Ҳизқиё 13 bob
1 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
2 Эй инсон, Исроилда ўзича башорат қилиб юрган пайғамбарларга қарши башорат қил. Уларга шундай деб айт: «Эгамизнинг сўзларини эшитинг!
3 Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй аҳмоқ пайғамбарлар, ҳолингизга вой! Сизлар ҳеч қандай ваҳий кўрмагансиз, башоратларингизни ўзингиз ўйлаб тўқигансиз.»
4 Исроил халқига айт: «Пайғамбарларингиз шаҳар вайроналари орасида дайдиб юрган чиябўриларга ўхшайди.
5 Мана, улар деворнинг ўпирилиб тушган жойларини қўриқламадилар, деворни тузатмадилар. Энди Менинг ғазаб кунимдаги жангда сизлар ўзингизни муҳофаза қила олмайсиз.
6 Пайғамбарларингизнинг кўрган ваҳийлари сохта, кароматлари ёлғондир! Мен уларни юбормаганман, аммо улар ‘Эгамиз шундай демоқда’, деб гапирадилар. Яна ўз гаплари амалга ошишини кутадилар!
7 Кўрган ваҳийлари сохта эмасми?! Айтган кароматлари ёлғон эмасми?! Мен уларга гапирмасам ҳам, ‘Эгамиз шундай демоқда’, деб айтишади!
8 Пайғамбарларингиз ёлғон гаплар айтиб юрибдилар, сохта ваҳийлар кўряптилар. Шунинг учун уларга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
9 — Бу ёлғончи пайғамбарларга қўл кўтараман, уларни кенгашингиздан йўқ қиламан. Номларини Исроил халқи рўйхатидан ўчириб ташлайман, улар ҳеч қачон Исроил юртига қайтиб келмайдилар. Ўшанда Эгангиз Раббий Мен эканлигимни билиб оласизлар.»
10 Эй инсон, нотинч пайтларда, бу пайғамбарлар «тинчлик», дея халқимни йўлдан урадилар. Халқим заиф девор кўтарганда, пайғамбарлар уни оҳак билан оқлайдилар.
11 Шунинг учун деворни оқлаётганларга айт: «Бу девор қулайди. Унинг устига жала ёғади, катта–катта дўл тушади, унга қарши довул туради.
12 Девор қулаганда одамлар сизларга: ‘Деворни оқлаганингиздан нима фойда чиқди?!’ деб айтмайдими?
13 Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен ғазаб устида довул турғизаман. Қаҳр устида жала ёғдираман. Жаҳл устида дўл юбориб, деворни қулатаман.
14 Сизлар оҳак билан оқлаган бу деворни Мен йиқитаман. Уни пойдеворигача очиб ташлайман. Қулаган девор сизларни босиб қолади, сизлар ҳаммангиз ҳалок бўласизлар. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»
15 Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: шу йўсинда Мен ғазабимни девор ва деворни оқлаган одамлар устига ёғдираман. Мен сизларга:
16 ‘Девор ҳам, уни оқлаган одамлар ҳам йўқ бўлди’, деб айтаман. Ҳа, бу пайғамбарлар нотинч дамларда Қуддус аҳолисига башорат қилиб, тинчлик ваҳийларини берган эдилар.»
17 Эй инсон, Исроил халқининг ўзича башорат қилиб юрган аёлларига юзлан. Уларга қарши башорат қилиб
18 айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй одамларнинг жонини овлаб юрган аёллар, сизларнинг ҳолингизга вой! Сизлар ҳар бир одамнинг билагига тумор тақасизлар. Ёшу қарининг бошига ёпинчиқлар ёпасизлар. Сизлар халқимнинг жонларини овлаб туриб, ўз жонимизни сақлаб қоламиз, деб ўйлайсизми?!
19 Сизлар бир ҳовуч арпа билан бир бурда нон учун халқим олдида Мени бадном қилдингиз–ку! Ёлғонни хуш кўрган халқимга ёлғон гапириб, айбсиз одамни нобуд қилдингиз. Ўлимга лойиқ бўлган одамнинг жонини эса асраб қолдингиз.
20 Шунинг учун Эгамиз Раббий айтмоқда: сизлар туморларингиз билан одамларнинг жонларини овлаяпсизлар. Мен ўша туморларингизга қаршиман. Мен уларни қўлларингиздан юлиб оламан, қафасдаги қушни озод қилгандай, халқимни озод қиламан.
21 Ёпинчиқларингизни йиртиб ташлайман, халқимни чангалингиздан халос қиламан. Улар энди сизнинг қурбонларингиз бўлмайди. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.
22 Сизлар ёлғонларингиз билан солиҳ одамнинг дилини ранжитдингиз. Мен эса уни ранжитмоқчи эмас эдим. Фосиқ одам ёмон йўлидан қайтмаслиги, жонини сақлаб қолмаслиги учун сизлар уни қўллаб турдингиз.
23 Шу сабабдан энди сизлар ёлғон ваҳийлар кўрмайсизлар, фол очиб юрмайсизлар. Мен Ўз халқимни чангалингиздан озод қиламан. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.»”