ХЎШЕЯ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Мазкур китоб Хўшея пайғамбарнинг номи билан аталган. Хўшея пайғамбар Амос пайғамбардан кейин ваъз қилган. У асосан Исроилда*, яъни шимолий шоҳликда, шоҳлик қулашидан олдин фаолият кўрсатган. Исроил шоҳлиги милоддан олдинги 722 йилда қулаган. Китобнинг дастлабки уч бобида Хўшеянинг оилавий ҳаёти тасвирланади. Хўшеянинг оиласи у Исроил юртида ваъз қилган хабарнинг жонли сурати бўлиб хизмат қилади. Худо Ўз халқи Исроилнинг бевафолигини кўрсатмоқчи бўлиб, Хўшеяга: “Фоҳиша аёлга уйлан”, деб амр қилади. Фоҳиша аёл Хўшеяга уч фарзанд туғиб беради. Хўшеянинг фарзандларига Худо Исроил халқининг жазоланишини эслатиб турадиган исмларни қўяди. Худо Хўшеяга: “Бевафо хотинингни севгин”, деб амр қилади, чунки бу севги Худонинг бевафо Исроил халқига бўлган абадий севгисининг тимсоли бўлади. Китобнинг қолган қисмида Худонинг Исроил халқи билан тузган аҳдига алоҳида эътибор берилади. Бу аҳдга кўра, Худо ва Исроил халқи бир–бирига садоқатли, вафодор бўлишлари керак бўлади. Худо доимо аҳд шартларини бажариб келади, Исроил халқи эса ҳар сафар аҳд шартларини бузади. Улар Худонинг ёрдамига ишонмай, лашкарининг кучи ва бошқа юртларнинг ёрдами билан ўзларини ҳимоя қилмоқчи бўладилар. Бундан ташқари, бутларга сиғиниб, яхши ҳосил йиғиб оламиз, мол–қўйларимиз кўпаяди, деб умидини бутларга боғлайдилар. Исроил ва Яҳудо халқлари Худодан юз ўгиришади, Худо улар билан бу борада даъволашади, уларни аҳдни бузганликда айблайди. Улар қилган гуноҳлари учун жазосини тортишади. Уларнинг гуноҳларига қарамай, Худо Ўз халқини севади. Ниҳоят, Худонинг беқиёс севгиси уларнинг қалбларини забт этади, Худо ва халқ орасидаги муносабат тикланади. Хуллас, Хўшея китоби Худонинг меҳрибонлиги ва содиқ севгиси ҳақидаги китоб, деб айтсак муболаға бўлмайди. Зеро, Худо бу чексиз севгиси туфайли Ўзининг бевафо халқидан юз ўгира олмайди.



































































































































































