Ҳизқиё 41 bob
1 Кейин ўша одам мени Маъбаднинг асосий хонасига олиб кирди. У асосий хона эшигининг икки ён деворини ўлчади. Ён деворларнинг қалинлиги 6 тирсак чиқди.
2 Остонанинг эни 10 тирсак, остона икки ён деворларининг узунлиги 5 тирсакдан чиқди. Сўнгра ўша одам асосий хонани ўлчади. Хонанинг узунлиги 40 тирсак, эни 20 тирсак чиқди.
3 Кейин у асосий хонадан Маъбаднинг ички хонасига кириб, ички хона эшигининг ён деворларини ўлчади. Ён деворларнинг қалинлиги 2 тирсак чиқди. Остонанинг эни 6 тирсак, остона икки ён деворларининг узунлиги эса 7 тирсакдан чиқди.
4 Ўша одам ички хонани ҳам ўлчади. Ички хонанинг узунлиги билан эни бир хил — 20 тирсакдан чиқди. У менга: “Бу Энг муқаддас хона”, деб тушунтирди.
5 Сўнг ўша одам Маъбад деворини ўлчади. Деворнинг эни 6 тирсак чиқди. Маъбаднинг ташқи деворига тақаб ён хоналар қурилган эди. Хоналарнинг узунлиги 7 тирсак эди.
6 Хоналар уч қават қилиб қурилган бўлиб, ҳар бир қаватда ўттизтадан хона бор эди. Маъбаднинг деворлари уч поғонали зина шаклида бўлиб, хоналарга таянч бўлиб хизмат қилар эди. Шу сабабдан Маъбад деворларининг ўзи бутун эди.
7 Маъбад деворининг қуйи қисми юқори қисмига нисбатан қалинроқ бўлгани учун тепадаги хоналар кенгроқ эди. Зинапоя орқали пастки қаватдан иккинчи қаватга, сўнг учинчи қаватга чиқилар эди.
8 Мен Маъбад атрофида баландлиги 6 тирсак бўлган пойдевор борлигини ҳам кўрдим. Ён хоналар мана шу пойдевор устига қурилган эди.
9 Ён хоналарнинг ташқи девори 5 тирсак қалинликда эди. Ён хоналар ва
10 ички ҳовлининг девори бўйлаб қурилган ҳужралар орасидаги масофа 20 тирсак эди. Маъбаднинг гир айланаси ҳовли эди.
11 Ён хоналарга иккита эшик орқали кирилар эди. Бир эшик шимол томонда, бошқаси жануб томонда жойлашган эди. Ён хоналар теварагида бўш қолган жойнинг эни 5 тирсак эди.
12 Маъбад ҳовлисининг ғарб томонида катта бир иморат бор эди. Иморатнинг эни 70 тирсак, узунлиги 90 тирсак, деворларнинг қалинлиги 5 тирсак эди.
13 Ўша одам Маъбаднинг узунлигини ўлчади. Маъбаднинг узунлиги 100 тирсак чиқди. Сўнг у Маъбаднинг орқа деворидан ғарбдаги иморатнинг орқа деворигача бўлган масофани ўлчади, масофа 100 тирсак чиқди
14 Маъбаднинг олд томонидаги, яъни шарқ томондаги ҳовлининг эни ҳам 100 тирсак чиқди.
15 Сўнгра у одам ҳовлининг ғарбида жойлашган иморатнинг узунлигини ўлчади. Иморат ва унинг икки ён томонидаги хоналарнинг узунлиги 100 тирсак чиқди. Маъбаднинг айвони, асосий хонаси ва ички хонаси,
16 ердан деразаларгача ёғоч билан қопланган эди. Маъбаднинг остоналари, панжарали деразалари ва ён хоналари ёғоч билан пардоз қилинган эди.
17 Маъбаднинг ичкаридаги ҳамма деворларига, эшикларнинг тепаларигача ўйма нақшлар солинганди.
18 Ҳамма деворларга карубларнинг суратлари ўйилган эди. Карубларнинг орасига пальма дарахтининг суратлари ҳам ўйилганди. Ҳар бир карубнинг иккитадан юзи бор эди.
19 Карубнинг инсон юзига ўхшаган юзи бир томондаги пальма дарахтига, шер юзига ўхшаган бошқа бир юзи бошқа томондаги пальма дарахтига қаратилган эди. Бундай суратлар Маъбаднинг ички деворининг гир айланасига,
20 ердан эшиклар устидаги деворларгача ўйилган эди.
21 Асосий хона эшигининг кесакиси тўртбурчак шаклида ясалган эди.Энг муқаддас хонанинг рўпарасида,
22 қурбонгоҳга ўхшаш бир нарса бор эди. Унинг бўйи 3 тирсак, узунлиги ва эни 2 тирсак эди. Бурчаклари, асоси ва ён томонлари ёғочдан ясалган эди. Ўша одам менга шундай деди: “Бу Эгамиз ҳузурида турадиган хонтахтадир.”
23 Асосий хонанинг ва Энг муқаддас хонанинг эшиклари бор эди.
24 Эшикларнинг ҳар бири икки тавақали, йиғма эди.
25 Асосий хона эшикларининг юзасига девордагидай карублар ва пальма дарахтларининг суратлари ўйилган эди. Маъбад айвонининг олди томонига ёғоч бостирма қурилган эди.
26 Айвон ён деворларининг панжарали деразалари бор эди. Деворларга пальма дарахтининг суратлари ўйилган эди. Маъбаддаги ён хоналарнинг кираверишига ёғоч бостирмалар қурилганди.