МАЛАКИ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Малаки пайғамбар Нахимиёнинг замондоши бўлиб, тахминан милоддан олдинги 430 йилларда фаолият кўрсатган. Ўша вақтда Қуддусдаги Маъбад қайта қурилиб бўлган ва Бобил асирлигидаги яҳудийларнинг асосий қисми ўз юртига қайтиб келганди. Уларнинг ватани Форс империясига қарам эди. Яҳудийлар учун бу ниҳоятда машаққатли дамлар эди. Кичкинагина Яҳудо юрти буюк Форс империясининг арзимас бир қисми бўлгани боис, одамлар ўзларининг порлоқ келажагига умидини йўқотган эдилар. Қурилган янги Маъбадда Худо Ўз улуғворлиги ва қудратини ҳамон зоҳир қилмагани учун, халқ Унинг содиқ севгисига ва одиллигига шубҳа қиларди. Шу сабабдан улар Худога лозим бўлган даражада иззат–икром кўрсатмасдилар, Маъбадга эътиборсиз бўлардилар, Худога маъқул бўлмаган қурбонликлар келтирар эдилар. Улар Худонинг қонунларига риоя қилмасдилар, камбағал ва етим–есирларга ёмон муомалада бўлиб, хотинлари билан ажрашар эдилар. Ушр ва эҳсонларни Маъбадга олиб келмас эдилар, бу эса Худонинг назарида ўғрилик эди. Малаки пайғамбар халқни огоҳлантиради, Эгамизнинг келиши ҳақида хабар бериб, Худо Ўз халқини ҳукм қилишини, уларни поклашини эълон қилади. Эгамиз келишидан олдин йўл ҳозирлайдиган элчисини юборади. Худонинг Ўз халқига барака бериши ва халқнинг ёрқин келажаги ҳақидаги башоратлар ҳам китобдан ўрин олган.



































































































































































