Саҳрода (4-Таврот) 15 bob
1 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги қонунларни берди:
2 Эгамиз сизларга берадиган юртга ўрнашиб олганингиздан кейин мана бу қонунларга риоя қилинг:
3 Эгамизга атаб, буқа, қўчқор, қўзи ва улоқчаларингиздан қурбонликлар келтиринг. Уларни куйдириладиган қурбонлик, тинчлик қурбонлиги, кўнгилдан чиқариб бериладиган қурбонлик ва берган ваъдангизга мувофиқ келтириладиган қурбонлик қилинг. Уларни белгиланган байрам кунларида ҳам келтиринг. Бу қурбонликларнинг маълум қисмларини қурбонгоҳда куйдиринг, шунда Эгамизга ёқимли ҳид боради.
4 Бу қурбонликларга қўшиб, Эгамизга атаб, албатта дон ва шароб назрларини келтиришингиз керак.
5 Қўзи ёки улоқчани қурбонлик қилганингизда, дон назрини — икки коса зайтун мойи аралаштирилган тўрт коса сифатли унни ҳамда икки коса шаробни назр қилинглар.
6 Қўчқорни қурбонлик қилганингизда, дон назрини — уч коса зайтун мойи аралаштирилган саккиз коса сифатли унни ва
7 уч коса шаробни назр қилинглар. Бу қурбонлик ва назрлардан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
8 Буқани Эгамизга атаб, куйдириладиган қурбонлик, берган ваъдангизга мувофиқ қилинадиган қурбонлик ёки тинчлик қурбонлиги қилганингизда,
9 қурбонликка қўшиб тўрт коса зайтун мойи аралаштирилган ўн икки коса сифатли унни ва
10 тўрт коса шаробни назр қилинглар. Оловда куйдириладиган бу қурбонлик ва назрлардан Эгамизга ёқимли ҳид боради.
11 Шундай қилиб, буқа, қўчқор, қўзи ёки улоқчани қурбонлик қилганингизда, шу назрларни қурбонликка қўшиб келтиринглар.
12 Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг сони қанча бўлишидан қатъий назар, ҳар бир ҳайвонга қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назр қилинглар.
13 Исроил халқидан бўлган ҳар бир одам қурбонликни Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун оловда куйдирганда, мана шу қоидаларга риоя қилиши шарт.
14 Агар орангизда ўрнашиб олган ёки вақтинча истиқомат қилаётган бирорта мусофир Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун қурбонликни оловда куйдирмоқчи бўлса, у ҳам шу қоидаларга риоя қилсин.
15 Исроил жамоаси учун ҳам, орангизда яшаётган мусофир учун ҳам қонун–қоида бир. Эгамизнинг олдида сизлар ҳам, мусофирлар ҳам бирдир. Бу қонун–қоидага доимо, авлодларингиз оша риоя қилинглар.
16 Сизлар учун ҳам, орангизда яшаётган мусофирлар учун ҳам қонун–қоида бирдир.
17 Мусо орқали Исроил халқига Эгамиз яна қуйидаги қонунларни берди:
18 Эгамиз сизларни бошлаб бораётган юртга кирганингиздан кейин,
19 ўша юртнинг нонидан тановул қиласизлар. Ўшанда нонингизнинг бир қисмини Эгамизга назр қилинглар.
20 Хамирнинг биринчи зуваласидан ёпилган нонни Эгамизга назр қилинглар. Буни янчилган донни назр қилгандай назр қилинглар.
21 Хамирнинг биринчи зуваласини авлодлар оша Эгамизга назр қилинглар.
22 Агар Эгамиз мен орқали берган бу амрларнинг бирортасига
23 — Эгамиз амр этган кундан бошлаб авлодларингиз оша риоя қилмасангиз,
24 агар жамоа бу хатога билмаган ҳолда йўл қўйган бўлса, бутун жамоа Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун битта буқани куйдириб қурбонлик қилсин. Улар буқага қўшиб, белгиланган миқдорда дон билан шароб назрини келтиришсин. Бундан ташқари, битта такани гуноҳ қурбонлиги қилишсин.
25 Шундай қилиб, руҳоний бутун Исроил жамоасини гуноҳларидан поклайди. Жамоа билмасдан хато қилгани учун кечирилади, чунки улар қилган хатоси учун Эгамизга қурбонлик қилиб, оловда куйдирган ва гуноҳ қурбонлигини келтирган бўладилар.
26 Эгамиз бутун Исроил жамоасини ва сизларнинг орангизда яшаётган мусофирларни кечиради, чунки бутун халқ билмай хато қилган эди.
27 Агар бирорта одам билмасдан гуноҳ қилиб қўйса, бир ёшли эчкини гуноҳ қурбонлиги қилсин.
28 Руҳоний Эгамизнинг олдида ўша одамни гуноҳидан поклайди, ўша одам кечирилади.
29 Билмасдан гуноҳ қилиб қўйган Исроил одами учун ҳам, орангизда истиқомат қилаётган мусофир учун ҳам қонун бир.
30 Лекин қасддан гуноҳ қилган одам, Исроил халқиданми ёки мусофирми, Эгамизга шак келтирган бўлади. Ўша одам Исроил халқи орасидан йўқ қилинсин.
31 У Эгамизнинг сўзларини назар–писанд қилмагани учун, амрларига итоат қилмагани учун албатта йўқ қилинсин. Унинг гуноҳи ўз гарданида қолади.
32 Бир куни Исроил халқи саҳрода турган пайтда, Шаббат куни ўтин териб юрган бир одамни ушлаб олишди.
33 Улар ўша одамни Мусо, Ҳорун ва бутун Исроил жамоаси олдига олиб келишди.
34 Бироқ бу одамни нима қилиш кераклигини ҳали аниқ билишмагани учун уни қамаб қўйишди.
35 Кейин Эгамиз Мусога деди: — Бу одамнинг жазоси ўлимдир. Бутун жамоа уни қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилсин.
36 Эгамиз Мусога амр этгандай, бутун жамоа ўша одамни қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдирди.
37 Шундан кейин Эгамиз Мусога деди:
38 — Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Сизлар авлодлар оша кийимларингизнинг этагига попук қилиб осиб юринглар. Ҳар бир попукка кўк ип қўшиб эшилган бўлсин.
39 ўрганингизда Мен сизларга берган ҳамма амрларимни эслаб, бажарасизлар. Хиёнатга етакловчи кўнглингиз, кўзингиз эҳтиросларига ортиқ берилмайсизлар.
40 Шунда сизлар Менинг ҳамма амрларимни ёдингизда тутиб бажарасизлар, Менга бағишланган бўласизлар.
41 Мен Эгангиз Худоман. Мен Худойингиз бўламан деб, сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Ҳа, Мен Эгангиз Худоман.