Еремиё 6 bob
1 Эгамиз шундай дейди: “Эй Бенямин насли, Жонингизни қутқаринглар! Қуддусдан қочиб чиқинглар! Тахува шаҳрида бурғу чалинглар! Байт–Хакерем шаҳрида олов ёқиб, белги кўрсатинглар. Ана, шимолдан бир фалокат келяпти, Даҳшатли бир ҳалокат яқинлашяпти.
2 Қиз Қуддус гўзал ва латофатлидир, Аммо Мен уни йўқ қилиб ташлайман.
3 Шаҳар атрофига жойлашиб олган чўпонлардай, Душманлар Қуддусни қамал қилади. Ҳар бири ўз лашкари учун жой танлайди.
4 Улар шундай деб айтишади: «Қуддусга қарши жангга тайёрланинглар! Бўла қолинглар, кундуз куни уларга ҳужум қиламиз! Шўримиз қурсин! Кун ҳам ботяпти, Оқшом соялари бўй чўзиб қолди.
5 Энди тунда ҳужум қиламиз, Шаҳардаги қалъаларни вайрон этамиз!»”
6 Сарвари Олам душман лашкарига шундай демоқда: “Дарахтларини кесинглар, Қуддус деворига қиялатиб тупроқ уйинглар. Бу шаҳар жазоланиши керак, Шаҳар зўравонликка тўлиб–тошган.
7 Булоқдан сув қайнаб чиққани сингари, Қуддусдан қабиҳликлар қайнаб чиқяпти. Зўравонлигу бузғунчилик садолари эшитиляпти. У ерда кўрганим хасталигу яралар.
8 Эй Қуддус, эсингни йиғиб олгин, Йўқса, Мен сендан юз ўгираман. Сени ташландиқ бир жойга айлантираман, Юртингни ҳувиллатиб қўяман.
9 Душманларингга айтаман, Улар сени шип–шийдам қиладилар, Бир шингил узуми қолмаган токка ўхшатиб қўядилар.” Сарвари Оламнинг каломи шудир.
10 Эй Эгам! Кимга гапирай, кимни огоҳлантирай?! Ким менинг гапларимга қулоқ солади?! Қара, уларнинг қулоқлари ёпиқ, Улар ҳеч нарсани эшитмайди. Сенинг сўзингдан улар хафа бўлади, Уни эшитишни хуш кўрмайди.
11 Аммо ичим Сенинг ғазабингга тўлган эди, Жаҳлимни тийишдан чарчадим. Эгамиз менга шундай деди: “Ғазабимни кўчадаги болаларга сочгин, Тўдалашиб турган йигитларга сочгин. Ғазабим эркагу аёлларга тушади, Мункиллаган қариялар ҳам ундан қочиб қутулмайди.
12 Уйлари, далалари ва хотинлари Бошқа бировларга берилади. Мен бу юрт аҳолисига қарши қўл кўтараман, — деб айтмоқда Эгамиз. —
13 Улар кичкинасидан тортиб, каттасигача, Нафсини тиёлмай ҳаром йўл билан пул топишади. Пайғамбардан тортиб, руҳонийгача — Ҳаммаси товламачилик қилишади.
14 Халқимнинг яраларини юзаки даволашади. Аҳвол оғир бир пайтда «ҳаммаси яхши», деб айтишади.
15 Жирканч ишлари учун уяладиларми? Йўқ, уялмайдилар! Қизариш деган нарсани билмайдилар, Шунинг учун бошқалардай ҳалок бўладилар. Ҳа, уларни жазолаб, хонавайрон қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.
16 Эгамиз Ўз халқига шундай деб айтмоқда: “Чорраҳаларда туриб қаранг, Қадимги йўллар ҳақида сўранг, Яхши йўл қаерда эканлигини билиб олинг. Ўша йўлдан юринг, Шунда кўнглингиз таскин топади. Аммо сизлар: «Йўқ, у йўлдан юрмаймиз», дедингизлар.
17 Мен сизларга қўриқчилар қўйдим, «Қўриқчилар бурғусининг жанговар садосига қулоқ солинглар», Деб сизларга тайинладим. Сизлар эса: «Уларга қулоқ солмаймиз!» деб айтдингизлар.
18 Шунинг учун, эй халқлар, эшитинг! Халқим не ҳолга тушишини билиб олинг.
19 Эй замин, қулоқ сол! Мен бу халқнинг бошига кулфат келтираман, Ёмон ниятларининг оқибати шудир. Зотан, улар сўзларимга кирмадилар, Қонунларимни рад этдилар.
20 Шава юртидан келтирилган зираворларни нима қиламан?! Олис юртдан олиб келинган хушбўй қамишни нимага ишлатаман?! Халқимнинг куйдириладиган назрларини Мен қабул қилмайман, Қурбонликларидан хушнуд бўлмайман.”
21 Шу сабабдан Эгамиз демоқда: “Мен бу халқнинг оёғига тўғоноқ соламан, Улар қоқилиб йиқиладилар. Оталар фарзандлари билан бирга, Қўшнилар ёр–биродарлари билан бирга ҳалок бўладилар.”
22 Эгамиз шундай демоқда: “Ана, шимолдаги юртдан оломон келмоқда, Дунёнинг четидан буюк бир халқ қўзғалмоқда
23 Камону найзалар билан қуроллангандир улар, Шафқат қилмайдиган золимдир у одамлар. Улар отларини елдиради, Тўлқинланган денгиздай гувиллаб келади. Эй қиз Қуддус, улар қаршингда саф тортадилар, Жанг қилишга шай бўлиб турадилар.”
24 Одамлар шундай деди: “Улар ҳақидаги бу хабарни эшитдик, Мадоримиз қолмади. Дард тутган аёл каби, Азобу изтироб чекдик.
25 Далаларга борманглар, Кўчаларда юрманглар! Душман қиличини тутган. Атрофни даҳшат қамраган.”
26 Эй халқим, қизалоғим! Қанорга ўраниб, кулга белангин. Ёлғиз фарзанд учун аза тутгандек, Аччиқ–аччиқ йиғлагин. Ана, ҳалок этувчи келяпти, У тўсатдан бизга ҳужум қилади.
27 Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, халқимни текширгин, Темирни синагандай уларни синагин, Тутган йўлларини билиб олгин.
28 Уларнинг ҳаммаси ўжар ва бебошдир, Бировларга туҳмат қилиб юрадилар. Бағирлари мис ва темир каби қаттиқ, Ҳаммаси бузғунчилик қиладилар.
29 Ана, босқонга тўхтовсиз дам берилмоқда, Ўчоқдаги олов ловуллаб ёнмоқда. Аммо бундай олов ҳам уларни тозалай олмади, Улар фосиқлигича қолди.
30 Уларни «сифатсиз кумуш» деб атайдилар, Ахир, Мен уларни рад этдим.”