Еремиё 49 bob
1 Эгамиз Оммон халқи тўғрисида шундай дейди: “Исроил тирноққа зормиди?! Унинг меросхўри йўқмиди?! Нимага унда Мўлахга топинадиганлар Гад ҳудудини эгаллаб олишди? Нимага Оммон халқи Гад шаҳарларида яшаяпти?
2 Бу қилмишлари учун шундай кунлар келадики, Мен Оммонликларнинг Рабба шаҳрига қарши уруш эълон қиламан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Рабба шаҳрини вайроналар уюмига айлантираман, Атрофдаги қишлоқларига ўт қўяман. Шунда Исроил халқи Оммон босқинчиларининг ерларини босиб олади, — деб айтмоқда Эгамиз. —
3 Дод сол, эй Хашбон! Ай шаҳри вайрон бўлди! Эй Рабба аҳолиси, фарёд қилинг! Қанорга ўраниб, марсия айтинг, Қайғудан баданингизни тилинг. Ахир, худойингиз Мўлах сургун қилинади, Руҳонийлару аъёнларингиз асирга олиб кетилади.
4 Эй исёнкор қиз Оммон, Нечун кучинг билан мақтанасан? Сенинг кучинг қирқилади! Сен бойлигингга ишонасан, «Бизга ҳужум қилишга ким журъат этар?» дейсан.
5 Мен Ўзим сенга ҳар томондан даҳшат соламан, — деб айтмоқда Сарвари Олам — Раббий. — Ҳаммангиз тумтарақай бўлиб қочасизлар, Қочоқларни ҳеч ким тўплай олмайди.
6 Аммо шундан сўнг Мен Оммон халқини яна фаровонликка эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.
7 Сарвари Олам Эдом ҳақида шундай демоқда: “Темонда фаросатли киши қолмадими? Оқилона насиҳат берадиган топилмадими? Ақлларини моғор босдими?
8 Эй Дедонликлар, қочинглар, Чуқур ғорларда бекиниб олинглар! Вақт келди Эсов наслини жазолашга, Фалокат келтираман унинг бошига.
9 Боғингизда узум терган одамлар Бир–икки бош бўлса–да, узум қолдиради–ку! Кечаси уйга тушган ўғри Фақат хоҳлаган нарсасини олади–ку!
10 Мен эса Эсовнинг бор–йўғини тортиб оламан, Унинг пана жойларини ошкор қиламан, У ҳеч қаерга яширина олмайди. Унинг болалари ҳалок бўлади, Оға–ини, қўшнилари ўлади. Ундан асар ҳам қолмайди.
11 Етимларингизни қолдиринг, Уларнинг жонини асрайман. Беваларингиз Менга инониб яшасин.”
12 Эгамиз шундай демоқда: “Айбсиз одамлар жабр тортса–ю, сен, эй Эдом, жазосиз қоласанми?! Йўқ, сен жазодан қочиб қутулолмайсан. Жазо косасидан* албатта ичасан.
13 Ўз номим билан қасам ичиб айтаманки, Бозрах шаҳри вайрон бўлади. Унинг аянчли аҳволи одамларни ваҳимага солади. Ўтган–кетганлар уни мазах қилиб, номини қарғишларда ишлатади. Ён–атрофидаги ҳамма шаҳарлар ҳам то абад ташландиқ бўлиб қолади.” Эгамизнинг каломи шудир.
14 Эгамиз барча халқларга жарчи юборди, Мен, Еремиёга шундай хабар етиб келди: “Тўпланинг! Эдомга ҳужум қилинг, Қани, жангга отланинг!”
15 Эгамиз дейди: “Эй Эдом, сени халқлар орасида арзимас қилиб қўяман, Бутун одамзод сендан ҳазар қиладиган бўлади.
16 Важоҳатинг сени алдади, Такаббурлигинг сени аҳмоқ қилди. Сен–ку тик қояда яшайсан, Азим чўққиларни эгаллагансан. Бургут каби инингни баланд қурган бўлсанг ҳам, Сени у ердан тортиб тушираман.” Эгамизнинг каломи шудир.
17 Эгамиз шундай демоқда: “Эдомнинг бошига тушадиган кулфатлар шу қадар даҳшатли бўладики, бу юртнинг олдидан ўтган ҳар бир киши унинг аянчли аҳволидан ваҳимага тушиб, қотиб қолади.
18 Садўм, Ғамўра ва уларнинг атрофидаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Эдом ҳам худди шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди.
19 Мен, Иордан чакалакзоридаги арслондай, яйловдаги қўйларга ҳужум қиламан. Бир зумда Эдом халқини ўз юртидан ҳайдаб чиқараман. Ўзим хоҳлаган инсонни у ерга бош қиламан. Ахир, ким Менга тенг кела олади?! Ким Мендан ҳисобот сўрай олади?! Қайси чўпон Менга қарши тура олади?!
20 Шундай экан, Эдом халқига қарши тузган режаларимни эшитиб қўйинг. Темон аҳолисига қилган ниятларимга қулоқ тутинг: йиртқичлар сурувдаги қўзичоқларни судраб кетади. Қилмишлари дастидан ям–яшил яйловлари пайҳон бўлади.
21 Эдом гурсиллаб қулаганда, ер юзи ларзага келади. Халқнинг доду войлари Қизил денгизгача* эшитилади.
22 Қаранглар! Душман бургутдай Бозрахга ҳужум қилмоқда. Қанот кериб шаҳар узра парвоз этмоқда. Ўша куни Эдом лашкари дард тутган аёл каби ваҳимага тушади.”
23 Қуйидаги хабар Дамашқ ҳақидадир: Эгамиз шундай дейди: “Хомат билан Арпад аҳли* шум хабар эшитишади, Шунинг учун улар саросимага тушади. Юрагига тушган ғулғула босилмайди, Жўшқин денгиз каби тинчланмайди.
24 Дамашқ мадорсиз қолади, Орқага қочмоқчи бўлади, Бутун вужудини ваҳима қамраб олади. Дард тутган аёлдай азобу қийноқда қолади.
25 Эвоҳ, машҳур шаҳар тарк этилади! Қувонч макони ташлаб кетилади!
26 Ўша куни йигитлари майдонларда ўлади, Ҳамма сипоҳлари ҳалок бўлади, — деб айтмоқда Сарвари Олам. —
27 Мен Дамашқ деворларига ўт қўяман, Олов Банҳадад қалъаларини ёндириб ташлайди.”
28 Бобил шоҳи Навухадназар мағлуб қилган Кедар ва Хазор шоҳликлари ҳақида Эгамиз шундай дейди: “Қани бўлинг, Кедарга ҳужум қилинг! Ўша шарқ қабилаларини ҳалок этинг!
29 Қўлга киритинг чодирларию қўйларини, Чодир пардаларию бор бисотини. Туяларини ўзингизга олинг. Одамлар бақиради: «Атрофни даҳшат қамради!»
30 Эй Хазор аҳолиси! Қочинг! Узоқларга бош олиб кетинг. Чуқур ғорларда яшириниб олинг, — деб айтмоқда Эгамиз. — Зеро, Бобил шоҳи Навухадназар Сизларга қарши бир режа тузди, Сизларни ҳалок этиш ниятида юрибди.
31 Эй Бобил лашкарлари, Қани, хотиржам бўлган халққа ҳужум қилинглар! Бехатар яшаётганларга ташланинглар! — деб айтмоқда Эгамиз. — Улар саҳрода ёлғиз яшайдилар, Шаҳарларининг на дарвозалари, на тамбалари бор.