1 Ўша овоз менга деди: — Эй инсон, ўрнингдан тур, Мен сен билан гаплашмоқчиман.
2 Овоз менга гапираётганда, Руҳ ичимга кириб, мени турғизиб қўйди. Мен гапнинг давомини тингладим.
3 У менга шундай деди: — Эй инсон, Мен сени итоатсиз Исроил халқининг олдига юбораман. Улар Менга қарши бош кўтаришди. Уларнинг ўзлари ҳам, ота–боболари ҳам шу кунгача Менга қарши гуноҳ қилиб келишган.
4 Бу халқ қайсар ва ўжардир. Мен сени уларнинг олдига юбораман. Сен уларга: “Эгамиз Раббий шундай демоқда”, деб гапирасан.
5 Бу исёнкор халқ гапингга қулоқ соладими, йўқми, Мен уларнинг олдига пайғамбарни юборганимни билиб қўйишсин.
6 Сен эса, эй инсон, улардан ҳайиқма, уларнинг гапларидан қўрқма. Атрофингни янтоғу тиканаклар ўраб олса ҳам, чаёнлар орасида яшасанг ҳам қўрқма. Уларнинг гапларидан чўчима, уларнинг важоҳатидан даҳшатга тушма.
7 Бу исёнкор халқ сенга қулоқ соладими, йўқми, уларга Менинг гапларимни етказ.
8 Сен эса, эй инсон, бу исёнкор халққа ўхшама. Оғзингни оч. Мен сенга берадиган нарсани егин.
9 Қарасам, мен томон бир қўл чўзилди. Қўлда бир ўрама қоғоз бор эди. 10 Қўл ўрамни очиб, менга кўрсатди. Ўрамнинг олди ва орқа томонларига марсия, мотам ва қайғу сўзлари ёзилган эди.