Еремиё 7 bob
1 Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:
2 “Уйимнинг дарвозаси олдига бор. Ўша ерда туриб, баланд овозда шундай деб айт: «Эй жамики Яҳудо халқи! Эй Эгамизга сажда қилиш учун мана бу дарвозадан кираётган халойиқ! Эгамизнинг гапларини эшитинглар.
3 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Шундагина бу юртда яшашингизга ижозат бераман.
4 ‘Эгамизнинг Маъбади шу ерда! Мана, Эгамизнинг Маъбади, шунинг учун ҳеч қандай хавф–хатар йўқ!’ деган ёлғон сўзларга ишонманг.
5 Агар ҳақиқатан ёмон йўлингиздан қайтсангиз, турмуш тарзингизни ўзгартирсангиз, бир–бирингизга нисбатан адолатли бўлсангиз,
6 мусофирларга, етим ва беваларга зулм қилмасангиз, бу юртда айбсиз одамнинг қонини тўкмасангиз, бошингизга фалокат келтирадиган бошқа худоларга эргашмасангиз,
7 бу ерда қолишингизга ижозат бераман. Мен ота–боболарингизга абадий мулк қилиб берган бу юртда сизлар яшайверасизлар.
8 Аммо сизлар ёлғон сўзларга ишоняпсизлар.
9 Ўғрилик қиляпсизлар, одам ўлдиряпсизлар, зино қиляпсизлар, ёлғондакам қасам ичяпсизлар, Баалга назрлар атаб, ўзингиз билмаган худоларга эргашяпсизлар.
10 Шундай экан, нима учун сизлар Менинг номим билан аталган уйимга келиб, ‘Биз хавф–хатардан холимиз!’ деб айтяпсизлар?! Бундай жирканч ишларни давом эттириш учунми?!
11 Айтинглар–чи, Менинг номим билан аталган бу уй сизлар учун қароқчилар уяси бўлиб қолдими?! Қилган барча ишларингизни Мен Ўз кўзим билан кўриб турибман–ку! — деб айтмоқда Эгамиз. —
12 Қани, Шилў шаҳрига боринглар! Мен улуғланишим учун илк бор ўша жойни танлаган эдим. Аммо халқим Исроилнинг қабиҳликлари туфайли ўша жойни не аҳволга солганимни кўриб қўйинглар.
13 Бундай ёвуз ишларни қилаётганингизда, Мен сизларга қайта–қайта гапирдим. Аммо сизлар гапларимга қулоқ солмадингиз. Сизларга хитоб қилдим, аммо жавоб бермадингиз, — деб айтмоқда Эгамиз. —
14 Шундай экан, Мен Шилўни не кўйга солган бўлсам, Ўз номим билан аталган уйимни ҳам ўша аҳволга соламан. Сизлар умид боғлаган бу уйимни ва ота–боболарингизга берган бу юртни Шилўнинг аҳволига тушираман.
15 Қондошингиз Эфрайим халқини улоқтирганимдай, сизларни ҳам Ўз ҳузуримдан улоқтириб ташлайман.»”
16 Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, сен бу халқ учун ибодат қилма! Улар учун фарёд қилиб, илтижо қилма! Уларни деб, Менга ёлворма! Мен сенга қулоқ солмайман.
17 Яҳудо шаҳарларида, Қуддус кўчаларида улар нималар қилаётганини кўрмаяпсанми?!
18 Болалар ўтин йиғишади, оталари олов ёқишади, хотинлар эса хамир қориб, само қироличасига атаб нонлар ёпишади. Ғазабимни қўзғатиш учун бегона худоларга шароб назрини келтиришади.
19 Бу қилмишлари билан улар Менга эмас, ўзларига зарар келтирмоқда–ку! — деб айтмоқда Эгамиз. — Ўзларини шарманда қилишмоқда–ку!
20 Шу сабабдан, Мен, Эгангиз Раббий, айтаманки, Мен қаҳру ғазабимни бу заминга, инсонлару ҳайвонларга, даладаги дарахтлару экинларга сочаман. Ғазабим сўнмас оловдай ёнади.”
21 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Сизлар қурбонликларнинг гўштини ейсизлар, куйдириладиган қурбонликларингизнинг гўштини ҳам ўзларингиз еяверинглар.
22 Мен ота–боболарингизни Мисрдан олиб чиққанимда уларга нафақат қурбонликлар ва куйдириладиган қурбонликларга оид амрлар берган эдим,
23 балки уларга яна шундай амр берган эдим: «Менга итоат қилинг! Шунда Мен сизнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар. Фақат Мен кўрсатган йўлдан юринглар, шунда бахтиёр бўласизлар.»
24 Аммо улар итоат қилишни ҳам, қулоқ солишни ҳам хоҳламадилар. Ёвуз юракларининг ўжарликларига итоат қилдилар. Олдинга юрмай, орқага кетдилар.
25 Аждодларингиз Мисрдан чиққан кундан бошлаб шу кунга қадар, Мен пайғамбар қулларимни олдингизга кетма–кет жўнатдим.
26 Аммо сизлар Менга қулоқ ҳам солмадингизлар, эътибор ҳам бермадингизлар. Ўжарликда ота–боболарингиздан ҳам ўтиб тушдингиз, қилган ишларингиз уларникидан ҳам ёвузроқ.”
27 Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, сен бориб, айтганларимнинг ҳаммасини уларга етказасан, лекин улар сенга қулоқ солишмайди. Уларга хитоб қиласан, аммо улар сенга жавоб беришмайди.
28 Шунинг учун сен уларга шундай деб айт: «Сизнинг халқингиз Эгаси Худога итоат қилмади, Унинг гапига кирмади. Ҳақиқат қолмабди, оғзингиздан ҳақ сўз чиқмайдиган бўлди.
29 Эй Қуддус аҳолиси, аза тутинг! Сочингизни қириб ташланг. Марсиянгиз яланг қирлар узра нола қилсин. Зеро, Эгамизнинг тоқати тоқ бўлди, У бу наслни рад этиб, ташлаб кетди.»”
30 Эгамиз шундай демоқда: “Яҳудо халқи ўзининг Эгаси олдида қабиҳликлар қилди. Улар Менинг номим билан аталган уйимга макруҳ бутларини ўрнатдилар. Уйимни ҳаром қилдилар.
31 Шуниси етмагандек, Хиннум сойлигидаги Тофатда саждагоҳлар қурдилар. У ерда ўз ўғилу қизларини оловда куйдирдилар. Аммо Мен уларга буни амр қилмаганман, бунақасини хаёлимга ҳам келтирмаганман.
32 Қараб туринг! — деб айтмоқда Эгамиз. — Шундай кунлар келадики, одамлар бу жойни Тофат ёки Хиннум сойлиги деб атамайди. Бу жой «Қирғин водийси» деб ном олади. У ерда кўп мурдалар дафн қилинади, мурдалар кўплигидан қабрларга жой етмай қолади.
33 Бу халқнинг жасадлари қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади, ҳеч ким уларни ҳайдамайди.
34 Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида шоду хуррамлик садолари бўлмайди, келин–куёвнинг овози эшитилмайди. Бу юрт ҳувиллаб қолади.”