ЗАКАРИЁ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Мазкур китоб Закариё пайғамбарнинг башоратларидан иборатдир. Закариё пайғамбар Бобилда туғилган. Милоддан олдинги 538 йилда у Бобилдаги яҳудий асирлар билан бирга Қуддусга қайтган эди. Закариё пайғамбар Хаггей пайғамбарнинг замондоши бўлиб, ундан кейин ҳам кўп йиллар давомида фаолият кўрсатган. Ўша даврда Яҳудо юрти Форс империясига қарам эди. Яҳудога қайтган яҳудийлар Маъбадни қайта қуришни бошлагандилар. Аммо халқ тушкунликка тушиб, қурилиш ишларини тўхтатган эди. Китобнинг биринчи қисмида (1-8–боблар) Худо Закариё пайғамбарга саккизта ваҳий бергани ҳақида баён қилинади. Мажозий образларга бой бўлган бу ваҳийлар орқали Закариё пайғамбар халқни руҳлантиради, Маъбадни охиригача қуришлари учун уларга шижоат бахш этади. Китобнинг иккинчи қисмида (9-14–боблар) Закариё келадиган шоҳ ҳақида ва Худо халқининг порлоқ келажаги ҳақида гапириб, халққа умид бағишлайди. Китобнинг бу қисмидаги ваҳийлар узоқ келажакка оид бўлиб, бошқа халқларнинг Қуддус ва Яҳудога ҳужум қилиши ҳақида хабар беради. Ўша вақт келганда Яҳудо халқининг кўпчилиги ўлдирилади, лекин Худо Ўз халқининг бир қисмини қутқаради. Шунда Яҳудо халқидан омон қолганлар тавба қилиб, Худога қайтишади, Худо уларни кечиради. Ўша замонда Қуддус шаҳри юксалади. Шаҳардан ҳаётбахш ирмоқлар оқиб чиқади. Бутун ер юзидаги халқлар Худога сажда қилишади.



































































































































































