Ҳизқиё 3 bob
1 У менга шундай деди: — Эй инсон, Мен сенга бераётган бу ўрама қоғозни олиб егин. Сўнг Исроил халқининг олдига бориб, айтганларимни уларга етказ.
2 Мен оғзимни очдим, У менга ўша ўрама қоғозни егани берди.
3 У менга деди: — Қоғознинг ҳаммасини еб, қорнингни тўйғаз. Мен қоғозни едим, унинг таъми асалдай ширин эди.
4 У менга яна шундай деди: — Эй инсон, энди бориб, Исроил халқига Менинг гапларимни айт.
5 Мен сени қийин ва мураккаб тилда гапирадиган халқ олдига эмас, балки Исроил халқи олдига юборяпман.
6 Агар Мен сени тили тушунарсиз бўлган кўп халқлар олдига юборганимда эди, улар сенга албатта қулоқ солишган бўлар эди.
7 Аммо Исроил халқи сенга қулоқ солмайди, улар ҳатто Менга ҳам қулоқ солишмайди. Ҳа, бу халқ қайсар ва ўжардир.
8 Мана қара, Мен сени улар каби қайсар ва ўжар қиламан.
9 Сенинг бошинг тошдай қаттиқ, қайроқтошдан ҳам қаттиқроқ бўлади. Улар исёнкор халқ бўлса–да, сен улардан чўчима, даҳшатга тушма.
10 У гапида давом этиб шундай деди: — Эй инсон, сенга айтадиган гапимни икки қулоғинг билан яхшилаб эшитиб, ҳаммасини дилингга тугиб олгин.
11 Сўнг сургундаги юртдошларинг олдига бор. Улар сенга қулоқ соладими, йўқми, уларга: “Эгамиз Раббий шундай демоқда”, деб гапларимни етказ.
12 Руҳ мени кўтарди. Шунда мен орқадан келаётган қаттиқ гумбурлаган товушни эшитдим. Ўша товуш: “Эгамизнинг улуғворлигини Унинг маконида мадҳ қилинглар”, деб айтаётган эди.
13 Мен жонли мавжудотларнинг бир–бирига ишқаланган қанотларининг товушини ва ёнларидаги ғилдиракларнинг гулдуросини эшитдим.
14 Руҳ мени бошқа ёққа олиб кетди. Мен аччиқланиб, жаҳлим чиқа бошлади. Эгамизнинг қудрати мени қамраб олган эди.
15 Мен Кавор дарёсининг бўйидаги Тел–Овувда яшаётган сургундагиларнинг олдига бордим. Ўша ерда етти кун давомида ўзимга кела олмай гангиб ўтирдим.
16 Етти кундан кейин Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
17 — Эй инсон, Мен сени Исроил халқига соқчи қилиб тайинладим. Оғзимдан чиққан ҳар бир гапимни уларга айтиб, огоҳлантирасан.
18 Агар Мен фосиққа: “Сен албатта ўласан”, деб айтсам–у, сен эса ўша одамни бу ҳақда огоҳлантирмасанг, ҳаётини сақлаб қолай деб, уни фосиқлик йўлидан қайтармасанг, ўша одам ўз гуноҳи учун* ўлади. Бироқ унинг ўлими учун Мен сени жавобгар қиламан.
19 Агарда сен фосиқни огоҳлантирсанг–у, у эса фосиқлик йўлидан қайтмаса, у ўз гуноҳи учун ўлади, сен эса ўз жонингни асраб қолган бўласан.
20 Агар солиҳ киши ёмон йўлга кириб, гуноҳга қўл урса, Мен унинг оёғига тўғоноқ соламан, у қоқилиб йиқилади. Борди–ю, сен ўша одамни огоҳлантирмасанг, у нобуд бўлади. Мен унинг қилган савоб ишларини эсга олмайман, у ўзининг гуноҳи учун ўлади. Унинг ўлими учун эса сени жавобгар қиламан.
21 Борди–ю, сен солиҳ кишини ёмон йўлдан қайтарсанг, у сенга қулоқ солгани учун яшайди. Сен эса ўз жонингни асраб қолган бўласан.
22 Эгамиз менга Ўз қудратини ато этиб, шундай деди: — Қани, тур, водийга туш. Мен сен билан ўша ерда гаплашаман.
23 Мен туриб, водийга тушдим. Эгамизнинг улуғворлиги менга зоҳир бўлди. Мен у ерда кўрган Эгамизнинг улуғворлиги худди Кавор дарёси бўйида кўрган улуғворликка ўхшар эди. Мен мук тушдим.
24 Руҳ вужудимга кириб, мени оёқларимга турғизиб қўйди. Сўнг Эгамиз менга шундай деди: — Уйингга кириб, эшикларни ичидан қулфлаб ол.
25 Кўчага чиқа олмаслигинг учун сени арқонлар билан боғлашади.
26 Сен бу исёнкор халққа танбеҳ бера олмаслигинг учун, Мен сени гунг қилиб, тилингни танглайингга ёпиштириб қўяман.
27 Аммо уларга айтадиган гапим бўлганда, сени яна тилга киритаман. Уларга: “Эгамиз Раббий шундай демоқда”, деб гапирасан. Сенга қулоқ соладиганлар қулоқ солсин, қулоқ солишни хоҳламаганлар эса солмасин. Ахир, улар исёнкор халқ–ку!