1 Эй Самария аёллари, эшитинг! Сизлар Башандаги сигирлардай семириб кетгансиз, Камбағалларга жабр қиласиз, йўқсилни эзасиз, Эрларингиздан ичкилик талаб қиласиз.
2 Эгамиз Раббий Ўз муқаддас номи ҳақи онт ичиб демоқда: “Шундай кунлар келадики, Сизларни илмоқлар билан судраб кетишади, Ҳар бирингизни қармоқлар билан тортиб кетишади.
3 Ҳар бирингизни девордаги тешиклар орасидан судраб олиб чиқишади. Итариб–итариб сизларни Хермон томон олиб кетишади, — деб айтмоқда Эгамиз. —
4 Қани, энди Байтилга бориб гуноҳ қилаверинг! Гилгалда гуноҳларингизни кўпайтиринг! Саҳарда қурбонликлар келтиринг, Эртасига ушрлар олиб келинг!
5 Хамиртурушли нонларни Менга шукрона назри қилинг, Кўнгилдан чиқариб берган қурбонлигингиз ҳақида Жар солиб ҳаммага айтинг, Ахир, бундай қилишни хўп яхши кўрасиз, эй Исроил халқи! — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —
6 Мен ҳамма шаҳарларингизда сизларга Тишингизнинг кирини сўрдирдим, Қишлоқларингизни нонга зор қилдим, Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —
7 Экинзорларингизга сув керак бўлганда, Мен ёмғир ёғдирмадим. Бир шаҳарга ёмғир ёғдириб, Бошқасига ёғдирмас эдим. Бир далани ёмғир сувига тўйдирардим, Бошқасига ёмғир ёғдирмай, қуритар эдим.
8 Шунда икки–уч шаҳар аҳолиси сув ичгани Бошқа шаҳарга оёғини судраб борарди. Лекин сизлар сувга тўймадингизлар. Шунда ҳам Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —
9 Мен ҳосилингизга шира ва оққиров касалини юбордим. Чигирткалар қайта–қайта боғу узумзорларингизни, Анжир ва зайтун дарахтларингизни нобуд қилди, Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —
10 Мисрда бўлгани каби орангизга фалокат юбордим. Йигитларингизни қиличдан ўтказдим, Отларингизни душманларингизга бердим. Қароргоҳингиздаги жасадларнинг қўланса ҳиди билан Димоғингизни тўлдирдим. Шунда ҳам сизлар Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —
11 Садўм ва Ғамўрани* йўқ қилганим каби, Мен кўпларингизни йўқ қилдим. Баъзиларингизни эса олов ичидан қутқаргандай қутқаргандим. Шунда ҳам Менга қайтмадингизлар, — деб айтмоқда Эгамиз. —
12 Шундай экан, эй Исроил, Мен сени жазолайман. Худонинг олдида ҳисоб беришга тайёрлангин!”
13 Зеро, Худо тоғларга шакл берди, Шамолни юзага келтирди. У режаларини инсонларга аён қилади, Тонгги шафақ нурини зулматга айлантиради, Тоғ чўққилари узра юради. Парвардигори Олам — Эгамиздир Унинг номи!