АМОС ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Амос пайғамбар Яҳудо юртидан бўлиб, у ерда чорвачилик билан шуғулланар эди. У пайғамбар бўлиш учун ҳеч қандай таҳсил олмаган (7:14-15 га қаранг). Шунга қарамай, Худо уни Исроил юртига юборади ва у ердаги халққа башорат қилишни буюради. Амос Яҳудо юртидаги ўзи яшаётган Тахува қишлоғини тарк этиб, Исроил юртидаги Байтил шаҳрига боради. Ўша даврларда Байтил Исроилдаги бутпарастликнинг энг ашаддий ўчоғи бўлган. Ушбу китобнинг бошланишида Амос пайғамбар Исроил атрофидаги халқлар тўғрисида башорат қилади. Сўнг Исроил халқининг, айниқса, бой–бадавлат одамларнинг аччиқ қисматини эълон қилади. Негаки, улар камбағал юртдошларини шилиб, қул қилиб олишарди. Ўша даврда Исроил халқининг аксарият қисми Худонинг йўлидан оғиб, бутларга сиғина бошлаган эди. Шунга қарамай, улар Худодан нажот кутишарди. Амос эса халқни огоҳлантириб, Худо уларни жазолашини айтади. Китоб умидбахш сўзлар билан якунланади. Худо Ўз халқини жазолаб бўлгандан сўнг, уларни асирликдан ўз юртига қайтариб олиб келади, Исроил шоҳлигини қайта тиклайди.



































































































































































