Марк 4 bob
1 Исо яна кўл бўйида таълим берди. Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У кўлдаги қайиққа тушиб ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди.
2 Исо масал орқали халққа таълим бериб, шундай деди:
3 “Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди.
4 Уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди.
5 Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ кам бўлгани учун уруғлар тез кўкариб чиқибди.
6 Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди.
7 Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди, уруғлар ҳосил бермабди.
8 Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди ва униб–ўсиб, ўттиз, олтмиш, ҳаттоки юз баробар кўп ҳосил берибди.”
9 Кейин Исо яна деди: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”
10 Исо ўн икки шогирди ва бошқа баъзи одамлар билан ёлғиз қолганда, улар Исодан бояги масални тушунтириб беришини сўрадилар.
11 Исо уларга деди: “Худо Шоҳлигининг сирини билиш сизларга берилган. Ташқаридагиларга эса ҳамма нарсани масаллар билан гапираман,
12 токи: «Улар қараб туриб, англамасинлар, Тинглаб туриб, тушунмасинлар. Акс ҳолда, Худога қайтадилар, Гуноҳларидан фориғ бўладилар.»”
13 Исо уларга деди: “Агар бу масални тушунмаган бўлсангиз, бошқа масалларни қандай тушунасиз?!
14 Уруғ сепувчининг сепгани — Худонинг каломидир.
15 Баъзи одамлар сўқмоқ йўл устига тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитадилар, аммо ўша заҳоти шайтон келиб, уларнинг ичига экилган каломни олиб кетади.
16 Бошқа одамлар тошлоқ ерга тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитганда, уни дарров севинч билан қабул қиладилар.
17 Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоққа чидамайдилар. Калом туфайли қайғу ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар.
18 Бошқа бирлари тиканлар орасига тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар Худонинг каломини эшитадилар,
19 лекин дунёнинг ташвишлари, бойликка ўчлик ва бошқа ҳаваслар уларнинг юракларига кириб, каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади.
20 Бошқа бирлари эса яхши тупроққа тушган уруғларга ўхшайдилар. Улар каломни эшитиб, қабул қиладилар ва ўттиз, олтмиш, ҳатто юз баробар ҳосил берадилар.”
21 Исо уларга яна деди: “Чироқни олиб келиб, идишнинг ёки чорпоянинг тагига қўядими?! Аксинча, чироқпояга қўяди.
22 Шу сингари, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади.
23 Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!”
24 Кейин уларга яна деди: “Эшитаётганларингизни қулоғингизга қуйиб олинг! Сиз қандай ўлчов билан ўлчасангиз, худди шундай ўлчов билан сизга ҳам ўлчаб берилади. Сизга яна қўшиб берилади.
25 Кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бори ҳам ундан тортиб олинади.”
26 Исо яна шундай деди: “Худонинг Шоҳлигини шунга қиёсласа бўлади: деҳқон даласига уруғ экади.
27 Кечаси бўлдими, ухлайди, кундузи бўлдими, туради. Аммо уруғ қандай униб чиқиб, ўсишини у билмайди.
28 Ер ўз–ўзидан аввал пояни, сўнгра бошоқни, ундан кейин бошоқдаги тўлиқ донни етиштиради.
29 Ҳосил пишгач, йиғим–терим вақти келди, деб ўша одам дарҳол ўроқни ишга солади.”
30 Исо яна деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсак бўлади?! Уни қандай масал билан ифодаласак бўлади?!
31 Худонинг Шоҳлиги хантал уруғига ўхшайди: у ерга сепиладиган уруғларнинг энг майдасидир.
32 Лекин сепилгандан кейин кўкаради ва барча кўкатлардан баланд бўлиб ўсади. Катта шохлар чиқаради, осмондаги қушлар ҳам унинг паноҳида уя қуради.”
33 Шундай қилиб, Исо халқнинг эшитиш имкониятига қараб, бу сингари, кўпгина масаллар орқали Худонинг сўзини ўргатарди.
34 Уларга масалсиз гапирмас эди. Шогирдлари билан ёлғиз қолганда эса, уларга ҳаммасини тушунтирар эди.
35 Ўша куни кечқурун Исо шогирдларига: — Кўлнинг нариги томонига ўтайлик, — деди.
36 Улар оломонни қолдириб, Исони ўтирган қайиғида олиб кетдилар. Исонинг кетидан бошқа қайиқлар ҳам сузиб кетди.
37 Шу орада кўлда кучли бўрон кўтарилди. Тўлқинлар қайиқни тебратиб юборди, қайиқ сувга тўла бошлади.
38 Исо эса қайиқнинг қуйруқ томонида ёстиққа бош қўйиб, ухлаб ётган эди. Шогирдлар Исони уйғотиб: — Устоз! Ҳалок бўляпмиз! Наҳотки Сизга барибир бўлса?! — дейишди.
39 Шунда Исо туриб, шамолга: “Жим бўл!” ва кўлга: “Бас қил!” деб буюрди. Шу онда шамол тинди, чуқур сукунат бўлди.
40 Исо шогирдларига: — Нега қўрқасизлар? Нега ҳалигача ишончингиз йўқ? — деди.
41 Улар эса ваҳимага тушиб, бир–бирига шундай дейишди: — Бу Ким бўлди экан–а? Шамол ҳам, кўл ҳам Унга бўйсунади–я!