Амос 3 bob
1 Эй Исроил халқи, Эгамизнинг сўзларига қулоқ солинг. У Мисрдан олиб чиққан бутун халқингизга шундай деб айтмоқда:
2 “Ер юзидаги барча халқлар орасидан Ёлғиз сизларни танлаб олган эдим. Шу сабабдан ҳам гуноҳларингизга тоқат қила олмайман, Қилган ҳамма гуноҳларингиз учун сизларни жазолайман.”
3 Икки киши келишиб олгандан кейингина бирга йўлга тушади.
4 Шер қурбонини кўзлаб қўйсагина, ўрмонда ўкиради, Йиртқич шер ўлжасини ушласагина, уясида ириллайди.
5 Тузоққа емиш қўйилсагина, қуш сиртмоққа тушади, Тузоққа ҳеч нарса илинмаса, сиртмоқ тортилмайди.
6 Хўш, шаҳарда бурғу чалинса, ким саросимага тушмайди?! Эгамизнинг иродасисиз ҳеч бир кулфат шаҳарга келмайди.
7 Дарҳақиқат, Эгамиз Раббий Ўз сирини пайғамбарларига аён қилади, Сирини ўша хизматкорларига аён қилмай туриб, У ҳеч нарса қилмайди.
8 Ана, шер ўкирди! Ким қўрқмайди?! Ана, Эгамиз Раббий гапирди! Ким башорат қилмайди?!
9 Ашдод қалъаларида эълон қилинг, Миср қалъаларида шундай деб жар солинг: “Самария атрофидаги қирларда тўпланинг, У ердаги авжига чиққан ғалаённи бир кўринг, Зўравонликнинг гувоҳи бўлинг.”
10 Эгамиз шундай демоқда: “Самарияликлар қалъаларини ҳаром бойликка тўлдирдилар,Тўғрилик нималигини улар билмайдилар.”
11 Шу сабабдан Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Душман Самарияни қуршовга олади, Истеҳкомларини вайрон қилади, Самария қалъалари талон–тарож бўлади.”
12 Эгамиз шундай демоқда: “Арслоннинг оғзидан қўзичоқни тортиб олмоқчи бўлган чўпон, қўзичоқнинг икки туёғини ёки қулоғининг бир парчасини тортиб олади, холос. Самария аҳолиси ҳам шу аҳволга тушади. У ер–бу ерларда супаю курси парчалари қолади, холос.”
13 Парвардигори Олам — Эгамиз Раббий демоқда: “Гапимни эшитинг! Ёқуб наслига қарши гувоҳлик беринг!
14 Мен Исроил халқини қилган гуноҳи учун жазолайман, Ўша куни Байтил қурбонгоҳларини вайрон қиламан. Қурбонгоҳнинг шохлари кесилиб, ерга тушиб ётади.
15 Мен қишки ва ёзги саройларни бузиб ташлайман, Фил суяги билан безатилган кошоналарни вайрон қиламан, Барча ҳашаматли уйларни йўқ қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.



































































































































































