Ҳизқиё 19 bob
1 Эгамиз менга Исроилнинг икки шаҳзодаси учун мана шу марсияни айтишимни буюрди:
2 “Сенинг онанг қўрқмас бир шер эди! У шерлар орасида ўрнашди, Ёш шерлар орасида болаларини ўстирди.
3 Битта боласи кучли бир шер бўлди. У ов қилишни ўрганди, Одамхўрлик қила бошлади.
4 Буни халқлар эшитдилар, Шерни ўзларининг тузоғига туширдилар. Уни занжирбанд қилиб, Мисрга олиб кетдилар.
5 Она шер умиди пучга чиққанини кўрди, Орзуси ушалмаганини билди. Шунда бошқа боласини ўстирди, Уни кучли бир шер қилди.
6 У катта бўлгач, Бошқа шерлар ила изғийдиган бўлди. Ов қилишни ўрганди, Одамхўрлик қила бошлади.
7 Қалъаларини бузар эди, Шаҳарларини вайрон қиларди. Юрт ва унинг бутун аҳолиси У ўкирганда даҳшатга тушарди.
8 Атрофдаги ҳудудлардан халқлар Унга ҳужум қилдилар. Устига тўр ташлаб, Тузоғига туширдилар.
9 Занжирбанд қилиб, қафасга солдилар, Бобил шоҳи ҳузурига олиб бордилар. Исроил тоғларида унинг товуши Бошқа эшитилмасин дея, Уни зиндонга ташладилар.
10 Сенинг онанг узумзордаги токдай эди, Ариқ бўйига ўтқазилган эди. Сувга мириққанидан Серновдаю серҳосил эди.
11 Бақувват новдалари Салтанат ҳассаларига айланди. Қалин шох–шаббадан ҳам баланд кўтарилди. Баландлиги, сербарглиги билан Кўзга ташланиб турар эди.
12 Аммо ғазаб ичра ток суғуриб ташланди, Ерга улоқтириб юборилди. Шарқдан эсган шамол ҳосилини қуритди, Бақувват новдалари синиб қуриди. Ҳаммасини олов ямлаб юборди.
13 Энди бу ток саҳрога ўтқазилган. Ҳа, сувсаган, қақроқ чўлга экилган.
14 Унинг поясидан олов чиқди, Новдалару меваларини куйдириб юборди. Биронта бақувват новдаси қолмади, Салтанат ҳассасига ярамайдиган бўлди.” Бу марсия қўшиғидир, у мотам оҳангида куйланади.