ЗАФАНИЁ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Зафаниё пайғамбар Яҳудо юртида шоҳ Йўшиё ҳукмронлигининг дастлабки йилларида башорат қилган. Унинг фаолияти шоҳ Йўшиё милоддан олдинги 621 йилда ўтказган ислоҳотлардан аввалги даврга тўғри келган бўлиши мумкин. Ўша даврда Оссурия ҳамон қудратли шоҳлик эди. Еремиё ва Нохум пайғамбарлар Зафаниё пайғамбарнинг замондошлари бўлган. Зафаниё пайғамбар даврида Яҳудо халқи умидини келажакка боғлаб, Худонинг қудрати билан душманларини ер юзидан йўқ қилишга чин дилдан ишонарди. Улар: “Худонинг адолат ўрнатадиган ғалаба кунларини катта тантана билан кутиб оламиз”, деб ният қилиб, ўша даврни “Эгамизнинг куни” деб аташарди. Зафаниё пайғамбар эса халқни огоҳлантириб, “Эгамизнинг куни”да Худо итоатсиз бандаларни жазолайди, деб айтади. Итоатсиз Яҳудо халқи ҳам, бошқа халқлар қатори, қаттиқ жазо олишини Зафаниё башорат қилади. Бироқ шу билан бирга, пайғамбар Худонинг Ўз халқига раҳмдил эканини таъкидлаб ўтади. Халқнинг аччиқ қисматини башорат қилган муаллиф китобни умидбахш сўзлар билан якунлайди. Қуддус келажакда вайрон бўлса ҳам, вақти келиб, бу табаррук шаҳар яна тикланади, у ерни мўмин–қобил, солиҳ одамлар макон қилади, деб ишонч билан таъкидлайди Зафаниё пайғамбар.




































































































































































