Марк 6 bob
1 Исо у ердан жўнаб, она шаҳрига борди. Шогирдлари ҳам Унинг ортидан эргашдилар.
2 Шаббат куни Исо синагогада таълим берди. Уни тинглаётганларнинг кўпчилиги ҳайратга тушиб: — Бу Одам шунча нарсани қаердан ўрганди экан–а? — деб сўрардилар. — Унга бундай доноликни ким берди? У бундай мўъжизаларни қандай қиляпти?
3 Ие, У Марямнинг дурадгор ўғли–ку! Ёқуб, Юсуф, Яҳудо ва Шимўннинг акаси эмасми бу?! Унинг сингиллари ҳам орамизда яшайди–ку! Одамлар Исодан қаттиқ хафа бўлдилар.
4 Исо уларга шундай деди: — Пайғамбар она шаҳридан, ўз қариндош–уруғлари ва уйидан бошқа ҳамма ерда иззатланади.
5 Исо у ерда ҳеч қандай мўъжиза кўрсата олмади. Фақатгина бирмунча беморларга қўл теккизиб, уларни соғайтирди.
6 Исо одамларнинг ишончсизлигига ҳайрон қолди. Шундан сўнг Исо атрофдаги қишлоқларда кезиб юриб, таълим берарди.
7 Ўн икки ҳаворийни ёнига чақириб, иккита–иккитадан қилиб жўната бошлади. Уларга ёвуз руҳлар устидан ҳокимият берди.
8 Уларга буюриб деди: “Йўл учун ёлғиз ҳассадан бошқа ҳеч нарса — нон ҳам, тўрва ҳам, белбоғларингизга мис чақа ҳам қистириб олманглар,
9 оёғингизга чориқ кийиб, устингизга қўшимча кийим олманглар.”
10 Исо яна деди: “Бирор ерга бориб, биронта уйга кирганингизда, то ўша жойни тарк этгунингизгача, шу уйда туринглар. Исо яна деди: “Бирор ерга бориб, биронта уйга кирганингизда, то ўша жойни тарк этгунингизгача, шу уйда туринглар.
11 Агар бирор жойнинг одамлари сизни қабул қилмаса ва сизга қулоқ солмаса, у ердан чиқиб кетаётганингизда уларни огоҳлантириш тариқасида оёқларингизнинг чангини қоқиб кетинглар.”
12 Шундай қилиб, ҳаворийлар йўл юриб, тавба қилинглар, деб ҳаммани даъват қилишди.
13 Улар кўп жинларни қувиб чиқаришди ва кўп хасталарга зайтун мойи суртиб уларни соғайтиришди.
14 Исонинг номи эл оғзига тушиб қолган эди. Шоҳ Ҳироднинг қулоғига ҳам миш–мишлар етиб борди. Баъзи одамлар: “Яҳё чўмдирувчи тирилиб келибди. Шунинг учун У мўъжизалар кўрсатиш қудратига эга”, дейишарди.
15 Бошқалар эса: “Бу Илёс”, деб айтишарди. Яна бошқа бировлари: “Қадимги пайғамбарларга ўхшаган бир пайғамбар бу”, деб айтардилар.
16 Ҳирод буларни эшитиб: “Мен бошини олдирган Яҳё тирилиб келибди”, деди.
17 Ҳирод ўз укаси Филипнинг хотини Ҳиродияга уйланган эди.
18 Яҳё эса Ҳиродга: “Сиз укангизнинг хотинига уйлана олмайсиз, бу қонунга зид”, деб айтар эди. Шунинг учун Ҳирод Яҳёни қўлга олиб, зиндонга қаматиб қўйган эди.
19 Ҳиродиянинг ҳам Яҳёда қасди бор эди. У Яҳёни ўлдирмоқчи бўларди, аммо бу ниятига ета олмаётган эди.
20 Негаки Ҳирод Яҳёнинг солиҳ ва муқаддас киши эканини билиб, ундан қўрқар ва уни ҳимоя қилар эди. Унинг сўзлари Ҳиродни гангитиб қўярди, шунга қарамай, Ҳирод уни эшитишни хуш кўрарди.
21 Бир куни қулай фурсат туғилиб қолди. Ҳирод ўзининг туғилган куни муносабати билан амалдорларига, лашкарбошиларига ва Жалила ҳудудининг йўлбошчиларига зиёфат берди.
22 Ҳиродиянинг қизи кириб, рақс тушди ва Ҳирод билан улфатларининг кўнглини топди. Шоҳ қизга: — Тила тилагингни, тилаган нарсангни бераман, — деди.
23 Унга ҳатто қасам ичиб: — Мендан нима сўрасанг, бераман, шоҳлигимнинг ярмигача бўлса ҳам, бераман, — деди.
24 Қиз ташқарига чиқиб онасига: — Нима сўрай? — деди. — Яҳё чўмдирувчининг бошини сўра! — деди онаси.
25 Қиз шу онда шоҳ ҳузурига югуриб бориб: — Менга ҳозироқ Яҳё чўмдирувчининг бошини лаганда келтириб беришингизни сўрайман, — деди.
26 Шоҳ жуда хафа бўлди. Аммо меҳмонлари олдида қасам ичгани учун қизнинг илтимосини рад этишни истамади.
27 У ўша заҳоти жаллодни юбориб, Яҳёнинг бошини келтиришни буюрди.
28 Жаллод зиндонга бориб, Яҳёнинг бошини танидан жудо қилди. Кейин унинг бошини лаганда келтириб, қизга берди. Қиз эса онасига берди.
29 Яҳёнинг шогирдлари юз берган ҳодисани эшитиб, унинг жасадини олгани боришди ва уни дафн этишди.
30 Ҳаворийлар Исонинг олдига йиғилиб, қилган ҳамма ишларини, халққа нималар ўргатишганини айтиб бердилар.
31 Исо уларга: — Келинглар, ёлғиз ўзимиз кимсасиз жойга борайлик, бир оз дам олинглар, — деди. Чунки келиб–кетувчилар кўплигидан уларнинг овқат ейишга ҳам вақти йўқ эди.
32 Исо билан шогирдлари қайиққа тушиб, ёлғиз ўзлари кимсасиз жойга жўнаб кетишди.
33 Лекин кўпчилик уларнинг қаерга кетаётганини билиб қолдилар. Шунда атрофдаги ҳамма шаҳарлардан одамлар пиёда йўлга тушишди, Исо билан шогирдлари бораётган жойга югуриб, улардан олдин етиб боришди.
34 Исо қайиқдан тушганда, катта бир оломонни кўрди. Уларга ачиниб кетди, чунки улар чўпонсиз қўйларга ўхшарди. Исо уларга кўп нарсалар ҳақида таълим берди.
35 Кеч кирганда, шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар: — Бу жой кимсасиз экан, бунинг устига, жуда кеч бўлиб қолди.
36 Халқни жўнатиб юборинг, токи улар атрофдаги қишлоқ ва овулларга бориб, ўзларига егулик сотиб олишсин.
37 — Сизлар уларга овқат беринглар! — деди Исо. — Наҳотки биз икки юз кумуш тангага нон сотиб олиб келиб, халққа едирсак? — деб сўрашди Ундан.
38 Исо деди: — Қанча нонларингиз бор? Бориб кўринглар. Улар билиб келиб: — Бешта нон, иккита балиқ бор экан, — дейишди.
39 Исо халойиқни гуруҳ–гуруҳ қилиб, яшил ўт устига ўтқазишни шогирдларига буюрди.
40 Халқ юзтадан ва элликтадан гуруҳ–гуруҳ бўлиб ўтирди.
41 Исо бешта нон билан иккита балиқни олди ва осмонга қараб, шукрона дуосини ўқиди. Нонларни синдириб, халойиққа тарқатиш учун шогирдларига берди. Иккита балиқни ҳам ҳаммага тақсимлаб берди.
42 Ҳамма еб тўйди.
43 Сўнг ортиб қолган нон бурдаларини ва балиқларни йиғиб олишган эди, тўла ўн икки сават чиқди.
44 Нон еганлар орасида беш минг эркак бор эди.
45 Исо вақт ўтказмай, шогирдларини қайиққа тушириб, кўлнинг нариги томонидаги Байтсайда шаҳрига кетишга мажбур қилди. Оломонни эса уйларига қайтариб жўнатиб юборди.
46 Одамлар билан хайрлашгандан кейин, ибодат қилиш учун тепаликка чиқди.
47 Оқшом тушди. Қайиқ кўлнинг ўртасида, Исо эса ёлғиз Ўзи қуруқликда қолган эди.
48 Шогирдлар эшкак эшишга қийналаётган эдилар, чунки шамол қайиққа қарши эсар эди. Исо буни кўриб, эрта саҳарда кўл устида юрганича шогирдлари томон борди–да, уларнинг олдидан ўтиб кетмоқчи бўлди.
49 Шогирдлар эса кўл юзида юрган Исони кўриб, арвоҳ деб ўйлаб, бақириб юборишди.
50 Чунки ҳаммалари Уни кўриб, ваҳимага тушиб қолган эдилар. Лекин Исо ўша заҳоти уларга: — Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман! — деди.
51 Сўнг Исо шогирдлари ёнига — қайиққа ўтгач, шамол тиниб қолди. Шогирдлар тамомила ҳайратга тушдилар,
52 чунки улар нон тўғрисидаги мўъжизани ҳам тушунмаган эдилар, уларнинг имони суст эди.
53 Улар кўлдан сузиб ўтиб, Генисарет ўлкасига келдилар. Ўша ерда қайиқни боғладилар.
54 Қайиқдан чиқишлари биланоқ халқ Исони таниб қолди.
55 Одамлар бутун юртни югуриб айланиб чиқдилар, хасталарни тўшакларда Исонинг олдига олиб бордилар. Улар ҳар сафар Исонинг қаердалигини эшитишса хасталарни ўша ерга олиб боришарди.
56 Исо қаерга бормасин — қишлоқларгами, шаҳарларгами, овулларгами — одамлар хасталарни очиқ майдонларга ётқизиб қўйишарди. Хасталар Исодан: “Ҳеч бўлмаса кийимингизнинг этагига қўл теккизайлик”, деб илтимос қилишарди. Унга қўл теккизганларнинг ҳаммаси шифо топарди.