Ҳизқиё 28 bob
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, Тир шоҳига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: сен мағрурланиб кетдинг. ‘Мен худоман, денгиз бағридаги худолар тахтида ўтирибман’, деб айтдинг. Сен ўзингни худодай доно деб биласан, ахир, сен худо эмас, инсонсан–ку
3 Наҳотки Дониёрдан ҳам доно бўлсанг?! Наҳот барча сирларни билсанг?!
4 Сен донолигинг ва ақлинг билан ўзингга давлат орттирдинг, хазиналарингни олтину кумушга тўлдирдинг.
5 Савдо–сотиқдаги иқтидоринг билан кўп давлат йиғдинг. Аммо бойлигинг туфайли мағрурланиб кетдинг.
6 Эгамиз Раббий шундай демоқда: сен ўзингни худодай доно деб билганинг учун,
7 Мен устингга бегона халқни тортиб келаман. Улар ўтакетган ёвуз халқдир. Улар гўзаллигинг ва донолигингга қарши чиқиб, қилич яланғочлайдилар. Ҳашаматингни оёқ ости қиладилар.
8 Ўзингни эса тубсиз чуқурликка улоқтирадилар. Ҳа, сен денгиз бағрида азобланиб жон берасан.
9 Шунда, жаллодларинг олдида ‘мен худоман’, деб айтармикансан?! Ахир, қотилларинг қўлида сен худо эмас, оддий бир инсон бўласан!
10 Сен мусофирлар қўлида суннатсизлар каби ўласан. Буларни Мен айтдим. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»”
11 Эгамиз менга яна шундай деди:
12 “Эй инсон, Тир шоҳи ҳақида марсия айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: Эй Тир шоҳи, сен баркамолликнинг аъло намунаси бўлдинг. Ниҳоятда доно, гўзалликда баркамол эдинг.
13 Сен Худонинг боғи Аданда яшар эдинг. Қизил ёқут, хризолит, олмос, Топаз, ақиқ, яшма, Зангори ёқут, фируза ва зумрад* каби Қимматбаҳо тошлар билан безанар эдинг. Тақинчоқларинг олтиндан ясалган эди. Сен яралган кунинг булар тайёрланганди.
14 Мен сени соқчи каруб қилиб танладим, Ўша мартабага сени тайинладим. Сен Худонинг тоғида яшар эдинг, Оловдай товланган тошлар орасида юрар эдинг.
15 Бино бўлганингдан то қабиҳлик қилгунингга қадар, Сен тўғри йўлдан юрдинг.
16 Катта тижоратинг туфайли, Ёвузликка тўлиб, гуноҳ қилдинг. Мен сени шармандаларча Худонинг тоғидан ҳайдадим. Эй соқчи каруб, Мен сени чиқариб юбордим, Оловдай товланган тошлар орасидан ҳайдадим.
17 Сен гўзаллигинг туфайли мағрурланиб кетган эдинг. Савлатинг туфайли ақл–фаросатдан воз кечган эдинг. Шунинг учун Мен сени ерга улоқтирдим, Шоҳлар олдида шармандангни чиқардим.
18 Сен чексиз гуноҳларинг билан, Савдо–сотиқдаги ноҳақликларинг билан, Ўз саждагоҳларингни булғадинг. Шунинг учун Мен ичингдан олов чиқардим, Сени куйдириб ташладим. Одамларнинг кўзи олдида кулингни кўкка совурдим.
19 Сени билган халқлар аҳволингни кўриб, донг қотдилар. Сенинг бошингга даҳшатли ўлим келди, Сен абадий йўқ бўласан.»”
20 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
21 “Эй инсон, Сидон шаҳрига юзлан, унга қарши башорат қилиб айт:
22 «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Сидон, Мен сенга қаршиман! Сени жазолаб, сен орқали муқаддаслигимни аён қиламан, шу тариқа орангда Ўзимни улуғлайман. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни билиб оласан.
23 Мен сени даҳшатли ўлатга гирифтор қиламан. Кўчаларингда қон дарё бўлиб оқади. Душманларинг сенга ҳар томондан ҳамла қилади, одамларнинг жасадлари шаҳар ичида ётади. Ўшанда Эганг Мен эканлигимни билиб оласан.»”
24 Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Исроил халқидан ҳазар қилиб, зулм ўтказган биронта қўшни халқ бундан буён Исроил халқи учун тикан ва янтоқдай бўлмайди. Исроил халқи Эгаси Раббий Мен эканлигимни билиб олади.
25 Мен тарқатиб юборган халқим Исроилни узоқ юртлардан Ўзим йиғиб оламан. Улар орқали барча халқларга муқаддаслигимни аён қиламан. Мен қулим Ёқубга мулк қилиб берган ерда уларни ўрнаштираман.
26 Улар осойишта ҳаёт кечирадилар. Уйлар қуриб, узумзорлар барпо қиладилар. Улардан ҳазар қилган қўшни халқларни жазолаганим учун халқим бехатар, тинч яшайди. Ўшанда Эгаси Худо Мен эканлигимни билиб олади.”