Матто 28 bob
1 Шаббат кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда Магдалалик Марям билан бошқа Марям қабрни кўргани боришди.
2 Шунда тўсатдан қаттиқ зилзила бўлди, чунки Эгамизнинг фариштаси осмондан тушиб, қабр оғзидаги тошни ағдариб юборди. Фаришта ўша тош устига ўтирди.
3 Унинг қиёфаси яшиндай порларди, кийимлари қордай оппоқ эди.
4 Уни кўриб соқчилар шунчалик қўрқиб кетдиларки, титраб, мурдадай қотиб қолдилар.
5 Фаришта аёлларга деди: — Қўрқманглар! Биламан, сизлар хочга михланган Исони қидиряпсизлар.
6 У бу ерда йўқ. Ўзи айтганидай, У тирилди. Мана, келиб кўринглар, У шу ерда ётган эди.
7 Энди тезроқ бориб, Унинг шогирдларига: “Исо ўликдан тирилди. У сизларни Жалилада кутяпти. Уни ўша ерда кўрасизлар”, — деб айтинглар. Сизларга айтадиган гапим шу эди.
8 Аёллар шоша–пиша қабр ёнидан кетдилар. Қўрқув ва чексиз севинчга тўлиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетдилар.
9 Бирданига Исонинг Ўзи уларнинг қаршисидан чиқиб: — Салом! — деди. Аёллар Исонинг олдига бориб, оёқларига ёпишганча Унга сажда қилдилар.
10 Исо уларга деди: — Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга: “Жалилага борар экансизлар”, деб айтинглар. Улар Мени ўша ерда кўрадилар.
11 Аёллар кетганларидан кейин, соқчилар бўлинмасидан бир нечтаси шаҳарга кириб, юз берган воқеа тўғрисида бош руҳонийларга айтиб бердилар.
12 Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар учрашиб, режа туздилар. Улар соқчиларга катта миқдорда пул бериб,
13 шундай дедилар: — Сизлар ҳаммага: “Исонинг шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда жасадни ўғирлаб кетишди”, деб айтасизлар.
14 Борди–ю, бу хабар ҳокимнинг қулоғига етиб боргудек бўлса, уни ўзимиз ишонтирамиз, сизларни ҳар қандай кўнгилсизликдан халос этамиз.
15 Шундай қилиб, соқчилар пулни олиб, айтилгандай қилдилар. Воқеанинг шу таърифи бугунги кунгача яҳудийлар орасида кенг тарқалган.
16 Ўн бир шогирд Жалила ҳудудига, Исо уларга тайин этган тоққа бордилар.
17 Шогирдлар Исони кўрганлари заҳоти, Унга сажда қилдилар, баъзилари эса иккиланиб қолдилар.
18 Исо келиб, уларга деди: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган.
19 Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар.
20 Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.”