Еремиё 43 bob
1 Еремиё Эгаси Худо ўзига аён қилган бу сўзларнинг ҳаммасини бутун халққа айтиб бўлгач,
2 Ҳўшайё ўғли Озариё, Кариёх ўғли Йўханон ва бошқа сурбетлар Еремиёга шундай дедилар: — Ёлғон гапиряпсан! Эгамиз Худо сенга, Мисрга бориб яшаманглар, деб айтмаган.
3 Нериё ўғли Борух сени бизга қарши гижгижлаб юрибди. У бизни Бобилликларнинг қўлига тушириб, ҳалок қилмоқчи ёки сургун қилиб юбормоқчи.
4 Шундай қилиб, Кариёх ўғли Йўханон, лашкарбошилар ва бутун халқ Эгамизнинг амрига итоат қилмадилар, улар Яҳудо юртида қолишдан бош тортдилар.
5 ҳудога турли юртлардан қайтиб келган ҳамма одамларни Йўханон ва лашкарбошилар ўзлари билан олиб кетдилар.
6 Булардан ташқари, қўриқчилар сардори Набизарадон Охихам ўғли Гадалиё ёнида қолдириб кетган ҳамма эркагу аёлларни, бола–чақа, маликалар, Еремиё пайғамбар ва Нериё ўғли Борухни ҳам улар ўзлари билан олиб кетдилар.
7 Улар Эгамизнинг амрига итоат қилмай, Мисрга жўнаб, Тахпанхас шаҳрига етиб бордилар.
8 Тахпанхасда Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди:
9 “Яҳудийларнинг кўзи олдида катта тошларни ол. Бу тошларни Тахпанхас шаҳридаги фиръавн саройининг кираверишига, ҳовлидаги ғишт йўлаги остига кўмиб қўй.
10 Сўнг яҳудийларга шундай деб айт: «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Мен Бобил шоҳи қулим Навухадназарни* бу ерга олиб келаман. У мана шу кўмилган тошларнинг устига тахтини ўрнатиб, шоҳона чодирини тикади.
11 У келганда Мисрни вайрон қилади, ҳар бир одам пешанасидагини кўради: Баъзилар ўлатга йўлиқиб, нобуд бўлади, Баъзилар асирликка тушиб, сургун қилинади, Баъзилар қиличдан ўтказилади.
12 Менинг амрим билан Навухадназар Миср худоларининг саждагоҳларига ўт қўяди. Баъзи бутларини ёндиради, баъзиларини ўзи билан олиб кетади. Қўйчивон тўнини бит–бургадан астойдил тозалагандай, Навухадназар ҳам Миср юртини қиртишлаб тозалайди. Сўнг соғ–саломат ўз юртига қайтиб кетади.
13 У Мисрдаги Қуёш саждагоҳига ўрнатилган бутсимон тошларни бузиб ташлайди. Миср худоларининг саждагоҳларини ёқиб юборади.»”