Ҳизқиё 21 bob
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, Қуддусга юзлан. Исроил юртига ва барча саждагоҳларига қарши башорат қил.
3 Исроил юртига қаратиб шундай сўзларни айт: «Эгамиз демоқда: Мен Ўзим сенга қарши чиқаман! Қиличимни қинидан суғуриб, ҳаммангизни — солиҳларни ҳам, фосиқларни ҳам йўқ қиламан.
4 Қиличим жанубдан шимолгача бўлган ҳамма жонзотни қириб ташлайди.
5 Шунда Эгангиз Мен эканлигимни ҳамма билиб олади. Ҳа, Мен қиличимни қинидан суғураман! Уни қайтариб жойига солмайман.»
6 Эй инсон, сиқилган одамга ўхшаб, чуқур хўрсингин, қайғурганингни ҳамма кўрсин.
7 Улар сендан: «Нега хўрсиняпсан?» деб сўрашганда, уларга шундай жавоб бер: «Нохуш бир хабар эшитдим. У амалга ошганда, одамларнинг юраги орқага тортиб кетади, қўлларида мадор қолмайди, руҳи тушади, иштонлари ҳўл бўлади. Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мана ўша вақт яқинлашиб қолди! У албатта амалга ошади.»”
8 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
9 “Эй инсон, башорат қилиб айт: «Раббий шундай демоқда: Мана, Мен қиличимни ялтиратиб чархладим.
10 Одамларни қириш учун қайрадим. Чақмоқ каби чақнаши учун ялтиратиб тозаладим. Аммо бундан қандай хурсанд бўлайлик?! Эй ўғлим Яҳудо, Қиличим салтанат ҳассасини менсимайди, Ҳеч қандай таёқни писанд қилмайди.
11 Мана, қиличим чархланди, Ишлатиш учун тайёр бўлди. Ялтиратиб қайралди, Қотил учун ҳозирланди.»
12 Эй инсон, дод солиб фарёд қил! Энди кўксингга ур! Зеро, қилич халқимга қаршидир, Барча Исроил шаҳзодаларига қаршидир. Улар қиличдан нобуд бўлади, Халқ қатори қирилиб кетади.
13 Бу синов пайтидир! Қилич ҳатто Яҳудонинг салтанат ҳассасини Менсимаса нима бўлади?! Салтанатнинг куни битади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. —
14 Эй инсон, башорат қил. Кафтингни кафтингга уравер, Қилич халқимни қайта–қайта чопаверсин. Бу қирғин қиличидир, Қирғин–барот қиличидир. У халқимни ҳар томондан сиқиб келмоқда!
15 Одамларнинг юраги орқага тортиб кетди, Улар қўрқувдан қоқила бошлашди. Мен қиличимни қирғин учун ўрнатдим, Шаҳарнинг ҳар бир дарвозаси олдига қўйдим. Эҳ, мана қиличим ялтиратиб тозаланди. Одамларни қириш учун қинидан чиқарилди.
16 Эй қиличим, ўнгдагиларни чоп! Сўлдагиларни чоп! Ҳаммани тиғдан ўтказ!
17 Мен ҳам кафтимни кафтимга ураман, Шунда жаҳлдан тушаман.
18 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
19 “Эй инсон, харитага икки йўлни тушир. Бобил шоҳи бу йўллардан юриб, ҳужум қилади. Иккала йўл ҳам бир жойдан бошлансин. Йўлларнинг айрилган жойига бир белги қўй.
20 Йўллардан бири Бобил шоҳини Оммон юртининг пойтахти Раббага, иккинчиси Яҳудо юртининг мустаҳкам шаҳри Қуддусга олиб борсин.
21 Ҳозир Бобил шоҳи йўллар айрилган жойда туриб, қайси шаҳарга ҳужум қилиш кераклиги ҳақида бош қотиряпти. У камон ўқларини силкитиб, қуръа ташлаяпти. Бут–санамларга маслаҳат соляпти, қурбонлик қилинган ҳайвонларнинг жигарига қараб, фол очтиряпти.
22 У ўнг қўли билан «Қуддус» деб ёзилган ўқни чиқаради. Қуддус атрофига девортешар қуролларни ўрнаштиради. Лашкарига, ўлдир, дея буйруқ беради, уларни жангга даъват қилади. Дарвозани бузадиган қуролларни ўрнаштиради, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдиради, қамал иншоотларини қурдиради.
23 Қуддус аҳолиси Бобил шоҳига садоқат қасамини ичгани учун бу уларга сохта башоратдай туюлади. Аммо Бобил шоҳи уларнинг айбини юзига солади, уларни асир қилиб олади.
24 Эй Исроил халқи, Мен, Эганг Раббий, сенга айтяпман: сен очиқчасига исён кўтариб, ўз айбингни ўзинг фош қилдинг. Қилган ҳар бир ишинг билан гуноҳларингни кўрсатдинг. Шу боис сен асирликка тушасан.
25 Эй бузуқ, фосиқ Исроил ҳукмдори, сенинг кунинг битди! Охирги жазоингнинг вақт–соати етди!
26 Мен, Эганг Раббий, сенга айтяпман: бошингдаги саллангни еч, тожингни олиб ташла. Энди ҳаммаси ўзгаради, хўрланган одам юксалади, юксалган одам эса хўрланади.
27 Ана вайроналар, вайроналар! Ҳа, Мен Қуддусни вайрон қиламан. Аммо шаҳарни ҳукм қиладиган одам келмагунча, булар содир бўлмайди. Мен шаҳарни ўшанинг қўлига бераман.
28 Эй инсон, башорат қилиб айт: «Исроилни мазах қилган Оммон халқи ҳақида Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй қилич, қилич! Сен қирғин учун қиндан чиқарилдинг. Одамларни қириш учун чархландинг, чақмоқ каби чақнаш учун ялтиратиб тозаландинг!
29 Оммон халқи сен ҳақингда ёлғон ваҳийлар кўряпти, сен тўғрингда бўлмағур фоллар очтиряпти. Сен бу ёвуз фосиқларнинг бошини чопиб ташлайсан! Уларнинг куни битди, охирги жазосининг вақт–соати етди!
30 Эй Бобил шоҳи, қиличингни қинига сол! Бошқаларни жазолашдан тўхта! Энди Мен сени она юртингда, таваллуд топган жойингда ҳукм қиламан.
31 Устингга ғазабимни сочаман, қаҳримнинг оловини сенга уфураман. Сени шафқатсизларнинг қўлига бераман, ўша моҳир қотилларга топшираман.
32 Сен оловга ем бўласан, қонинг она юртингда тўкилади. Сен ҳақингдаги хотира абадий ўчади. Эгамизнинг каломи шудир.»”