Саҳрода (4-Таврот) 17 bob
1 Шундан кейин Эгамиз Мусога деди:
2 — Исроил халқига айт, улар ҳар бир қабила йўлбошчисининг таёғини олиб келишсин. Ҳаммаси бўлиб ўн иккита таёқ бўлсин. Ҳар бир қабила йўлбошчисининг исмини ўз таёғига ёзиб қўйинглар.
3 Леви қабиласининг таёғига Ҳоруннинг исмини ёзинглар, ҳар бир қабила йўлбошчисидан биттадан таёқ бўлиши лозим.
4 Сен таёқларни Учрашув чодирига олиб кириб, Мен сен билан учрашадиган жойга — Аҳд сандиғи олдига қўй.
5 Мен танлаган одамнинг таёғи куртак чиқаради. Шундай қилиб, сенга қаршилик қилаётган Исроил халқининг минғирлаб нолишларига Мен чек қўяман.
6 Мусо Исроил халқига Эгамизнинг гапларини айтди. Йўлбошчилар ҳар бир қабила номидан биттадан таёқни беришди, ҳаммаси бўлиб ўн иккита таёқ бўлди. Ҳоруннинг таёғи ҳам ўша таёқлар орасида эди.
7 Мусо таёқларни Муқаддас аҳд чодирига — Эгамизнинг олдига қўйди.
8 Эртаси куни Мусо Муқаддас аҳд чодирига кириб қараса, Ҳоруннинг Леви қабиласини ифода этган таёғи куртак ёзибди, кўкариб, гуллабди, ҳатто бодом тугибди.
9 Мусо Эгамизнинг ҳузуридаги ҳамма таёқларни Исроил халқи олдига олиб чиқиб кўрсатди. Ҳар бир йўлбошчи ўз таёғини олди.
10 Эгамиз Мусога шундай амр берди: — Ҳоруннинг таёғини Аҳд сандиғи олдига қайтариб олиб бориб қўй. Таёқ доимо ўша ерда сақланиб, исёнчиларни огоҳ қилиб турсин. Шундай қилиб, сен уларнинг минғирлаб нолишларига чек қўйиб, уларнинг қирилиб кетишига йўл қўймайсан.
11 Эгамиз қандай амр этган бўлса, Мусо ҳаммасини бажарди.
12 Исроил халқи эса Мусога фарёд қилди:— Шўримиз қуриди! Кунимиз битди!
13 Эгамизнинг Муқаддас чодирига яқин борганлар нобуд бўлишади. Биз ҳаммамиз қирилиб кетамиз!