МИХО ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Михо пайғамбар Яҳудо юртидаги кичкина бир қишлоқда туғилган. У Ишаё пайғамбарнинг замондоши бўлиб, милоддан олдинги 722 йилда Исроил* халқи Оссурияга сургун қилинишидан олдин фаолият кўрсатган. Михо пайғамбар Исроилнинг пойтахти Самария ҳақида ва Яҳудонинг пойтахти Қуддус ҳақида башорат қилади. Иккала пойтахтнинг амалдорлари ва бойлари бутун халқни йўлдан оздириб, бутларга сажда қилишни ўргатишади. Бундан ташқари, фирибгарлик қилиб, камбағалларни талон–тарож қилишади. Шу сабабларга кўра, Исроил ва Яҳудо халқларини Худо жазоламоқчи бўлади. Михо пайғамбар Исроил ва Яҳудо халқларининг бошига тушадиган мусибатлар ва тутқунлик азоблари ҳақида башорат қилади. Аммо келажакда Исроил ва Яҳудо халқлари яна ҳақ Худога сажда қилишади. Шунда Худо уларни ўз юртига қайтариб олиб келади, ғалабалар сари етаклайдиган ҳақиқий ҳукмдорни уларга тақдим қилади. Ўша вақт келганда, ҳамма жойда осойишталик қарор топади. Худо Ўзи танлаган ҳукмдор билан биргаликда халққа чўпонлик қилади. Исроилни бошқарадиган бу зот Байтлаҳм шаҳрида таваллуд топиши ҳақидаги башоратлар ҳам мазкур китобдан ўрин олган.



































































































































































