Марк 12 bob
1 Исо халққа масаллар орқали сўзлай бошлади: “Бир одам узумзор барпо қилибди. Атроф–теварагини девор билан ўраб, узум сиқиш чуқурини қазибди, кузатув минорасини қурибди. Кейин узумзорни боғбонларга ижарага бериб, ўзи сафарга кетибди.
2 Йиғим–терим мавсумида, узумзор ҳосилидан тегишли улушини олиш учун ўша одам хизматкорини боғбонлар олдига юборибди.
3 Боғбонлар эса уни тутиб олишибди, калтаклаб, қуп–қуруқ қайтариб юборишибди.
4 Узумзор эгаси яна бошқа бир хизматкорини уларнинг олдига юборибди. Улар бунисини ҳам бошига уриб, ҳақорат қилибдилар.
5 Яна бошқасини йўллабди, унисини эса ўлдиришибди. У яна хизматкорларини юбораверибди, аммо боғбонлар уларнинг баъзиларини уриб, баъзиларини ўлдиришибди.
6 Узумзор эгасининг энди биргина одами қолибди, у ҳам бўлса, севикли ўғли экан. У: «Ўғлимни ҳурмат этарлар» деб, боғбонлар олдига уни юборибди.
7 Лекин улар бир–бирига: — Бу меросхўр–ку! Уни ўлдирайлик, шунда мероси бизга қолади, — дейишибди.
8 Ўғлини ушлаб, ўлдириб, жасадини узумзордан чиқариб ташлашибди.
9 Хўш, сизнингча, энди узумзор эгаси нима қилар экан? У келиб боғбонларни ўлдиради, узумзорни эса бошқаларга ижарага беради.
10 Наҳотки сизлар Муқаддас битиклардаги ушбу сўзларни ҳеч ўқимаган бўлсангиз:
11 Бу Эгамизнинг қилган ишидир, Кўз олдимиздаги ажойиботдир.»”
12 Исо айтган бу масал яҳудий йўлбошчиларга қарши қаратилган эди. Улар буни англаб етдилар–у, Исони қўлга олмоқчи бўлдилар. Аммо халқдан қўрққанлари учун Унга қўл теккизмай кетиб қолдилар.
13 Исони тилидан илинтириш учун Унинг олдига фарзийлардан ва Ҳирод тарафдорларидан баъзиларини юбордилар.
14 Улар келиб дедилар: — Устоз, одил эканингизни биламиз. Сиз бирор кишига хушомадгўйлик қилмайсиз. Одамларга юз–хотир қилмасдан, Худонинг йўлини тўғри ўргатасиз. Айтинг–чи, Қайсарга солиқ тўлашимиз тўғрими ёки йўқми? Биз солиқ тўлайликми ёки тўламайликми?
15 Исо уларнинг иккиюзламачилигини билар эди. — Нима, Мени синаб кўрмоқчимисизлар? Менга бир динор олиб келинглар, уни бир кўрайин, — деди.
16 Улар олиб келгач, Исо сўради: — Бу тангадаги сурат ва ёзув кимники? — Қайсарники, — деди улар.
17 Исо уларга: — Қайсарнинг ҳақини Қайсарга, Худонинг ҳақини Худога беринглар, — деди. Буни эшитганлар ҳайратда қолдилар.
18 Саддуқийлар ўликларнинг тирилишини инкор этардилар. Уларнинг баъзилари Исонинг олдига келиб, халқ олдида Унга шундай савол бердилар:
19 — Устоз! Мусо бизга шундай ёзиб қолдирган: агар бировнинг акаси фарзанд кўрмай ўтиб кетса, укаси акасининг хотинига уйланиб, акаси учун фарзандни дунёга келтирсин.
20 Хўш, етти ака–ука бўлган экан. Биринчиси уйланибди, сўнг насл қолдирмай ўлиб кетибди.
21 Иккинчиси ҳам ўша хотинни олиб, фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. Учинчиси ҳам шу кўйга тушибди.
22 Шунингдек, ака–укаларнинг еттови ҳам фарзанд кўрмай оламдан ўтибди. Охирида хотин ҳам қазо қилибди.
23 Айтинг–чи, Худо одамларни тирилтирганда хотин қайси бирининг хотини ҳисобланади? Еттови ҳам унга уйланган эдилар–ку!
24 Исо уларга шундай жавоб берди: — Сизлар Муқаддас битикларни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмайсизлар, ана шу сабабдан адашяпсизлар.
25 Ўликлар тирилганда уйланмайдилар, эрга ҳам тегмайдилар, балки бамисоли самодаги фаришталардай бўладилар.
26 Ўликларнинг тирилиши ҳақидаги масалага келсак: наҳотки сизлар ҳеч қачон Мусонинг китобини ўқимаган бўлсангизлар?! Ёнаётган бута тўғрисидаги воқеада Худо Мусога: “Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман”, — деган–ку!
27 Ахир, Худо ўликларнинг эмас, тирикларнинг Худосидир. Сизлар ниҳоятда адашяпсизлар.
28 Таврот тафсирчиларидан бири уларнинг мунозара қилаётганини эшитиб, Исонинг уларга яхши жавоб бериб турганини кўрди. У Исонинг олдига келиб: — Амрларнинг энг муҳими қайси бири? — деб сўради.
29 Исо унга жавоб бериб деди: — Энг муҳим амр шудир: “Эй Исроил, қулоқ сол! Эгамиз Худо танҳо Эгадир.
30 Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун онгингиз билан, кучингиз борича севинг.”
31 Энг муҳим амрлардан иккинчиси: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг.” Булардан буюкроқ амр йўқ.
32 — Яхши гапирдингиз, Устоз, — деди Исога тафсирчи. — Худо танҳодир, Ундан бошқа Худо йўқ, деб тўғри айтдингиз.
33 Уни бутун қалбимиз, бутун идрокимиз билан, кучимиз борича севишимиз керак. Ўзгани ҳам ўзимизни севгандай севишимиз керак. Куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар келтиришдан бу аълороқдир.
34 Исо унинг оқилона жавоб берганини кўриб: — Сиз Худонинг Шоҳлигидан узоқда эмассиз, — деди. Шундан кейин ҳеч ким Исога савол беришга журъат этмади.
35 Исо Маъбадда таълим бераётиб, шундай савол берди: — Қандай қилиб Таврот тафсирчилари Масиҳни Довуднинг Ўғли дейдилар?
36 Довуднинг ўзи Муқаддас Руҳ илҳоми билан деганки: “Эгамиз айтмоқда Раббимга: Душманларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтиргин.”
37 Демак, Довуднинг ўзи Масиҳни Раббим деб атаган бўлса, қандай қилиб Масиҳ Довуднинг Ўғли бўлади?! Бир талай оломон Исони иштиёқ билан тинглар эди.
38 Исо халққа насиҳат қилиб, яна шундай деди: — Таврот тафсирчиларидан эҳтиёт бўлинглар! Улар узун кийимлар кийишни яхши кўрадилар, бозорларда юрганда уларга салом беришларини,
39 синагогаларда яхши жойларда ўтиришни, зиёфатларда тўрда ўтиришни ёқтирадилар.
40 Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар.
41 Исо Маъбад хазинаси қаршисида ўтириб, эҳсон қутисига пул солаётган одамларни кузатиб турди. Кўп бойлар анчагина пул ташладилар.
42 Бир камбағал бева аёл ҳам келиб, қиймати бир тийинга тўғри келадиган икки чақа ташлади.
43 Шунда Исо шогирдларини ёнига чақириб деди: — Сизларга чинини айтайин, бу камбағал бева аёл хазинага пул ташлаганларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ ташлади.
44 Чунки бойларнинг ҳаммаси ўзларининг ортиқча пулларидан эҳсон қилдилар. Бу аёл эса камбағаллигига қарамасдан, ўзининг бор–йўғини, рўзғорига ишлатиладиган ҳамма пулини ташлади.