ДОНИЁР ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Мазкур китобнинг бош қаҳрамони Дониёр пайғамбардир. У иброний зодагонларининг оиласида таваллуд топиб, улғаяди ва милоддан олдинги 605 йилда бошқа асирлар қаторида шоҳ Навухадназар томонидан Бобилга сургун қилинади. Дониёр Бобил шоҳининг саройида хизмат қила бошлайди. Милоддан олдинги 539 йилда Мидия ва Форс қўшинлари Бобил тахтини эгаллаганларидан кейин ҳам, Дониёр саройдаги хизматини давом эттиради. Китобнинг биринчи қисмида (1-6–боблар) муаллиф бизга ўспирин Дониёрни ва унинг уч дўстини таништиради, уларнинг тиришқоқлиги, истеъдоди ва диёнати ҳақида сўз юритиб, Бобил саройида юз берган ҳодисалар ҳақида бизни бохабар қилади. Шунингдек, жаҳон халқларининг тақдири ва Худонинг абадий ҳукмронлиги ҳақида сўз юритади. Ушбу китобда Дониёр ва унинг уч дўсти Бобил ҳукуматида юксак обрў–эътиборга эга бўлганлари ҳақида ҳикоя қилинади. Уларнинг ҳаёти бир неча марта хавф остида қолади, шунга қарамай, улар Худога охиригача содиқ қолишади. Бобил шоҳлиги бирлашган Мидия ва Форс шоҳлигига мағлуб бўлгандан кейин, Дониёрнинг янги ҳукуматга хизмат қилиши ҳам китобнинг шу қисмида баён қилинади. Китобнинг иккинчи қисми (7-12–боблар) Дониёрга келган ваҳийлардан ва фаришта унга айтган ваҳий таъбирларидан ташкил топган. Бу ваҳийларда жаҳон халқларининг тақдири, яҳудий халқининг келажаги ва Худонинг абадий ҳукмронлиги ҳақида сўз юритилади. Келажакда тарих саҳнасига чиқадиган буюк империяларнинг ҳукмронлиги ва яҳудийлар уларга тобе бўлиши мажозий маънода баён қилинади. Ҳозирда биз ўтмишга назар ташлаб, бу ваҳийларнинг аксарият қисми амалга ошган, деб ишонч билан айта оламиз. Хуллас, китобнинг асосий ғояси қуйидагилардан иборат: инсоният тақдирини Худо бошқаради. Худо шоҳликларни қудратли қилади, вақти келганда эса уларни мағлуб қилади. Тарих саҳнасига чиққан буюк Бобил ва Форс империялари, енгилмас Искандар Зулқарнайн ҳокимияти ва Рим ҳукмронлиги келди–ю–кетди, Худонинг Ўз халқи орқали ўрнатган самовий шоҳлиги эса абадий барқарор турибди.
,
,



































































































































































