бу гапни эшитиб, катталардан бошлаб ҳаммаси бирин–кетин кета бошлашди. Охирида ёлғиз Исо билан Унинг олдида турган аёл қолди.
10 Исо ўрнидан туриб аёлга деди: — Эй аёл, бошқалар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими?
11 — Ҳеч ким, Ҳазрат! — деб жавоб берди аёл. Исо деди: — Мен ҳам сени маҳкум қилмайман. Бор, бундан кейин бошқа гуноҳ қилма.
12 Исо яна халққа гапириб деди: — Мен оламнинг нуриман. Кимки Менга эргашса, ҳеч қачон зулматда юрмайди, балки ҳаёт нурига эга бўлади.
13 Фарзийлар Исонинг бу гапига эътироз билдирдилар: — Сиз Ўзингизга Ўзингиз гувоҳлик беряпсиз. Бу гувоҳлигингиз ҳаққоний эмас.
14 Исо шундай жавоб берди: — Мен Ўзимга Ўзим гувоҳлик берсам ҳам, гувоҳлигим ҳаққонийдир. Чунки Мен қаердан келиб, қаерга кетаётганимни биламан. Сизлар эса Менинг қаердан келиб, қаерга кетаётганимни билмайсизлар.
15 Сизлар инсоний ўлчов билан ҳукм қиласизлар. Мен эса ҳеч кимни ҳукм қилмайман.
16 Борди–ю, Мен ҳукм қилсам ҳам, ҳукмим ҳаққонийдир. Чунки Мен Ўзим эмас, балки Мени юборган осмондаги Отам билан бирга ҳукм қиламан.
17 Ўзларингизнинг Тавротингизда: “Икки гувоҳнинг шаҳодати ҳаққонийдир”, деб ёзилган–ку.
18 Шундай экан, битта гувоҳ Менман, иккинчиси Мени юборган Отадир.
19 Шунда улар Исодан: — Отангиз қаерда? — деб сўрадилар. У бунга жавобан деди: — Сизлар Мени ҳам, Отамни ҳам танимайсизлар. Агар Мени таниганингизда эди, Отамни ҳам таниган бўлар эдингизлар.
20 Бу сўзларни Исо Маъбадда таълим бераётиб, хайр–эҳсон қутисининг олдида айтди. Ҳеч ким Уни қўлга олмади, чунки Унинг вақт–соати ҳали келмаган эди.
21 Исо уларга яна деди: — Мен кетяпман. Сизлар Мени қидирасизлар ва гуноҳкор бўлиб ўласизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар.
22 — Наҳотки У Ўзини Ўзи ўлдирса? “Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”, деб айтяпти–ку, — дейишди ўзаро яҳудийлар.
23 Исо уларга шундай деди: — Сизлар бу дунёдансизлар, Мен эса юқориданман. Сизлар бу оламга мансубсизлар, Мен эса бу оламдан эмасман.
24 Шунинг учун сизларга: “Гуноҳкор бўлиб ўласизлар”, деб айтдим. Ҳа, агар Ўша Мен эканлигимга ишонмасангизлар, гуноҳкор бўлиб ўласизлар.
25 — Сиз кимсиз? — деб сўрашди Исодан. Исо шундай деди: — Кимлигимни сизларга бошидан айтиб келяпман–ку!
26 Сизларни айблаб айтадиган гапим жуда кўп. Лекин Мени Юборган ҳақдир, Мен Ундан нима эшитган бўлсам, ўшани дунёга маълум қиламан.
27 Улар эса Исо самовий Отаси ҳақида гапираётганини тушунмадилар.
28 Исо сўзида давом этди: — Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда, Ўша Мен эканлигимни билиб оласизлар. Ўшанда Мен Ўзимча ҳеч нарса қилмаганимни, фақат Отам ўргатган нарсаларни айтганимни тушуниб оласизлар.
29 Мени Юборган доимо Мен билан биргадир. У Мени ёлғиз ташлаб кетмаган. Зеро, Мен ҳар доим Унга маъқул бўлган ишларни қиламан.
30 Исонинг айтган гапларини эшитган кўп одамлар Унга имон келтирдилар.
31 Шу вақт Исо Унга ишонган яҳудийларга деди: — Агар Менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, ҳақиқий шогирдларим бўласизлар.
32 Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар, ҳақиқат эса сизларни озод қилади.
33 Улар шундай деб жавоб беришди: — Биз Иброҳим наслимиз. Ҳеч қачон ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Қандай қилиб Сиз, “Озод бўласизлар”, деб айтяпсиз?
34 Исо деди: — Сизларга чинини айтайин: гуноҳ қилувчи ҳар бир киши гуноҳнинг қулидир.
35 Қул ҳеч қачон хонадон аъзоси бўла олмайди, ўғил эса абадулабад ўз хонадонининг аъзосидир.
36 Шундай экан, агар Ўғил сизларни озод қилса, ҳақиқатан озод бўласизлар.
37 Иброҳим насли эканлигингизни биламан. Бироқ Менинг жонимга қасд қилмоқчисизлар. Чунки Менинг сўзим қалбингиздан жой топмаган.
38 Мен Отанинг ҳузурида нима кўрган бўлсам, ўшани сизларга айтяпман. Сизлар эса ўз отангиздан ўрганганингизни қиляпсизлар.
39 Улар Исога шундай жавоб бердилар: — Бизнинг отамиз Иброҳимдир. Исо шундай деди: — Агар Иброҳимнинг фарзандлари бўлганингизда эди, Иброҳимнинг қилган ишларини қилган бўлар эдингизлар.
40 Мен сизларга Худодан эшитган ҳақиқатни сўзлаб бердим, холос. Шундай бўлса–да, сизлар Мени ўлдирмоқчисизлар. Иброҳим бундай иш қилмаган.
41 Сизлар Иброҳимнинг эмас, ўз отангизнинг ишларини қиляпсизлар. — Ие, биз зинодан туғилмаганмиз. Бизнинг биттаю битта Отамиз — Худонинг Ўзи–ку! — деб жавоб беришди Исога.
42 Исо уларга шундай деди: — Агар Отангиз Худо бўлганда эди, Мени яхши кўрган бўлар эдингиз, чунки Мен Худодан келиб, энди шу ерда турибман. Мен Ўзимча келганим йўқ, Мени У юборди.
43 Нега айтганларимни англамаяпсизлар?! Бунга сабаб — сўзларимни ҳазм қила олмаганингиз.
44 Сизларнинг отангиз Худо эмас, иблисдир. Сизлар ўз отангизнинг нафсу эҳтиросларини бажо қилишни хоҳлайсизлар. Азалданоқ иблис қотил эди. У ҳеч қачон ҳақиқат тарафдори бўлмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ. У ёлғон сўзлаганда, ўзига хос сўзлайди. Чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир.
45 Аммо Мен ҳақиқатни гапирганим учун Менга ишонмаяпсизлар.
46 Қайси бирингиз Мени бирон гуноҳда айблай оласиз? Агарда ҳақиқатни гапираётган бўлсам, нега Менга ишонмаяпсизлар?
47 Ким Худога тегишли бўлса, Худонинг сўзларига қулоқ солади. Сизлар эса Худога бегона бўлганингиз учун қулоқ солмаяпсизлар.
48 Бунга жавобан яҳудийлар шундай дедилар: — Сиз Самарияликсиз–ку, Сизни жин урибди, деб тўғри айтган эканмиз!
49 Исо деди: — Мени жин ургани йўқ. Мен осмондаги Отамни ҳурмат қиламан. Сизлар эса Мени беобрў қиляпсизлар.
50 Мен Ўзимга обрў орттирмоқчи эмасман. Лекин обрўйимни кўтарадиган бор, Унинг Ўзи ҳукм қилади.
51 Сизларга чинини айтайин: ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлим кўрмайди.
52 Шунда яҳудийлар дедилар: — Сизни жин урганини энди аниқ билиб олдик! Иброҳим ўлди, пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган. Сиз эса: “Ким Менинг сўзимга риоя қилса, ҳеч қачон ўлмайди”, деяпсиз–а?!
53 Наҳотки Сиз вафот этган отамиз Иброҳимдан ҳам устун бўлсангиз?! Пайғамбарлар ҳам ўлиб кетишган–ку! Сиз Ўзингизни ким деб ҳисоблайсиз ўзи?!
54 Исо шундай жавоб берди: — Агар Мен Ўзимни Ўзим мақтасам, мақтовларим беҳудадир. Отамнинг Ўзи Мени мақтайди. Сизлар Уни Худойимиз деб атайсизлар,
55 аслида эса Уни танимайсизлар. Мен эса Уни биламан. Агар, Уни билмайман, десам, сизларга ўхшаган ёлғончи бўламан. Мен Уни биламан ва Унинг сўзига риоя қиламан.
56 Отангиз Иброҳим келган кунимни кутиб, хурсанд бўлган эди. Ўша кунни кўриб, қаттиқ қувонди.
57 — Сиз ҳали эллик ёшга тўлмаган бўлсангиз, қандай қилиб Иброҳимни кўргансиз?! — дейишди яҳудийлар Унга.
58 Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизларга чинини айтайин: Иброҳим туғилмасдан олдин Мен бор бўлганман.
59 Шунда Исони тошбўрон қилмоқчи бўлдилар. Исо эса яширинча Маъбаддан чиқиб кетди.