Еремиё 9 bob
1 Кошкийди, бошим бир булоқ бўлса, Кўзларим ёшлар чашмаси бўлса. Халқим ҳалокатга учрагани учун, Кечаю кундуз йиғлаган бўлар эдим!
2 Қанийди, саҳрода бир қўнолғам бўлса, Мен халқимни тарк этган бўлардим, Уларнинг орасидан чиқиб кетардим! Ахир, уларнинг ҳаммаси зинокор, хоинлар тўдасидир.
3 Эгамиз шундай демоқда: “Халқим тилларини камон каби қайириб, Ёлғон сўзларни ўқдек отишади. Халқим ноҳақлик қилиб, юртда кучайиб бормоқда, Ёмонлик кетидан ёмонлик қилмоқда, Улар Мени тан олмайдилар.
4 Қўшнингиздан эҳтиёт бўлинг, Қариндошингизга ишонманг. Ҳамма қариндошингиз ёлғончи, Ҳамма қўшнингиз туҳматчи.
5 Қўшни қўшнисини алдайди, Биронтаси тўғри гап гапирмайди. Тили ёлғон гапиришга ўрганиб қолган. Ҳолдан тойгунча гуноҳ қилишади.
6 Эй Еремиё, сен ёлғончилар орасида яшаяпсан, Улар ёлғонлари дастидан Мени тан олишни хоҳламаяптилар.” Эгамизнинг каломи шудир.
7 Шу сабабдан Сарвари Олам демоқда: “Мен халқимни синовдан ўтказиб, поклайман. Уларни бошқа нима ҳам қилар эдим?!
8 Уларнинг тили ҳалокат келтирадиган ўққа ўхшайди, Оғзидан фақат ёлғон сўзлар чиқади. Қўшниларига ширин гапиришади, Ичларида эса уларни тузоққа туширмоқчи бўлишади.
9 Шундай экан, бу қилмишлари учун уларни жазоламайми?! Шундай бир халқдан ўч олмайми?!” Эгамизнинг каломи шудир.
10 Мен тоғлар учун фарёд қилиб, йиғлайман, Даштдаги яйловлар учун марсия айтаман, Чунки яйловларнинг ҳаммаси қуриб қолган. У ердан ҳеч ким ўтмайди, Сигирларнинг маъраши эшитилмайди. Қушлару ҳайвонлар бу ерларни тарк этган.
11 Эгамиз шундай деди: “Мен Қуддусни вайрон қиламан, Бу ерни чиябўриларнинг маконига айлантираман. Яҳудо шаҳарлари ҳувиллаб қолади, У ерда биронта ҳам одам қолмайди.”
12 Мен Эгамиздан сўрадим: — Эй Эгам, нечун бу юрт шу қадар вайрон бўлиб кетди? Нечун саҳро каби ҳувиллаб қолди? У ерда биронта ҳам сайёҳ кўринмайди. Қайси фаросатли одамнинг бунга ақли етади?! Сен буларни ким орқали халққа етказасан?
13 Эгамиз шундай жавоб берди: — Мен халқимга қонунлар берган эдим, лекин улар рад этдилар, Менга итоат этмадилар, қонунларимга риоя қилмадилар.
14 Аксинча, юракларининг ўжарликларига итоат қилдилар, ота–боболари ўргатгандек Баалга сиғиндилар.
15 Шунинг учун Мен бу халққа аччиқ ўтдан едириб, заҳарли сувдан ичираман, — деб айтмоқда Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам. —
16 Ўзлари ва ота–боболари билмаган халқлар орасига Мен уларни тарқатиб юбораман. Уларнинг кетидан қилич жўнатиб, қирдириб ташлайман.
17 Сарвари Олам шундай демоқда: “Энди қулоқ солинг! Йиғичи аёлларни чақириб келинг, Уларнинг энг моҳирлари келсин.”
18 Халқ шундай деди: “Уларга айтинг, тезроқ келсин. Биз учун марсия айтишсин, Кўзимиздан ёшлар оқсин, Киприкларимиздан сувлар тўкилсин.
19 Ана, Қуддусдан фарёд эшитилмоқда: «Хонавайрон бўлдик! Қандай шармандагарчилик! Юртимизни тарк этишга мажбурмиз, Уйларимиз вайрон бўлди.»”
20 Эй аёллар, Эгамизнинг сўзини эшитинг, Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзига қулоқ солинг. Қизларингизга марсия айтишни ўргатинг, Бир–бирингизга йиғи қўшиғини ёдлатинг.
21 Ана, деразалардан ўлим ўрмалади, Қалъаларимизга кириб олди. Кўчалардаги болаларни йўқ қилиб ташлади, Майдонлардаги ёшларни қириб юборди.
22 Эй аёллар, сизлар айтинг: “Эгамиз шундай демоқда: «Одамларнинг жасадлари ётади Даладаги гўнг каби Ўроқ солинган буғдой каби, Уларни ҳеч ким йиғиштириб олмайди.»”
23 Эй аёллар, сизлар айтинг: “Эгамиз шундай демоқда: «Одамларнинг жасадлари ётади Даладаги гўнг каби Ўроқ солинган буғдой каби, Уларни ҳеч ким йиғиштириб олмайди.»”
24 Ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизни биламан, деб мақтансин, Эгамизни тушунаман, деб мақтансин. Мен Эгангизман. Мен меҳр–шафқат кўрсатаман, ер юзида адолату ҳақиқат ила иш тутаман. Бундай қилишдан Мен завқланаман.” Эгамизнинг каломи шудир.
25 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, бадани суннат қилинган, аммо юраги суннат қилинмаган одамларнинг ҳаммасини Мен жазолайман.
26 Ҳа, Мен Мисрликларни, Эдом наслини, Оммон халқини, Мўабликларни, сочини олдириб юрадиган чўл қабилаларининг ҳаммасини ва улар билан бирга Ўз халқим Яҳудони жазолайман. Аслида, бу халқларнинг ҳаммаси суннатсиз, уларнинг юраги суннат қилинмаган.”