Саҳрода (4-Таврот) 24 bob
1 Балом Исроилни дуо қилаётгани Эгамизга маъқул келганини кўриб, бу сафар фол очгани бормади. У саҳро томон назар ташлаб,
2 у ерда қабила–қабила бўлиб қароргоҳ қурган Исроил халқини кўрди. Шунда Худонинг Руҳи Баломни қамраб олди,
3 Балом шундай башорат қилди: “Бавўр ўғли Балом гапиряпти, Кўзи очиқ инсон сўзлаяпти.
4 Худонинг каломини эшитган, Қодир Худодан келган ваҳийни кўрган, Ҳушидан айрилган, лекин кўзлари катта очиқ одам айтяпти.
5 Эй Ёқуб насли! Чодирларингиз қандай ажойиб! Эй Исроил халқи! Маконингиз нақадар гўзал!
6 Чодиру маконларингиз пальмазор сингари бепоён, Бамисоли дарё бўйидаги боғ–роғлардир, Эгамиз ўтқазган алоэга ўхшар, Сув бўйидаги садр дарахти кабидир.
7 Уларнинг челаклари сув билан тўлиб–тошар, Эккан уруғлари мириқиб сувга тўяр. Исроил шоҳи Ўгахдан устун бўлар, Исроил шоҳлиги ғоят юксалар.
8 Ёввойи буқанинг кучи билан Худо Мисрдан олиб чиққан уларни. Исроил халқи ямламай ютар ғанимларини, Уларнинг суякларини майдалаб ташлар, Ўқлар отиб, уларни яксон этар.
9 Болоқ Баломдан қаттиқ ғазабланганидан кафтини кафтига уриб: — Мен сени, ғанимларимни лаънатлагин деб, чақиртирган эдим. Сен эса уларни уч марта дуо қилдинг! — деб дўқ урди.
10 Болоқ Баломдан қаттиқ ғазабланганидан кафтини кафтига уриб: — Мен сени, ғанимларимни лаънатлагин деб, чақиртирган эдим. Сен эса уларни уч марта дуо қилдинг! — деб дўқ урди.
11 — Йўқол! Уйингга жўна! Мен сени мукофотламоқчи эдим, лекин Эганг сени мукофотдан маҳрум қилди.
12 Шунда Балом Болоққа деди: — Менинг олдимга жўнатган чопарларингга айтмаганмидим:
13 “Болоқ менга саройидаги ҳамма олтину кумушини берса ҳам, мен Эгамизнинг айтганидан четга чиқа олмайман. Ўз ихтиёрим билан бирор яхши ёки ёмон иш қилолмайман. Эгамиз менга нима деса, шуни айтаман”, деб?!
14 Энди мен ўз халқим олдига қайтиб кетаман. Лекин кетишимдан олдин, Исроил халқи келажакда халқинг бошига қандай кунларни солишини сенга айтиб қўяй.
15 Шундан сўнг Балом қуйидагича башорат қилди: “Бавўр ўғли Балом гапиряпти, Кўзи очиқ инсон сўзлаяпти.
16 Худонинг каломини эшитган, Худойи Таолодан илму маърифат олган, Қодир Худонинг ваҳийини кўрган, Ҳушидан айрилган, лекин кўзлари катта очиқ одам айтяпти.
17 Уни кўряпман–у, лекин шу топда йўқ, Унга қараяпман–у, лекин у яқин эмас. Бир юлдуз чиқар Ёқуб наслидан, Салтанат ҳассаси Исроил халқидан. Вайрон қилар у Мўаб чегараларини, Яксон этар Шет халқининг ерларини.
18 Эдом ўлжага айланар, Ҳа, Сеир ғанимларнинг мулки бўлар, Исроил халқи эса зафарни қучар.
19 Ёқуб наслидан ҳукмдор чиқар, Ир халқини тамом қириб ташлар.”
20 Сўнг Балом Омолек халқини кўриб, улар ҳақида шундай башорат қилди: “Халқларнинг сардоридир Омолеклар, Лекин охири абадий ҳалокатга йўлиқар улар.”
21 Кейин у Хайин халқини кўриб, улар ҳақида қуйидагича башорат қилди: “Мустаҳкамдир сизнинг бошпанангиз, Тоғ чўққисида жойлашган сизнинг инингиз.
22 Ошур халқи сизни асир қилиб олиб кетажак, Шунда Хайин халқи қирилиб йўқ бўлажак.”
23 Балом яна башоратини давом эттирди: “Эвоҳ! Худо шу ишларни амалга оширгач, ким тирик қолар?!
24 Кипрдан сузиб келар кемалар, Ошур ва Ибир халқларини таслим этишар. Абадий ҳалокатга учрайди улар.”
25 Шундан кейин Балом йўлга чиқиб, уйига жўнади. Болоқ ҳам ўз йўлига кетди.