Ҳизқиё 15 bob
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй инсон, ток новдасининг ёғочдан фарқи борми?! Ўрмон дарахтларидан унинг бирон афзаллиги борми?!
3 Ундан бирон–бир нарса ясаб бўладими? Ҳеч бўлмаса, буюм осиш учун қозиқ қилса бўладими?
4 ўқ, у фақат ўтин учун ярайди, холос. Новданинг икки чеккаси куйиб, ўртаси ёниб бўлгандан кейин, уни бирон нарсага ишлатиб бўлармиди, ахир?!
5 Куймаган ток новдаси яроқсиз бўлгандан кейин, куйиб бўлгани ҳеч қандай фойда келтирмаслиги аниқ!
6 Шунинг учун Мен, Эгангиз Раббий, шуни айтиб қўяй: Қуддус аҳолиси ўрмон дарахтлари орасидаги узум токига ўхшайди. Улар яроқсиз бўлганлари учун, Мен уларни оловда куйдириб юбораман.
7 Мен Ўзим уларга қарши чиқаман. Улар оловдан қочиб қутулсалар ҳам, барибир, оловдан нобуд бўладилар. Мен уларга қарши чиққанимдан кейин, Эгангиз Мен эканлигимни сизлар билиб оласизлар.
8 Халқим Менга хиёнат қилгани учун, Мен бутун юртни саҳрога айлантираман.” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.