Саҳрода (4-Таврот) 33 bob
1 Мусо Эгамизнинг амрига кўра, сафар давомида қароргоҳ қурилган жойларнинг номларини бирма–бир рўйхат қилиб ёзган эди.
2 Мусо ва Ҳорун бошчилигида Мисрдан қабила–қабила бўлиб чиққан Исроил халқининг тўхтаган жойлари қуйидагилардир:
3 Биринчи ойнинг ўн бешинчи кунида, Фисиҳ зиёфатининг эртасига Исроил халқи Рамзес шаҳрини тарк этди. Улар жамики Миср халқининг кўзи олдида шахдам қадам билан Мисрдан чиқиб кетишди.
4 Шу вақтда Мисрликлар Эгамиз нобуд қилган ҳамма тўнғич ўғилларини дафн қилаётган эдилар. Эгамиз шу йўсинда Миср худоларини маҳкум этган эди.
5 Шундай қилиб, Исроил халқи Рамзесни тарк этиб, Сухотда қароргоҳ қурди.
6 Сўнг Сухотдан кетиб, саҳронинг четидаги Этхамда қароргоҳ қурди.
7 Улар Этхамдан чиқиб, орқага — Баал–Зафўннинг шарқидаги Пий–Хахирўтга йўл олиб, Мигдол ёнида қароргоҳ қуришди.
8 Пий–Хахирўтдан ҳам чиқиб, Қизил денгиздан* ўтишди–да, саҳро томон йўл олишди. Этхам саҳросини уч кун кезганларидан кейин, Марода қароргоҳ қуришди.
9 Кейин Мародан кетиб, Илимда қароргоҳ қуришди. Илимда ўн иккита булоқ ва етмишта хурмо дарахти бор эди.
10 Улар Илимдан кейин, Қизил денгиз бўйида қароргоҳ қуришди.
11 Кейин Қизил денгиз бўйидан кетиб, Син саҳросида қароргоҳ қуришди.
12 Син саҳросидан кетиб, Дофкахда қароргоҳ қуришди.
13 Дофкахдан кетиб, Элишда қароргоҳ қуришди.
14 Элишдан кетиб, Рафидимда қароргоҳ қуришди. Лекин у ерда ичимлик суви йўқ эди.
15 Рафидимдан кетиб, Синай саҳросида қароргоҳ қуришди.
16 Синай саҳросидан кетиб, Хиврут–Хаттавода қароргоҳ қуришди.
17 Хиврут–Хаттаводан кетиб, Хазерўтда қароргоҳ қуришди.
18 Хазерўтдан кетиб, Ритмада қароргоҳ қуришди.
19 Ритмадан кетиб, Риммон–Паразда қароргоҳ қуришди.
20 Риммон–Параздан кетиб, Либнада қароргоҳ қуришди.
21 Либнадан кетиб, Риссада қароргоҳ қуришди.
22 Риссадан кетиб, Кахелетахда қароргоҳ қуришди.
23 Кахелетахдан кетиб, Шафер тоғида қароргоҳ қуришди.
24 Шафер тоғидан кетиб, Харадахда қароргоҳ қуришди.
25 Харадахдан кетиб, Макхилўтда қароргоҳ қуришди.
26 Макхилўтдан кетиб, Тахатда қароргоҳ қуришди.
27 Тахатдан кетиб, Тераҳда қароргоҳ қуришди.
28 Тераҳдан кетиб, Миткада қароргоҳ қуришди.
29 Миткадан кетиб, Хашмонахда қароргоҳ қуришди.
30 Хашмонахдан кетиб, Мосарўтда қароргоҳ қуришди.
31 Мосарўтдан кетиб, Банияқонда қароргоҳ қуришди.
32 Банияқондан кетиб, Хор–Хагигадда қароргоҳ қуришди.
33 Хор–Хагигаддан кетиб, Ётботода қароргоҳ қуришди.
34 Ётботодан кетиб, Аврўнда қароргоҳ қуришди.
35 Аврўндан кетиб, Эзйўн–Геберда қароргоҳ қуришди.
36 Эзйўн–Гебердан кетиб, Зин чўлидаги Кадешда қароргоҳ қуришди.
37 Кадешдан кетиб, Эдом юртининг чегарасидаги Хўр тоғида қароргоҳ қуришди.
38 Руҳоний Ҳорун Эгамизнинг амри билан Хўр тоғига чиқиб, ўша ерда вафот этди. Бу воқеа Исроил халқи Мисрдан чиққанига қирқ йил бўлганда, бешинчи ойнинг биринчи кунида содир бўлди.
39 Ҳорун Хўр тоғида вафот этганда 123 ёшда эди.
40 Канъонлик Арод шоҳи шу пайтда: “Исроил халқи келяпти” деган хабарни эшитди. У Канъондаги Нагав чўлида яшарди.
41 Исроил халқи Хўр тоғидан кетиб, Залмўнода қароргоҳ қурди.
42 Улар Залмўнодан кетиб, Пунонда қароргоҳ қуришди.
43 Пунондан кетиб, Обўтда қароргоҳ қуришди.
44 Обўтдан кетиб, Мўаб ҳудудидаги Ивай–Аборимда қароргоҳ қуришди.
45 Ивай–Аборимдан кетиб, Дибон–Гадда қароргоҳ қуришди.
46 Дибон–Гаддан кетиб, Элмон–Диблатайимда қароргоҳ қуришди.
47 Элмон–Диблатайимдан кетиб, Наво тоғининг ёнидаги Аборим тоғларида қароргоҳ қуришди.
48 Аборим тоғларидан кетиб, Мўаб текислигида, Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида қароргоҳ қуришди.
49 Улар Мўаб текислигида Иордан бўйлаб, Байт–Яшимўтдан тортиб, Овил–Шитимгача қароргоҳ қуришди.
50 Мўаб текислигида, Ерихо шаҳрининг рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида Эгамиз Мусога шундай деди:
51 — Исроил халқига айт: “Сизлар Иордан дарёсининг нариги томонига ўтиб, Канъон юртига борганларингиздан кейин
52 у ернинг аҳолисини ҳайдаб чиқаринглар. Уларнинг ҳамма тош ва қуйма бутларини йўқ қилинглар, жамики саждагоҳларини бузиб ташланглар.
53 Ўша юртга эгалик қилинглар, у ерда ўрнашиб олинглар, чунки Мен ўша юртни сизларга берганман.
54 Ерларни уруғларингиз орасида қуръа бўйича бўлиб беринглар. Катта уруққа каттароқ улуш, кичик уруққа кичикроқ улуш беринглар. Қуръа бўйича кимга қаер чиқса, ўша ер ўша уруғнинг улуши бўлиб қолади. Шу йўсинда ерларни қабилалар орасида бўлиб беринглар.
55 Агар сизлар ўша юртнинг аҳолисини ҳайдаб чиқармасангиз, уларнинг қолган–қутганлари сизлар учун кўзга кирган зирапчадай, биқинга санчилган тикандай бўлади. Улар сизларни яшаб турган юртингизда сиқади.
56 Шунда Мен уларнинг бошига нима солмоқчи бўлган бўлсам, сизнинг бошингизга соламан.”