Ҳизқиё 37 bob
1 Эгамизнинг қудрати мени қамраб олди. Эгамизнинг Руҳи мени кўтариб, водийнинг ўртасига қўйди. Водий суякларга тўла эди.
2 Руҳ мени водийдаги бир дунё суяклар орасида айлантириб юрди. Суяклар қуриб кетган эди.
3 Руҳ менга: — Эй инсон, бу суяклар тирилиши мумкинми? — деб савол берди. — Ё Эгам Раббий, буниси ёлғиз Ўзингга аён, — деб жавоб бердим мен.
4 Сўнг У менга шундай деди: — Суякларга башорат қилиб айт: “Эй қуриган суяклар, Эгамизнинг сўзини эшитинг!
5 Эгам Раббий сизларга шундай демоқда: Мен сизларга нафас бераман, сизлар тириласизлар.
6 Устингизни паю мушаклар билан қоплаб, тери тортаман, сизларга ҳаёт нафасини пуфлаб, сизларни тирилтираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.”
7 Эгамиз менга амр қилганидай, мен Унинг бу сўзларини башорат қилиб айтдим. Башорат қилаётганимда бирданига қулоғимга тарақ–туруқ овозлар чалинди, суяклар бирлаша бошлади.
8 Қарасам, суяклар паю мушаклар билан қопланди, сўнг устиларига тери тортилди. Бироқ таналарда ҳануз нафас йўқ эди.
9 Эгамиз менга шундай деди: — Энди шамолга шундай буйруқ бер: “Эй шамол, Эгамиз Раббий айтмоқда: ҳар томондан эсиб, бу ўлик таналарга ҳаёт нафасини пуфла, уларни тирилтир.”
10 Мен Эгамизнинг айтганини қилдим. Шамол таналарнинг ичига кириб, одамларни тирилтирди. Улар турганларида буюк бир оломонни ташкил қилишди.
11 Кейин Эгамиз менга шундай деди: — Эй инсон, бутун Исроил халқи мана шу суякларга ўхшайди. Улар: “Суякларимиз қуриб кетди, келажакдан ҳеч қандай умид йўқ”, деб нола қилишади.
12 Шунинг учун халқимга башорат қилиб айт: “Эгамиз Раббий шундай демоқда: «Эй халқим Исроил, Мен қабрларингизни очиб, сизларни у ердан чиқараман. Сўнг сизларни ўз юртингиз — Исроилга қайтариб олиб бораман.
13 Ўшанда сизлар Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
14 Менинг Руҳим сизларга ҳаёт нафасини пуфлаб, сизларни тирилтиради. Мен сизларни она юртингизга олиб бориб, у ерда ўрнаштираман. Ўшанда Мен, Эгангиз, айтган гапларимни амалга оширганимни сизлар билиб оласизлар.» Эгамизнинг каломи шудир.”
15 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
16 Эй инсон, бир таёқ олиб, унинг устига «Яҳудо шоҳлиги» деб ёз. Сўнг бошқа бир таёқ олиб, унинг устига «Исроил шоҳлиги» деб ёз.
17 Кейин иккала таёқнинг учларини бир қўлингда шундай қилиб ушлагинки, улар бир таёқдай бўлиб кўринсин.
18 Одамлар сендан: «Бу билан бизга нима демоқчисан?» деб сўраганларида,
19 уларга шундай деб жавоб бер: «Эгамиз Раббий демоқда: Мен Исроил шоҳлигини билдирувчи таёқни оламан. Уни Яҳудо шоҳлигининг таёғи билан бирлаштираман. Иккала таёқни битта қилиб, қўлимда ушлайман.»
20 Қўлингдаги таёқларни ҳамма кўрадиган бўлсин,
21 сўнг халққа айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен ҳар ёққа тарқалиб кетган халқимни ўзга халқлар орасидан йиғиб оламан. Уларни ўз юртларига олиб келаман.
22 Уларни ўша юртда ягона бир халқ қиламан. Ҳа, Исроил тоғларида улардан ягона давлат яратаман. Устиларидан бир шоҳ тайинлайман, улар ҳеч қачон икки шоҳликка ажралмайдилар.
23 Бутлар ва макруҳ худолар туфайли ўзларини булғамайдилар, гуноҳдан ўзларини пок сақлайдилар. Мен уларни садоқатсизлик айбидан халос этаман*. Дилларини поклаб тозалайман. Шунда улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг Худоси бўламан.
24 Қулим Довуд уларнинг шоҳи бўлади. Ҳа, ҳаммасини бир чўпон бошқаради. Улар қонун–қоидаларимга риоя қилиб, фармонларимни битта қолдирмай бажаришади.
25 Мен қулим Ёқубга берган ерда улар яшайдилар, аждодлари ўтган юртда истиқомат қиладилар. Бола–чақалари ва бутун авлоди ўша юртда абадий ўрнашади. Қулим Довуднинг сулоласи уларга то абад ҳукмронлик қилади.
26 Мен улар билан тинчлик аҳдини тузаман. Бу мангу бир аҳд бўлади. Мен уларга барака бераман, кўпайтираман. Маъбадимни уларнинг орасида абадий ўрнаштираман.
27 Улар орасида маскан қураман, Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар.
28 Мен масканимни улар орасида абадий ўрнаштирганимда, Исроил халқини муқаддас қиладиган Эгаси Мен эканлигимни халқлар билиб оладилар.»”