Ҳизқиё 4 bob
1 Эгамиз шундай деди: “Эй инсон, бир ғишт олиб олдингга қўй, унинг устига Қуддус расмини чиз.
2 Расмдаги шаҳарни қамал қилиб, атрофига қамал иншоотларини билдирувчи уюмларни ҳосил қил, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уй, душман қароргоҳларини ўрнат, шаҳарнинг гир айланасига девортешар қуролларни жойлаштир.
3 Кейин товани ол. Товани темир девор каби, ўзинг билан расмдаги шаҳарнинг орасига ўрнат. Сўнг шаҳарга юзлан, сен шаҳарни қамал қилган бўласан. Исроил халқи учун бу бир аломат бўлади.
4 Сўнг чап томонингга ёнбошлаб, устингга Исроил халқининг гуноҳларини юкла. Сен чап томонингда ётган пайтингда уларнинг гуноҳи учун жазо тортган бўласан.
5 Улар гуноҳ қилган йилларнинг сонига кўра, Мен сен учун кунларни ажратдим. Сен 390 кун давомида Исроил халқининг гуноҳи учун жазо тортасан.
6 Белгиланган вақт тугагач, ўнг томонингга ёнбошлаб ётгин. Бу сафар сен 40 кун давомида Яҳудо халқининг гуноҳи учун жазо тортасан. Бир кун бир йил ҳисобланади.
7 Қуддус рамзи бўлган ғиштга юзлан, қўлингни паншаха қилиб, қамал қилинган шаҳарга қарши башорат қил.
8 Мана, қамалингнинг муддати тугамагунча бир томондан бошқа томонга ўгирилмаслигинг учун Мен сени арқонлар билан боғлаб ташлайман.
9 Энди бориб ўзинг учун буғдой, арпа, ловия, ясмиқ дони, тариқ ва қизил буғдойни олиб, бир хумчага сол. Сен улардан ўзингга нон тайёрлайсан. 390 кун чап томонингга ёнбошлаб ётиб, ўша нондан ейсан.
10 Бир кунлик ейдиган озуқангнинг миқдори 50 мисқолни ташкил қилиши керак. Ҳар куни белгиланган вақтдагина уни ейишинг шарт.
11 Сувни ҳам белгиланган вақтда ва белгиланган миқдорда ичасан. Кунига бир коса сув ичасан.
12 Ўтин ўрнига одам тезагини ишлатасан, одамларнинг кўзи олдида нон ёпиб ейсан.”
13 Эгамиз шундай деди: — Мен Исроил халқини бегона халқлар орасига сургун қилганимда, улар ҳам худди шундай ҳаром нонни ейдиган бўладилар.
14 — Ё Эгам Раббий! — дея ёлвордим, — мен ҳеч қачон ўзимни булғаган эмасман. Ҳаром ўлган ёки ҳайвонлар ғажиган жониворнинг гўштини ёшлигимдан еган эмасман. Ҳеч қандай ҳаром гўштни оғзимга олган эмасман!
15 У менга шундай деб жавоб берди: — Хўп, майли, одам тезагининг ўрнига мол тезагини ишлата қол. Тезак ёқиб, нон ёпиб ейсан.
16 Сўнг гапида давом этди: — Мен Қуддус аҳолисини нонга зор қилиб қўяман. Улар қўрқув ичра нонни ўлчаб ейдилар, умидсизланиб сувни тақсимлаб ичадилар.
17 Сув ва нон танқислигидан одамлар бир–бирларига ваҳима ичра қарайдилар. Тортган жазосидан адойи тамом бўладилар.