Закариё 2 bob
1 Мен яна тепага қараб, қўлида таноби бор бир кишини кўрдим.
2 Ундан: — Қаерга кетяпсиз? — деб сўрадим. У менга: — Қуддусни ўлчашга, эни ва узунлиги қанча чиқаркан, шуни билиб келишга кетяпман, — деб жавоб берди.
3 Шундан кейин мен билан гаплашган фаришта кетаётган эди, яна бошқа фаришта унга пешвоз чиқиб,
4 шундай деди: — Югур, бориб ўша йигитга айт: “Эгамиз айтмоқда: — Одамлар ва мол–қўйлар кўплигидан Қуддус шаҳрига сиғмай қолади.
5 Уларнинг кўплари шаҳар ташқарисида яшайди, аммо Мен Ўзим уларнинг атрофида олов девордай бўламан. Ўзим шаҳар ичидаги улуғворлик бўламан.”
6 “Қани, туринглар! Шимолдаги юртдан қочинглар, — демоқда Эгамиз. — Мен сизларни ернинг тўрт тарафига сочиб ташлаган бўлсам ҳам туринглар, — айтмоқда Эгамиз.
7 — Эй Бобилда яшайдиганлар, Қуддусга қочинглар.”
8 Эй Қуддус! Сизларни талон–тарож қилган халқлар олдига Сарвари Олам мени юборди. Шу орқали У Ўз шуҳратини намоён қилмоқчи. У шундай айтмоқда: “Сизларга текканлар худди Менинг кўз қорачиғимга теккандай бўлади.
9 Қараб туринглар, Мен Ўзим уларга қарши чиқаман. Ўз қуллари уларни талон–тарож қиладилар.” Ҳа, ана ўшанда Сарвари Олам мени юборганлигини англаб етасиз.
10 Эгамиз шундай демоқда: “Қўшиқ куйлаб, хурсанд бўлгин, эй Қуддус халқи! Мен келиб сизларнинг орангизда яшайман.
11 Ўша куни кўп халқлар Менга юз буриб, Менинг халқим қаторига қўшиладилар. Мен сизларнинг орангизда яшайман.” Ҳа, ана ўшанда Сарвари Олам мени юборганини англаб етасиз.
12 Яҳудо муқаддас юртдаги Эгамизнинг мулки бўлади, Эгамиз Қуддусни “Ўз шаҳрим” деб айтади.
13 Эй одамзод, Эгамиз олдида сукут сақла. Ана, У муқаддас масканидан чиқиб келмоқда.