Саҳрода (4-Таврот) 22 bob
1 Исроил халқи йўлда давом этди. Мўаб текислигига етиб келиб, Ерихо шаҳрининг рўпарасида — Иордан дарёсининг шарқида қароргоҳ қурди.
2 Исроил халқи Амор халқини қандай аҳволга солгани ҳақидаги хабар Мўаб шоҳи — Зиппур ўғли Болоққа ҳам етиб борган эди.
3 Исроил халқи кўплигидан бутун Мўаб халқи қаттиқ ваҳимага тушганди.
4 Мўаб оқсоқоллари Мидиён оқсоқолларига: — Ҳўкиз даладаги ўтларни еб битиргани сингари, анави оломон ҳам теварак–атрофимиздаги ҳамма нарсани еб битиради–ку! — деди. Ўша даврда Мўабда ҳукмронлик қилаётган Зиппур ўғли Болоқ,
5 Бавўр ўғли Баломни чақирай деб, унинг олдига чопарлар жўнатди. Балом ўз она юрти, Фурот дарёси қирғоғидаги Патўр шаҳрида истиқомат қилар эди. Болоқ Баломга шундай деб даъват қилди: “Мисрдан чиққан бир халқ ер юзини босиб кетди.
6 Мен уларга бас кела олмайман. Сен келиб, ўша халқни мен учун лаънатла. Балки шунда мен Исроил халқини мағлуб қилиб, юртимдан қувиб чиқара оларман. Шуни биламанки, сен кимни дуо қилсанг, ўша дуо олади, кимни лаънатласанг, ўша лаънати бўлади.”
7 Шундай қилиб, Мўаб ва Мидиён оқсоқоллари Баломнинг олдига борар эканлар, унга тўланадиган лаънат ҳақини ҳам ўзлари билан олиб кетдилар. Улар Баломнинг ҳузурига келишгач, унга шоҳ Болоқнинг гапларини айтишди.
8 — Шу ерда тунаб қолинглар, — деди Балом оқсоқолларга. — Эгамизнинг берган жавобини мен эртага сизларга айтаман. Мўаб оқсоқоллари Баломникида қолишди.
9 Худо Баломнинг олдига келиб, ундан: — Уйингдаги одамлар ким? — деб сўради.
10 Балом Худога шундай жавоб берди: — Мўаб шоҳи Зиппур ўғли Болоқ менга қуйидагича хабар юборибди:
11 “Мисрдан чиққан бир халқ ер юзини босиб кетди, бу ёққа кел, ўша халқни мен учун лаънатла, балки ўшандагина мен у халққа зарба бериб, ўз юртимдан қувиб чиқара оларман.”
12 ра оларман.” 12 — Улар билан борма! — деди Худо Баломга. — У халқни зинҳор лаънатлай кўрма, чунки у халққа Мен барака берганман.
13 Балом эрталаб туриб: — Юртингизга қайтиб кетаверинглар, Эгамиз сизлар билан кетишимга ижозат бермади, — деди Болоқнинг аъёнларига.
14 Мўаб аъёнлари Болоқ олдига қайтиб бориб: “Балом бизлар билан келишга рози бўлмади”, дейишди.
15 Болоқ эса олдингидан ҳам кўпроқ ва обрўлироқ аъёнларини юборди.
16 Улар Баломнинг олдига келиб, шундай дейишди: “Зиппур ўғли Болоқ шундай демоқда: Балом қандай қилиб бўлса ҳам ҳузуримга келсин,
17 мен уни яхшилаб тақдирлайман, нима истаса муҳайё қиламан. Фақат келиб, ўша халқни мен учун лаънатласин.”
18 Балом эса Болоқнинг аъёнларига шундай жавоб берди: — Болоқ менга саройидаги ҳамма олтину кумушини берса ҳам, мен Эгам Худонинг амридан четга чиқа олмайман. Ҳатто кичик масалада ҳам ўз ихтиёрим билан иш тута олмайман.
19 Яхшиси, сизлар, олдингилар каби, бу кеча шу ерда тунаб қолинглар. Эгамиз яна нима дер экан, мен билай–чи.
20 Шу кеча Худо Балом олдига келиб, унга деди: — Агар бу одамлар сени ўзлари билан олиб кетгани келган бўлсалар, отлангин–у, улар билан бирга кет. Лекин сен фақат Менинг айтганимни қиласан.
21 Балом эрталаб турди. Эшагини эгарлаб, Мўаб аъёнлари билан бирга жўнади.
22 Балом кетганда, Худо қаттиқ ғазабланди. Эгамизнинг фариштаси Баломга қаршилик кўрсатиш учун унинг йўлини тўсиб олди. Балом эшагини миниб, ёнидаги иккита хизматкори билан йўлда кетаётган эди.
23 Бирданига эшак йўл устида қилич яланғочлаб турган Эгамизнинг фариштасини кўриб қолди–да, йўлидан бурилиб, дала ичига кириб кетди. Балом эса эшакни йўлга солиш учун савалай бошлади.
24 Эгамизнинг фариштаси энди узумзорлар орасидан ўтган тор сўқмоқда туриб олди. Йўлнинг иккала томони ҳам девор эди.
25 Эшак Эгамизнинг фариштасини кўрди–ю, деворга қапишиб, Баломнинг оёғини қисиб қўйди. Балом яна эшакни ура бошлади.
26 Эгамизнинг фариштаси яна олдинга ўтиб, тор жойга туриб олди. Энди эшак ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилиб кета олмас эди.
27 Эшак Эгамизнинг фариштасини кўргач, ётиб олди. Балом эса бундан қаттиқ ғазабланиб, эшакни таёғи билан савалай бошлади.
28 Шу пайт Эгамизнинг қудрати билан эшак тилга кириб: — Мен сенга нима қилдим? Нимага сен мени уч марта урдинг? — деди Баломга.
29 — Сен мени аҳмоқ қилдинг! — деб дўқ қилди Балом. — Агар қўлимда қиличим бўлганда эди, сени ҳозироқ чопиб ташлаган бўлар эдим.
30 — Ахир, сен мени илгаридан миниб юрасан–ку! Мен сенинг ўша–ўша эшагингман. Олдин ҳам шунақа қилиқ қилганмидим?! — деди эшак. — Йўқ, — деди Балом.
31 Шу он Эгамиз Баломнинг кўзини очиб юборган эди, у йўлда турган Эгамизнинг фариштасини кўриб қолди. Фаришта қўлида қиличини яланғочлаб турарди. Балом ерга мук тушди.
32 Эгамизнинг фариштаси Баломга деди: — Нимага сен эшагингни уч марта урдинг? Тутган йўлинг Менинг назаримда эгри бўлгани учун, Мен сенга қаршилик кўрсатиш мақсадида келдим.
33 Эшагинг эса мени кўрди–ю, уч марта ўзини четга олиб қочди. Агар у менинг олдимдан бурилиб кетмаганда эди, Мен сени ўлдириб, эшагингни тирик қолдирган бўлардим.
34 — Гуноҳ қилдим, — деди Балом Эгамизнинг фариштасига. — Сен йўлимни тўсиб турганингни билмабман. Агар мен сенинг назарингда номаъқул иш қилаётган бўлсам, уйимга қайтиб кетаман.
35 — Шу одамлар билан бирга боравер. Лекин сен фақат Мен айтган гапларимни гапирасан, — деди Эгамизнинг фариштаси. Шундай қилиб, Балом Болоқнинг аъёнлари билан бирга кетаверди.
36 Болоқ Баломнинг келаётганини эшитди–ю, уни кутиб олиш учун Ир шаҳригаетиб келди. Бу шаҳар Арнон сойлиги бўйида, Мўаб юртининг чегарасида жойлашган эди.
37 Болоқ Баломга деди: — Мен сенинг олдингга бундан олдин ҳам одамларимни юборган эдим–ку! Нимага ўшанда кела қолмадинг? Ё мени, етарли даражада тақдирлай олмайди, деб ўйладингми?
38 — Мана энди келдим олдингга, — деди Балом. — Худо оғзимга солган сўзлардан бўлак мен нима ҳам айта олар эдим?!
39 Балом Болоқ билан бирга кетди. Улар Хират–Хузўт шаҳрига келишди.
40 Болоқ мол ва қўйлар сўйиб, қурбонлик қилди. Баломга ва унга ҳамроҳ бўлиб келган шоҳ аъёнларига ҳам қурбонликдан улашди.
41 Болоқ кейинги куни эрталаб Баломни Бомўт–Баалтепалигига олиб чиқди. Балом у ердан туриб Исроил халқининг бир қисмини кўрди.