ЙЎЭЛ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Йўэл пайғамбар Яҳудо ва Қуддус аҳолисига башорат қилиб, уларни тавбага чақиради. Унинг башоратлари аниқ ва лўнда бўлади. Йўэл пайғамбар қачон фаолият кўрсатгани аниқ эмас. Баъзи олимларнинг тахмини бўйича, Йўэл пайғамбар Бобил Қуддусни босиб олишидан аввал, яъни милоддан олдинги 586 йилгача фаолият кўрсатган. Яна баъзи бир олимларнинг тадқиқоти бўйича, пайғамбар Исроил халқи Бобилдаги сургундан қайтиб келгандан ва Маъбад қайта қурилгандан сўнг, яъни милоддан олдинги 515 йилдан кейин башорат қилган. Мазкур китобда Йўэл пайғамбар “Эгамизнинг куни” ҳақида хабар беради. Ўша даврда Яҳудо халқи “Эгамизнинг куни”ни интизорлик билан кутарди. Улар ўша кун келганда Худо барча душманларни йўқ қилади, яҳудийлар учун рўшнолик даври бошланади, деб ўйлашарди. Бироқ пайғамбар бунга эътироз билдиради, аслида “Эгамизнинг куни” келганда, Худо, биринчи навбатда, Ўз халқини гуноҳлари учун жазолашини айтади. Шу боис, пайғамбар халқни тавбага чақиради. У Яҳудо юртига бостириб келадиган гала–гала чигирткалар ва у ерда ҳукм сурадиган даҳшатли қурғоқчилик ҳақида одамларни огоҳлантиради. У “Эгамизнинг куни”ни зимзиё зулмат куни, булут қоплаган тим қоронғи кун, деб тасвирлайди. Йўэл пайғамбар халқни Худога қайтишга даъват қилади. Худонинг инояти ва раҳмдиллиги ҳақида сўз очади. Халқ жазо олиб бўлгандан кейин, Худо уларга шафқат қилишини, устиларига Ўз Руҳидан мўл қилиб ёғдиришини, душманларни эса аёвсиз жазолашини пайғамбар башорат қилиб айтади.