Матто 2 bob
1 Исо шоҳ Ҳироднинг ҳукмронлиги даврида, Яҳудиядаги Байтлаҳм шаҳрида туғилган эди. Орадан кўп ўтмай шарқдан Қуддусга мунажжимлар келишди.
2 Улар: — Яҳудийларнинг янги туғилган шоҳи қаерда? — деб сўрадилар. — Биз Унинг юлдузи чиққанини кўрдик. Унга таъзим қилгани келдик.
3 Бу гапни эшитиб шоҳ Ҳирод ҳам, бутун Қуддус аҳолиси ҳам безовталаниб қолди.
4 Ҳирод барча бош руҳонийларни ва Таврот тафсирчиларини тўплаб, улардан: — Масиҳ қаерда туғилиши керак? — деб сўради.
5 Улар шундай жавоб бердилар: — Яҳудиядаги Байтлаҳм шаҳрида, чунки пайғамбарнинг битикларида шундай ёзилган:
6 “Эй Яҳудо юртидаги Байтлаҳм! Сен Яҳудонинг буюк шаҳарларидан ҳеч кам эмассан. Зеро, сендан бир Ҳукмдор чиқади, У халқим Исроилга чўпонлик қилади.”
7 Шундан кейин Ҳирод ҳеч кимга билдирмай мунажжимларни чақириб, улардан юлдуз пайдо бўлган аниқ вақтни билиб олди.
8 Сўнг уларни Байтлаҳмга жўнатаётиб, деди: — Байтлаҳмга боринглар, Бола тўғрисида ҳамма нарсани аниқ билиб олинглар. Болани топганларингиздан кейин, менга хабар беринглар, токи мен ҳам бориб, Унга таъзим қилайин.
9 Мунажжимлар шоҳнинг сўзларини эшитиб бўлиб, йўлга тушдилар.
10 Уларга олдин кўринган юлдуз яна пайдо бўлди, мунажжимлар роса хурсанд бўлдилар. Юлдуз уларга йўл кўрсатиб борди ва ниҳоят, Бола ётган жой тепасига келиб тўхтади.
11 Мунажжимлар уйга кириб, Болани ва Унинг онаси Марямни кўрдилар. Тиз чўкиб, Болага таъзим қилдилар. Сўнг хазиналар солинган қутичаларини очиб, Унга олтин, хушбўй тутатқилар ва миррани тортиқ қилдилар.
12 Ҳироднинг олдига қайтмасликлари тўғрисида улар тушларида огоҳлантирилгандан кейин, бошқа йўл билан ўз юртига қайтиб кетдилар.
13 Мунажжимлар кетганларидан кейин, Эгамизнинг бир фариштаси Юсуфга тушида зоҳир бўлиб деди: “Тур! Бола билан онасини олиб, Мисрга қоч. Чунки Ҳирод Болани топиб, ўлдирмоқчи. Мен сенга айтмагунимча, Мисрда қол.”
14 Юсуф ўрнидан туриб, Бола билан Марямни олди–ю, тунда Мисрга жўнади.
15 Ҳироднинг ажали етгунча, у ерда қолди. Эгамизнинг пайғамбар орқали: “Мен Ўғлимни Мисрдан чақириб олдим”, деб айтган башорати бажо бўлиши учун бу воқеа юз берганди.
16 Ҳирод мунажжимларнинг алдаб кетганини билиб, ғазабга минди. У Байтлаҳмдаги ва унинг атрофларидаги икки ёшгача бўлган ҳамма ўғил болаларни қиличдан ўтказишни буюрди. Чунки мунажжимларнинг айтгани бўйича юлдуз тахминан икки йил олдин чиққан эди.
17 Шундай қилиб, Еремиё пайғамбарнинг айтганлари бажо бўлди:
18 “Рама шаҳридан бир нидо эшитилар, Аччиқ бир нолаю оҳу фиғон бу. Болалари учун йиғлар Роҳила, Овунишни хоҳламас, чунки улар энди йўқ.”
19 Ҳирод вафот этгандан кейин Юсуф Мисрда экан, Эгамизнинг бир фариштаси унга тушида зоҳир бўлиб деди:
20 “Тур, Бола билан онасини олиб, Исроил юртига қайтиб бор. Боланинг жонига қасд қилганлар оламдан ўтди.”
21 Шунда Юсуф Бола билан Марямни олиб, Исроил юртига йўл олди.
22 Аммо Яҳудияда Ҳирод ўрнига унинг ўғли Архелаюс ҳукмронлик қилаётганини эшитиб, у ерга боришга қўрқди. Сўнг тушида ҳам Яҳудияга бормаслик ҳақида огоҳлантирилгандан кейин, Жалила ҳудудига йўл олди.
23 У ерга бориб, Носира деган шаҳарга жойлашди. Шундай қилиб, Эгамиз пайғамбарлар орқали: “Уни Носиралик деб атайдилар”, деб айтган башорати бажо бўлди.