Юҳанно 20 bob
1 Якшанба куни эрта саҳарда, кун ёришмасдан, Магдалалик Марям қабрнинг олдига келиб, қабр оғзидаги тошнинг ағдарилганини кўрди.
2 Сўнг у югуриб, Бутрус ва Исонинг севикли шогирди олдига бориб деди: — Ҳазратимизнинг жасадини қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз.
3 Бутрус ва бошқа шогирд қабр томон жўнашди.
4 Иккови бирга югуриб кетишди. Аммо у шогирд Бутрусдан тезроқ югуриб, қабрга биринчи бўлиб етиб келди.
5 У энгашиб ичкарига қаради–да, у ерда ётган кафанни кўрди. Лекин қабрга кирмади.
6 Унинг орқасидан Бутрус етиб келиб, қабрга кирди. У ерда ётган кафанни
7 ва Исонинг бошига ўралган рўмолни кўрди. Аммо рўмол кафан билан бирга эмас, алоҳида жойга йиғиштириб қўйилган эди.
8 Шунда аввал келган шогирд ҳам қабрга кирди. Кўргандан кейингина ишонч ҳосил қилди.
9 Чунки улар Муқаддас битиклардаги, Исо ўликдан тирилиши керак деган сўзларни шу пайтгача тушунмаган эдилар.
10 Шундан сўнг шогирдлар яна ўз уйларига қайтиб кетдилар.
11 Марям эса қабрнинг ташқарисида турганича, йиғлар эди. Йиғлаётиб, бир эгилиб қабр ичига қаради.
12 Шунда оқ кийим кийган икки фариштани кўриб қолди. Бири Исонинг жасади ётган жойнинг бош томонида, иккинчиси эса оёқ томонида ўтирган эди.
13 Улар Марямга: — Эй аёл, нега йиғлаяпсан? — дейишди. — Ҳазратимнинг жасадини олиб кетишибди, Уни қаерга қўйишганини билмайман, — деди у.
14 Шундай деди–ю, орқасига бурилиб, у ерда турган Исони кўрди. Лекин Унинг Исо эканлигини билмади.
15 Эй аёл, нега йиғлаяпсан? Кимни қидиряпсан? — деб сўради ундан Исо. Марям Уни боғбон деб ўйлади. Унга шундай деди: — Тақсир, агар Уни сиз олиб кетган бўлсангиз, қаерга қўйганингизни менга айтинг, мен бориб Уни олай.
16 Исо унга: — Марям! — деди. Марям Исога қайрилиб қаради–да, орамийчалаб: — Раввуний! — деди. (Раввуний “устозим” демакдир.)
17 — Мени ушлаб турма! — деди Исо Марямга. — Мен самовий Отанинг олдига чиқиб кетяпман. Сен бориб биродарларимга гапларимни етказ: “Мен Отамнинг олдига чиқиб кетяпман. У сизларнинг ҳам Отангиздир. У Менинг Худойим ва сизларнинг Худойингиздир.”
18 Шунда Магдалалик Марям шогирдларнинг олдига бориб: — Мен Раббимиз Исони кўрдим! — деди. Сўнг Исонинг унга айтган гапларини уларга етказди.
19 Ўша якшанба куни оқшомда шогирдлар тўпланган эдилар. Улар яҳудийлардан қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб олган эдилар. Шу пайт Исо келди, ўрталарида туриб шогирдларига: — Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.
20 Сўнг уларга қўлларини ва биқинини кўрсатди. Шогирдлар Раббимиз Исони кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар.
21 Исо яна уларга деди: — Сизларга тинчлик бўлсин! Осмондаги Отам Мени дунёга юборгани сингари, Мен ҳам сизларни дунёга юборяпман.
22 Шундай деб, уларнинг устига пуфлади–да: — Муқаддас Руҳни қабул қилинглар, — деди.
23 — Сизлар кимнинг гуноҳларини кечирсангизлар, у кечирилади. Кимнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, у кечиримсиз қолаверади.
24 Исо келганда ўн икки шогирддан бири Тўма, яъни Дидимус* шогирдлар орасида йўқ эди.
25 Бошқа шогирдлар унга: — Биз Раббимиз Исони кўрдик, — дейишди. Тўма уларга шундай деди: — Унинг қўлларидаги мих чандиқларини ўзим кўрмагунимча, мих чандиқларига бармоғимни теккизмагунимча, биқинига қўлим билан тегиб кўрмагунимча ишонмайман.
26 Кейинги якшанба куни Исонинг шогирдлари яна уйда тўпланган эдилар. Бу сафар Тўма ҳам улар билан бирга эди. Уйнинг эшиклари қулф эди. Шунга қарамай Исо кирди, ўрталарида туриб: — Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.
27 Кейин Тўмага қараб: — Бармоғингни бу ёққа теккиз! Қўлларимни кўр. Қўлингни узатиб, биқинимга тегиб кўр. Иккиланишни бас қил, ишон! — деди.
28 Тўма Исога: — Ё Раббим, Худойим! — деди.
29 Исо унга шундай деди: — Сен Мени кўрганинг учун ишондинг. Мени кўрмай ишонганлар нақадар бахтлидир!
30 Исонинг бу китоб таркибига киритилмаган яна кўп мўъжизали аломатларига шогирдлар гувоҳ бўлганлар.
31 Китобга киритилган мўъжизалар эса сизлар учун ёзилган. Токи сизлар Исонинг Масиҳ, Худонинг Ўғли эканлигига ишониб, бу имонингиз туфайли ҳаётга эга бўлинглар.