Еремиё 40 bob
1 Қўриқчилар сардори Набизарадон Еремиёни Бобилга олиб кетилаётган Қуддус ва Яҳудо асирлари орасидан занжирбанд ҳолда топиб олиб, уни Рама шаҳрида озод қилди. Шундан сўнг Еремиёга Эгамизнинг сўзи аён бўлди.
2 Қўриқчилар сардори Набизарадон Еремиёни ёнига чақириб шундай деди: “Эгангиз Худо, бу юртга фалокат келтираман, деб айтган эди.
3 Мана, ҳозирги кунда Эгангиз айтганини қилиб, юртингизга фалокат келтирди, чунки сизлар Эгангизга қарши гуноҳ қилдингизлар, Унинг айтганини қилмадингизлар. Шу сабабдан бундай кулфат бошингизга тушди.
4 Ҳозир мен қўлингдаги кишанларни ечаман, сени озод қиламан. Агар мен билан Бобилга бормоқчи бўлсанг, марҳамат, сенга яхши қарайман. Борди–ю, Бобилга боришни истамасанг, ихтиёринг ўзингда. Мана, бутун юрт сенинг рўпарангда турибди, хоҳлаган ерингга боравер.
5 Бу юртда қоладиган бўлсанг, Охихам ўғли Гадалиёнинг олдига бор. Бобил шоҳи Гадалиёни Яҳудо шаҳарларига ҳоким қилиб тайинлади. Гадалиё Шофон деган одамнинг неварасидир. Сен унинг ёнида қолиб, халқинг орасида яшашинг мумкин ёки хоҳлаган жойингга боришинг мумкин.” Қўриқчилар сардори Еремиёга егулик билан совға бериб, уни озод қилди.
6 Еремиё Миспах шаҳрига — Охихам ўғли Гадалиёнинг олдига бориб, юртда қолган одамлар орасида ўрнашди.
7 Баъзи яҳудий лашкарбошилари ва жангчилар таслим бўлмаган эдилар. Охихам ўғли Гадалиёни Бобил шоҳи юртга ҳоким қилиб тайинлаганини, юртда қолган энг қашшоқ эркак, аёллар ва болаларни Гадалиёнинг ихтиёрига топширганини улар эшитдилар.
8 Сўнг Миспахга келиб, Гадалиёга учрашдилар. Келганлар — Натаниё ўғли Исмоил, Кариёх ўғли Йўханон, Танхумат ўғли Сараё, Натуфолик Эфайнинг ўғиллари, Махолик Язаниё ва уларнинг одамлари эди.
9 Гадалиё келганларга шундай деб онт ичди: “Бобилликларга тобе бўлишдан қўрқманглар. Юртда ўрнашиб, Бобил шоҳига хизмат қилаверинглар, шунда ҳаммаси яхши бўлади.
10 Мен эса Миспахда қоламан. Келадиган Бобилликларнинг олдида вакилингиз бўламан. Сизлар ўрнашиб олган шаҳарларингизда яшайверасизлар. Меваларни йиғиштириб олинглар, шароб ва зайтун мойини тайёрлаб, ғамлаб қўйинглар.”
11 Бобил шоҳи баъзи одамларга Яҳудо юртида қолишга ижозат берганини ва Гадалиёни ҳоким қилиб тайинлаганини Мўаб, Оммон, Эдом ва бошқа юртларда яшаётган яҳудийлар ҳам эшитишди.
12 Шунда улар сургун қилинган ҳамма жойлардан Яҳудо юртига — Миспахдаги Гадалиёнинг олдига қайтиб келишди. У ердан бир талай мева йиғиштириб, кўп шароб тайёрлашди.
13 Бир куни Кариёх ўғли Йўханон ва қирлардаги лашкарбошилар Миспахга Гадалиёнинг олдига келиб сўрадилар:
14 — Оммон шоҳи Баалис сизни ўлдиртириш учун Натаниё ўғли Исмоилни юборганидан хабарингиз борми? Аммо Гадалиё уларга ишонмади.
15 Шунда Йўханон ҳеч кимга билдирмай Гадалиёга деди: — Ижозат беринг, бориб Исмоилни ўлдирай. Бу ҳақда ҳеч ким билмайди. Нима учун у сизни ўлдиришига йўл қўйишимиз керак? Борди–ю, Исмоил ниятига етса, атрофингизга йиғилган барча яҳудийлар тарқалиб кетадилар, Яҳудода қолган одамларнинг боши эса балога қолади.
16 Аммо Гадалиё: — Ундай қилма! Исмоил ҳақида айтган гапларинг ёлғон, — деди.