Саҳрода (4-Таврот) 31 bob
1 Эгамиз Мусога деди:
2 — Исроил халқи учун Мидиёнлардан қасос ол. Ўшандан сўнг сен оламдан кўз юмасан.
3 Шундан кейин Мусо халққа айтди: — Одамларингизнинг бир қисмини қуроллантиринглар. Улар Мидиён халқи билан жанг қилиб, улардан Эгамизнинг қасосини олишсин.
4 Ҳар бир Исроил қабиласидан мингтадан одамни урушга жўнатинглар.
5 Ҳар бир Исроил қабиласидан мингтадан одам танлаб олинди, жами ўн икки минг одам қуролланиб жангга шай бўлди.
6 Мусо уларни ва улар билан бирга Элазар ўғли руҳоний Финхазни урушга жўнатди. Финхаз ўзи билан муқаддас ашёларни ва карнайларни олиб кетди. Бу карнайлар хатардан дарак бериш учун чалинарди.
7 Эгамиз Мусога амр қилгандай, Исроил сипоҳлари Мидиёнлар билан жанг қилишди. Улар Мидиён халқининг бутун эркак зотини қириб ташлашди.
8 Мидиён халқининг бешала шоҳини — Эви, Рахем, Зур, Хур, Рабани ҳам бошқалар қатори ўлдириб юборишди. Бавўр ўғли Баломни ҳам қиличдан ўтказишди.
9 Мидиён халқининг аёлларию болаларини асир қилиб, жамики подаларини, сурувларини ва мол–мулкини ўлжа қилиб олишди.
10 Мидиён халқи истиқомат қилган ҳамма шаҳару қароргоҳларга ўт қўйишди.
11 Олган ҳамма ўлжаларини — одамидан тортиб, молигача.
12 қароргоҳга — Мусо, руҳоний Элазар ва Исроил жамоаси ҳузурига олиб келишди. Қароргоҳ Мўаб текислигида, Ерихо шаҳри рўпарасидаги Иордан дарёси бўйида жойлашган эди.
13 Мусо, руҳоний Элазар ва жамоанинг ҳамма йўлбошчилари уларни кутиб олиш учун қароргоҳдан ташқарига чиқишди.
14 Мусо урушдан қайтиб келган мингбоши ва юзбошилардан қаттиқ ғазабланди.
15 — Нимага ҳамма аёлларни тирик қолдирдингиз? — деб сўради улардан Мусо.
16 — Баломнинг маслаҳати билан Пиёр тоғида Исроил халқини Эгамизга хиёнат қилишга ундаган шулар–ку! Ўшаларнинг дастидан Эгамизнинг жамоаси орасида ўлат пайдо бўлган эди!
17 Қани, бўлинглар, ҳамма ўғил болаларни ва эр кўрган аёлларни ўлдиринглар.
18 Фақат эр кўрмаган қизларни ўзингиз учун тирик қолдиринглар
19 Сўнг етти кун давомида қароргоҳдан ташқарида бўлинглар. Қайси бирингиз одам ўлдирган ёки жасадга қўл теккизган бўлсангиз, учинчи ва еттинчи кунлари покланинглар. Сизлар билан бирга асирлар ҳам покланишсин.
20 Ҳамма кийимларни, барча чарм ва ёғоч буюмларни, эчки жунидан тўқилган ҳамма нарсаларни покланглар.
21 Руҳоний Элазар урушга борган сипоҳларга деди: — Мусога Эгамиз амр этган қонун шундан иборат:
22 олтин, кумуш, бронза, темир, қалай ва қўрғошинни,
23 хуллас, оловда ёнмайдиган ҳамма нарсани оловдан ўтказиб покланглар. Бундан ташқари, покланиш суви билан ҳам покланглар. Оловда ёнадиган буюмларни эса сувнинг ўзи билан покланглар.
24 Еттинчи куни кийимларингизни ювинглар. Шунда пок бўласизлар. Кейин қароргоҳга кирсангиз бўлади.
25 Эгамиз яна Мусога айтди:
26 — Сен, руҳоний Элазар ва жамоанинг уруғбошилари асир олинган одамларни, ўлжа қилинган ҳайвонларни ҳисоблаб чиқинглар.
27 Асиру ўлжаларни тенг икки қисмга бўлиб, бир қисмини урушга борган сипоҳларга, иккинчи қисмини бутун жамоага беринглар.
28 Урушга борган сипоҳлар улушидан Мен — Эгангиз учун улуш ажратинглар. Асирлар, мол, эшак, қўй ва эчкиларнинг ҳар беш юзтасидан биттасини Менга улуш қилиб беринглар.
29 Сипоҳлардан олинган бу улушни Менга қилинган назр сифатида руҳоний Элазарга беринглар.
30 Халққа тегишли бўлган ўлжанинг иккинчи қисмидан Муқаддас чодирим учун масъул бўлган левиларга улуш беринглар. Асирлар, мол, эшак, қўй ва эчкиларнинг ҳар элликтасидан биттаси левиларга берилсин.
31 Мусо билан руҳоний Элазар Эгамизнинг Мусога берган амрини адо этишди.
32 Сипоҳлар қўлга киритган нарсалардан ташқари ўлжа қилиб олган мол–ҳол ва аёлларнинг умумий сони қуйидагича эди: қўй–эчкилар — 675.000 та,
33 моллар — 72.000 та,
34 эшаклар — 61.000 та,
35 эр кўрмаган қизлар — 32.000 та.
36 Ўлжанинг урушга борган сипоҳларга тегишли қисми қуйидагича эди: қўй–эчкилар — 337.500 та,
37 шулардан 675 та қўй–эчки Эгамизнинг улушидир,
38 моллар — 36.000 та, шулардан 72 таси Эгамизнинг улушидир,
39 эшаклар — 30.500 та, шулардан 61 таси Эгамизнинг улушидир,
40 эр кўрмаган қизлар — 16.000 та, шулардан 32 нафари Эгамизнинг улушидир.
41 Эгамиз Мусога амр қилгандай, Мусо Эгамизга ажратилган улушни назр сифатида руҳоний Элазарга берди.
42 Мусо Исроил халқи учун сипоҳларнинг ўлжасидан ажратиб олган қисм қуйидагилардан иборат эди:
43 қўй–эчкилар — 337.500 та,
44 моллар — 36.000 та,
45 эшаклар — 30.500 та,
46 эр кўрмаган қизлар — 16.000 та.
47 Исроил халқи улуш қилиб олган одаму ҳайвонларнинг ҳар элликтасидан биттасини Мусо Эгамизнинг Муқаддас чодири учун масъул бўлган левиларга берди. Эгамиз Мусога нимани амр қилган бўлса, Мусо шуни қилди.
48 Шундан сўнг мингбоши ва юзбошилар Мусонинг ҳузурига келишди.
49 Улар Мусога: — Биз, қулларингиз, қўлимиз остидаги сипоҳларни санаб чиқдик, — дейишди, — биронта одамимизни йўқотмабмиз.
50 Ўзимизни Эгамиз ҳукмидан ҳимоя қилиш учун, биз топган олтин буюмларимизни — билагузуклар, муҳр узуклар, сирғалар ва зебигардонларимизни Эгамизга назр қилиб олиб келдик.
51 Мусо билан руҳоний Элазар улар олиб келган ҳамма олтин зеб–зийнатларни олишди.
52 Мингбоши ва юзбошилар Эгамизга назр қилган олтиннинг умумий оғирлиги ўн икки пудга яқин чиқди.
53 Оддий сипоҳлар эса қўлга киритган ўлжаларни ўзларига қолдирган эдилар.
54 Исроил халқини Эгамиз доим эсида тутиши учун Мусо билан руҳоний Элазар мингбоши ва юзбошилардан олган олтин буюмларни Учрашув чодирига олиб келишди.