Марк 1 bob
1 Худонинг Ўғли Исо Масиҳ тўғрисидаги Хушхабар шундай бошланади.
2 Ишаё пайғамбарнинг китобида ёзилганки: “Мана, Сендан олдин Мен Ўз элчимни юборяпман, У Сен учун йўлни ҳозирлайди.
3 Чўлда бир овоз янграмоқда: «Эгамизга йўл ҳозирланг, Унга тўғри йўл очинг!»”
4 Дарвоқе, Яҳё чўмдирувчи чўлда одамларга: “Гуноҳларингиздан тавба қилиб, сувга чўминглар, шунда Худо гуноҳларингизни кечиради”, деб ваъз қила бошлади.
5 Қуддус аҳолиси ва Яҳудия ўлкасининг қолган ҳамма жойларидан келган одамлар Яҳёнинг олдига боришарди. Улар гуноҳларини эътироф этишар, Яҳё уларни Иордан дарёсида чўмдирар эди.
6 Яҳёнинг кийимлари туя жунидан тўқилган бўлиб, белига чарм камар боғлаган эди. У чигиртка ва ёввойи асал ерди.
7 У халққа шундай деб эълон қиларди: “Мендан ҳам қудратлироқ бўлган бир Зот ортимдан келмоқда. Мен энгашиб Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам арзимайман.
8 Мен сизларни сувга чўмдиряпман, У эса сизларни Муқаддас Руҳга чўмдиради.”
9 Ўша кунлари Исо Жалила ҳудудининг Носира шаҳридан Яҳё олдига келди. Яҳё Уни Иордан дарёсида чўмдирди.
10 Сувдан чиқиши биланоқ Исо осмоннинг очилиб кетганини ва Муқаддас Руҳ Унинг устига каптардай тушиб келганини кўрди.
11 Осмондан эса: “Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан ниҳоятда мамнунман” деган овоз эшитилди.
12 Муқаддас Руҳ Исони дарҳол саҳрога бошлаб кетди.
13 Исо саҳрода қирқ кун бўлиб, шайтон томонидан васвасага солинди. Исо ёввойи ҳайвонлар орасида яшаб, фаришталар Унга хизмат қилишарди.
14 Яҳё ҳибсга олингандан кейин, Исо Жалилага бориб, Худонинг Хушхабарини ваъз қилди:
15 “Вақт–соати етди. Худонинг Шоҳлиги яқинлашди! Тавба қилинглар, Хушхабарга ишонинглар!”
16 Исо Жалила кўли бўйлаб ўтаётиб, Шимўн ва унинг укаси Эндрусни кўриб қолди. Улар балиқчи бўлиб, кўлга тўр ташлаётган эдилар.
17 Исо уларга деди: “Ортимдан юринглар. Мен сизларга одамларни овлашни ўргатаман.”
18 Улар ўша заҳотиёқ тўрларини ташлаб, Исога эргашдилар.
19 Исо бир оз нари юргач, Забадиёнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳаннони кўриб қолди. Улар қайиқда тўрларини ямаб ўтиришган эди.
20 Исо шу онда уларни ҳам чақирди. Улар оталари Забадиёни ва ёлланма ишчиларни қайиқда қолдириб, Исога эргашдилар.
21 Улар Кафарнаҳум шаҳрига кириб боришди. Шаббат куни Исо синагогага кириб, таълим бера бошлади.
22 Халойиқ Исонинг таълимотини эшитиб, ҳайратда қолди, чунки У одамларга Таврот тафсирчиларидай эмас, балки ҳокимият эгаси каби таълим берар эди.
23 Ўша синагогада ёвуз руҳга чалинган бир одам бор эди. У тўсатдан қичқириб юборди:
24 — Эй Носиралик Исо! Бизни тинч қўй! Сен бизни ҳалок қилгани келдингми? Сенинг кимлигингни биламан: Сен Худонинг Азизисан!
25 Бироқ Исо жинга дўқ уриб: — Жим бўл! Ундан чиқиб кет! — деди.
26 Ёвуз руҳ у одамни қаттиқ силтади, овози борича бақириб, унинг ичидан чиқиб кетди.
27 Одамлар ҳайратланиб, бир–бирларидан сўрай бошладилар: — Бу нимаси? Ҳокимиятга эга бўлган янги таълимот–ку! У ёвуз руҳларга буйруқ беради, ёвуз руҳлар эса Унга бўйсунади–я!
28 Шундай қилиб, Исонинг шуҳрати бутун Жалила ҳудуди бўйлаб ёйила бошлади.
29 Исо, Шимўн, Эндрус, Ёқуб, Юҳанно синагогадан чиқиб, тўғри Шимўн ва Эндруснинг уйига бордилар.
30 Шимўннинг қайнанаси иситмалаб, тўшакда ётган эди. Исо келиши биланоқ Унга бу ҳақда айтишди.
31 Исо аёлнинг ёнига борди, қўлидан тутиб, ўтирғизиб қўйди. Шунда аёлнинг иситмаси тушди, у меҳмонларга хизмат қила бошлади.
32 Қуёш ботиб кеч кирган пайтда, одамлар хасталарни ва жинга чалинганларни Исонинг олдига олиб келишди.
33 Бутун шаҳар аҳолиси эшик олдига йиғилди.
34 Исо турли дарду иллатлардан қийналган кўп одамларни соғайтирди. Кўпларнинг ичидан жинларни қувиб чиқарди. Жинларнинг гапиришига ижозат бермасди, чунки жинлар Исонинг кимлигини билишарди.
35 Эртаси куни саҳарда, тонг ёришмасдан олдин, Исо ўрнидан туриб, уйдан чиқиб кетди. Кимсасиз жойга бориб, ибодат қилди.
36 Шимўн ва бошқалар Исони қидириб кетдилар.
37 Исони топиб: — Ҳамма Сизни излаб юрибди! — дедилар.
38 Исо уларга: — Яқин атрофдаги қишлоқларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилай, чунки Мен ана шу мақсадда келганман, — деди.
39 Шундай қилиб, Исо бутун Жалила ҳудудини кезиб, у ердаги синагогаларда воизлик қилар ва одамларнинг ичидан жинларни қувиб чиқарар эди.
40 Тери касаллигига чалинган бир одам Исонинг олдига келди. У тиз чўкиб, ялинди: — Биламан, агар истасангиз, мени бу касалликдан поклай оласиз.
41 Исонинг унга раҳми келиб, қўлини узатди ва унга теккизиб: — Истайман, пок бўл! — деди.
42 Шу заҳоти ўша одам касаллигидан фориғ бўлиб, покланди.
43 Исо уни қатъий огоҳлантириб деди: — Менга қара! Бу тўғрида бировга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга кўрсат.
44 Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун Мусо амр қилган қурбонликларни келтир. Шу сўзлар билан Исо уни дарҳол жўнатиб юборди.
45 Ўша одам эса кетаётиб, рўй берган ҳодисани бемалол ҳар ёққа ёя бошлади. Шу боис Исо бирор шаҳарга очиқчасига бора олмай қолди. Аксинча, шаҳардан ташқарида, кимсасиз жойларда яшайдиган бўлди. Шунга қарамай, халойиқ ҳар томондан Унинг олдига келар эди.