НОХУМ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Нохум китоби Оссурия пойтахти Найнавонинг қулаши ҳақида ёзилган шеърий шаклдаги башоратдир. Оссурия қудратли шоҳлик бўлиб, ўзи босиб олган халқларга нисбатан ниҳоятда золим ва шафқатсиз эди. Юнус пайғамбар даврида Найнаво аҳолиси гуноҳларидан тавба қилган эди*, Нохум пайғамбар даврида эса улар яна зўравонликларга, бутпарастлик ва худбинликка муккасидан кетган эдилар. Оссурия лашкари милоддан олдинги 722 йилда Исроилни босиб олиб, аҳолисини Оссурияга сургун қилган эди. Улар Яҳудога, яъни жанубий шоҳликка ҳам кўп таҳдид солган эдилар. Шу сабабдан Нохум пайғамбар Найнавонинг аянчли қисмати ҳақида башорат қилади. Нохум пайғамбар Найнавонинг қулашидан олдин ваъз қилади. Бобилликлар милоддан олдинги 612 йилда Найнавони забт этадилар. Китобдан ўрин олган Нў–Омоннинг, яъни Фива шаҳрининг қулаши ҳақидаги воқеалар милоддан олдинги 663 йилда, Нохум пайғамбар фаолият кўрсатишидан олдин рўй беради (3:8-10 оятларга ва 3:8 изоҳига қаранг). Мазкур китобда Нохум пайғамбар Худони — бутун оламнинг ва барча халқларнинг Ҳукмдори, ҳамманинг тақдирини назорат қилувчи ҳақ Худо деб эълон қилади. Муаллиф Худонинг сабр–тоқати ва меҳрибонлиги ҳақида сўз юритади. Шу билан бирга, Худонинг одиллигига алоҳида урғу бериб, айбдорни У асло оқламаслигини таъкидлаб ўтади.



































































































































































