Луқо 20 bob
1 Бир куни Исо Маъбадда халққа таълим бериб, Хушхабар айтаётган эди. Шу пайт бош руҳонийлар, Таврот тафсирчилари ва йўлбошчилар келиб қолдилар.
2 Улар Исодан сўрадилар: — Бизларга айтинг–чи, Сиз бу ишларни қандай ҳокимият билан қиляпсиз? Бу ҳокимиятни Сизга ким берган?
3 Исо уларга шундай жавоб берди: — Мен ҳам сизларга бир савол берайин, Менга айтинглар:
4 Яҳё халқни сувга чўмдириш ҳуқуқини Худодан олганмиди ёки инсонданми?
5 Улар эса ўзаро мулоҳаза юритдилар: — Агар: “Худодан”, — десак, У: “Нега Яҳёга ишонмадингизлар?” — дейди.
6 Агар: “Инсондан”, — десак, бутун халқ бизни тошбўрон қилади, чунки халқ Яҳёнинг пайғамбарлигига қатъий ишонади.
7 Шундай қилиб, улар: — Қаерданлигини билмаймиз, — деб жавоб бердилар.
8 Исо уларга деди: — Ундай бўлса, Мен ҳам бу ишларни қайси ҳокимият билан қилаётганимни сизларга айтмайман.
9 Исо халққа қуйидаги масални айтди: “Бир одам узумзор барпо қилибди. Узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи узоқ вақтга сафарга кетибди.
10 Йиғим–терим мавсумида, узумзор ҳосилидан тегишли улушини олиш учун ўша одам хизматкорини боғбонлар олдига юборибди. Аммо боғбонлар хизматкорни калтаклаб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.
11 Кейин узумзор эгаси яна бошқа бир хизматкорини юборибди. Боғбонлар бу хизматкорни ҳам уриб, шарманда қилиб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.
12 Яна учинчисини юборибди, уни ҳам ярадор қилиб, қувиб чиқаришибди.
13 Кейин узумзор эгаси ўйлабди: «Энди нима қилсам экан? Энди суюкли ўғлимни юбораман. Балки боғбонлар уни ҳурмат қилишар.»
14 Аммо боғбонлар унинг ўғлини кўришлари билан ўзаро муҳокамага тушиб: — Бу меросхўр–ку! Уни ўлдирайлик, шунда мероси бизга қолади, — дейишибди–да,
15 ўғлини узумзордан ташқарига чиқариб, ўлдиришибди. Хўш, сизнингча, энди узумзор эгаси уларни нима қилар экан?
16 У келиб боғбонларни ўлдиради, узумзорини эса бошқаларга ижарага беради.” Буни эшитганлар: — Худо кўрсатмасин! — деб юборишди.
17 Исо эса уларга тикилиб, шундай деди: — Ундай бўлса, Муқаддас битиклардаги: “Бинокорлар рад этган тош Бинонинг тамал тоши бўлди”, деган сўзларнинг маъноси нима?
18 Кимки бу тамал тошига йиқилса, парча–парча бўлади. Тош кимнинг устига тушса, уни эзиб юборади.
19 Исо айтган бу масал тафсирчилар билан бош руҳонийларга қарши айтилган эди. Улар буни англаб етдилар ва шу заҳоти Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо халқдан қўрқдилар.
20 Тафсирчилар билан бош руҳонийлар Исони кузатиб юрдилар. Унинг ортидан ўзларини самимий кўрсатадиган одамларни қўйдилар. Улар эса Исони тилидан илинтириб, ҳокимнинг қўлига ва ҳукмига бермоқчи эдилар.
21 Шунинг учун улар Исога дедилар: — Устоз, Сиз айтаётган сўзларингиз ва ўргатаётган таълимотингиз тўғри эканини биламиз. Сиз ҳеч кимга юз–хотир қилмай Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз.
22 Айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми?
23 Исо уларнинг маккорлигини англаб, деди:
24 — Қани, Менга бир динор кўрсатинглар! Бу тангадаги сурат ва ёзув кимники? — Қайсарники, — деб жавоб берди улар.
25 Исо: — Ундай бўлса, Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди.
26 Улар халқнинг кўз ўнгида Исони тилидан илинтира олмадилар. Исонинг жавобидан лол қолиб, жим бўлдилар.
27 Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари Исонинг олдига келиб, халқ олдида Унга шундай савол бердилар:
28 — Устоз! Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган: агар бировнинг акаси фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин. Туғилган бола марҳум акасиники ҳисобланади.
29 Хўш, етти ака–ука бўлган экан. Биринчиси уйланибди, аммо фарзанд кўрмай оламдан ўтибди.
30 Сўнг иккинчиси ўша хотинни олиб, бола кўрмай ўлибди.
31 Учинчиси ҳам худди шу кўйга тушибди. Хуллас, еттала ака–уканинг ҳаммаси ўша хотинга уйланиб, фарзандсиз ўтиб кетибди.
32 Охирида хотин ҳам қазо қилибди.
33 Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда ўша аёл қайси бирининг хотини ҳисобланади? Еттови ҳам унга уйланган эдилар–ку!
34 Исо уларга шундай жавоб берди: — Бу дунёда одамлар уйланадилар ва эрга тегадилар.
35 Аммо ўликдан тирилишга ва келажакдаги дунёда яшашга сазовор бўлганлар у дунёда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар.
36 Улар бамисоли фаришталардай бўлганлари учун ҳеч қачон ўлмайдилар. Улар Худонинг фарзандларидир, чунки тирилгандирлар.
37 Ҳатто Мусонинг ўзи ҳам ўликларнинг тирилишини таъкидлаб, ёнаётган бута тўғрисидаги воқеада Эгамизни “Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси” деб атаган.
38 Зотан, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Худо учун ҳамма тирикдир.
39 Тафсирчиларнинг баъзилари Исога яна савол беришга журъат этмаганлари учун:
40 — Устоз, яхши гапирдингиз, — дедилар. Исо тафсирчиларга деди:
41 — Нега Масиҳни Довуднинг Ўғли дейдилар?
42 Мана, Довуднинг ўзи Забур китобида шундай деган:
43 “Эгамиз айтмоқда Раббимга: Душманларингни оёқларинг остига пойандоз қилмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда* ўтиргин.”
44 Демак, Довуд Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?!
45 Бутун халқ Исони тинглаб турар экан, У шогирдларига деди:
46 — Таврот тафсирчиларидан эҳтиёт бўлинглар! Улар узун кийимлар кийишни, бозорларда юрганларида уларга салом беришларини яхши кўрадилар. Синагогаларда яхши жойларда ўтиришни, зиёфатларда тўрда ўтиришни ёқтирадилар.
47 Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар.