Еремиё 46 bob
1 Эгамиз халқлар ҳақида Еремиёга Ўз сўзини аён қилди.
2 Бу Миср ҳақида башорат эди. Аниқроғи, Миср фиръавни Нехонинг лашкари тўғрисида эди. Улар Фурот дарёси бўйидаги Кархамиш шаҳрида қароргоҳ қурган эдилар. (Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Бобил шоҳи Навухадназар бу лашкарни мағлуб қилди.)
3 Эгамиз шундай дейди: “Каттаю кичик қалқонларни тайёр тутинг! Қани, энди жангга киринг!
4 Отларга эгар уринг, Чопқир отларга мининг! Дубулғаларни кийиб олинг, Жанговар ҳолатда туринг. Найзаларни ўткирланг, Совутларни кийиб олинг!
5 Аммо нималарни кўряпман?! Миср лашкари ваҳимага тушди, Улар орқага чекинди, Жангчилари тор–мор бўлди. Улар орқага қарамай шошилиб қочдилар. Атрофни даҳшат қамради, — деб айтмоқда Эгамиз. —
6 Чаққонлар қоча олмайдилар, Сипоҳлар қочиб қутулолмайдилар. Улар шимолда, Фурот дарёси бўйида Қоқилиб йиқилиб тушадилар.”
7 Ким у Нил дарёсидай қирғоғидан чиқиб кетган?! Ким у сувлари тошқин дарё каби бўлиб қолган?!
8 Миср Нилдай ҳаддидан ошган, Сувлари тошқин дарёга ўхшаб қолган. Миср айтади: “Мен кўтарилиб, ер юзини қоплайман, Шаҳарларни вайрон қиламан, Аҳолисини қириб ташлайман.”
9 Эй отлиқлар, ҳужум қилинг! Жанг араваларини учиртиринг! Эй қалқон тутган Ҳабашистонликлару Ливияликлар, Эй камон ушлаган Лидияликлар, Қани, жангга киринг!
10 Ахир, бу Сарвари Олам — Раббийнинг кунидир. Бу кун қасос куни бўлади, Худо душманларидан ўч олади. Унинг қиличи тўйгунча эт ейди, Чанқоғи босилгунча қондан ичади. Ўша куни Фурот бўйидаги шимолий юртда, Сарвари Олам — Раббий ёвларини қурбон қилади.
11 Эй бокира қиз Миср, Гиладга бор, малҳам олгин. Аммо сен бекорга дори–дармон йиғасан, Барибир дардингга шифо топмайсан.
12 Халқлар шарманда бўлганингни эшитди, Ер юзи доду фарёдларингга тўлиб кетди. Жангчиларинг бир–бирига урилди, Ҳаммаси мағлуб бўлиб йиқилди.
13 Бобил шоҳи Навухадназар Мисрга ҳужум қилиши ҳақида Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:
14 Мисрда шундай деб эълон қилгин, Мигдол шаҳрида шундай деб хабар бергин, Нуф ва Тахпанхас шаҳарларида жар солиб айтгин: “Жойларингизни эгалланг! Жангга шай туринг! Зеро, қилич атрофдаги ҳаммани қиради.”
15 Жангчиларингиз мағлуб бўлади! Улар бардош бера олмайди. Зеро, Эгамизнинг Ўзи уларни уради.
16 Улар қайта–қайта қоқиладилар, Бир–бирининг устига йиқиладилар. Шунда ўзларига ўзлари айтадилар: “Қани, бўлинглар, Халқимизнинг олдига қочиб қолайлик! Киндик қонимиз тўкилган юртга борайлик. Бу қирғиндан қочиб қутулайлик.”
17 Улар шундай деб бақирадилар: “Фиръавн катта гапирди, Аммо фурсатни қўлдан бой берди.”
18 Худо Шоҳдир, Сарвари Оламдир Унинг номи. У шундай демоқда: “Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи айтаманки, Сизларга қарши бир ғаним келаётир. У тоғлар орасидаги Товур тоғидай забардаст, Денгиз бўйидаги Кармил тоғидай улкан.
19 Эй қиз Миср, тугунингни тайёрлагин, Сургунга кетишга ҳозирлангин! Ахир, пойтахтинг Нуф вайрон бўлади, Кимсасиз, ҳувиллаб қолади.
20 Миср чиройли бир ғунажинга ўхшайди, Аммо шимол сўнаси унга ёпирилади.
21 Мисрнинг ёлланма аскарлари Боқилган бузоқларга ўхшайди. Аммо кулфат куни келганда, Жазо оладиган вақти етганда, Уларнинг ҳаммаси орқага қочади, Душман қаршисида чекинади.
22 Бостириб келаётган душман дастидан Миср қочаётган илондай вишиллайди. Душманлар дарахт кесувчилар каби, Болта кўтариб, Мисрга ҳужум қилишади.
23 Мисрнинг ўрмони қалин бўлса–да, Душманлар уни кесиб ташлайди, — деб айтмоқда Эгамиз. — Ахир, душманлар чигирткадан ҳам кўп, Саноғига етиб бўлмайди.
24 Қиз Миср шарманда бўлади, Шимолдаги халқнинг қўлига тушади.”
25 Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен Нў шаҳрининг худоси Омонни жазолайман. Фиръавннинг, Мисрнинг, у ердаги шоҳлар ва худоларнинг, фиръавнга умид боғлаган ҳамманинг адабини бераман.
26 Уларнинг жонларига қасд қилаётган Бобил шоҳи Навухадназарнинг ва аъёнларининг қўлига бераман. Аммо вақт ўтиб, Мисрда илгаригидек одамлар яшайдиган бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.
27 “Эй қулим Ёқуб, қўрқма! Эй Исроил халқи, саросимага тушма! Мен сени олис юртдан озод қиламан, Наслингни сургун бўлган мамлакатдан қутқараман. Эй Ёқуб насли, сен юртингга қайтасан, Осойишта ва бехатар яшайсан. Энди ҳеч ким сени қўрқитмайди.
28 Сен, эй қулим Ёқуб, қўрқма, Мен сен билан бирга бўламан, — деб айтмоқда Эгамиз. — Сени халқлар орасига тарқатиб юборган эдим, Энди ўша халқларнинг ҳаммасини қириб ташлайман. Сени эса қириб юбормайман, Аммо жазосиз ҳам қолдирмайман. Адолат ила жазоингни бераман.”