Еремиё 37 bob
1 Бобил шоҳи Навухадназар Йўшиё ўғли Зидқиёни Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихиннинг ўрнига Яҳудо шоҳи қилиб тайинлади.
2 Аммо на шоҳ, на аъёнлари, на юртдаги халқ Эгамизнинг Еремиё орқали айтган сўзларига қулоқ солар эдилар.
3 Шоҳ Зидқиё Шаламиё ўғли Ёҳухал билан Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни Еремиё пайғамбарнинг олдига юборар экан, шу гапларни айттириб юборди: “Илтимос, биз учун Эгамиз Худога илтижо қил.”
4 Еремиё шу вақтгача қамоққа олинмаганлиги учун халқ орасида бемалол юрар эди.
5 Шу орада фиръавн лашкари Мисрдан чиқди. Қуддусни қамал қилиб турган Бобилликлар бу хабарни эшитишгач, Қуддусдан чекиндилар.
6 Шунда Эгамиз сўзини Еремиёга аён қилди.
7 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: “Худонинг сўзини билмоқчи бўлиб, икковингизни олдимга юборган Яҳудо шоҳига шундай деб айтинг: сизларга ёрдам бермоқчи бўлиб келаётган фиръавн лашкари ўз юрти — Мисрга қайтиб кетади.
8 Бобилликлар эса Қуддусга қайтиб келиб, шаҳарга қарши жанг қиладилар. Улар шаҳарни қўлга олиб, ёндириб юборадилар.”
9 Эгамиз яна шундай демоқда: “Бобилликлар энди қайтиб келишмайди, деб ўзларингизни алдаманглар, чунки улар албатта қайтиб келишади.
10 Борди–ю, сизлар Бобилликларнинг бутун лашкарини мағлуб қилганингизда ҳам, уларнинг чодирларида қолган ярадорлар келиб, шаҳрингизга ўт қўйган бўларди.”
11 Фиръавн лашкари яқинлашиб келаётгани учун Бобилликлар Қуддусдан чекиндилар.
12 Шунда Еремиё Бенямин ҳудудидаги халқ орасида ўзига тегишли ер улушини кўриш учун Қуддус шаҳридан кетмоқчи бўлди.
13 У Қуддуснинг Бенямин дарвозасига етиб келгач, соқчилар бошлиғи Йириё: — Сен Бобилликларнинг олдига қочиб кетмоқчисан, — деб уни қамоққа олди. Йириё Шаламиёнинг ўғли, Ханониёнинг невараси эди.
14 — Ёлғон! — деди Еремиё, — мен Бобилликларнинг олдига қочмоқчи эмасман. Аммо Йириё Еремиёнинг гапига қулоқ солишни истамади, уни ҳибсга олиб, аъёнларнинг олдига олиб борди.
15 Аъёнлар Еремиёдан ғазабланиб, уни калтаклашди. Сўнг котиб Йўнатаннинг зиндонга айлантирилган уйига қамаб қўйишди.
16 Шундай қилиб, Еремиё узоқ вақт зиндон ҳужраларидан бирида ётди.
17 Орадан вақт ўтди. Шоҳ Зидқиё Еремиёни саройига чақиртириб: — Эгамиздан бирон хабар борми? — деб яширинча сўради. — Ҳа, бор, — деди Еремиё. — Сиз Бобил шоҳининг қўлига тушасиз.
18 Нега улар мени зиндонга ташлашди? Мен аъёнларингизга ва бу халққа қарши нима гуноҳ қилибман?! — деди яна у.
19 — “Бобил шоҳи сизга ҳужум қилмайди, юртимизга у тажовуз қилмайди”, деб башорат қилган пайғамбарларингиз қани?!
20 Ёлвораман, олампаноҳим, илтижоимни рад этманг, мени котиб Йўнатаннинг уйига қайтариб юборманг. У ерда адойи тамом бўламан.
21 Шоҳ Зидқиё, Еремиёни соқчилар ҳовлисига қамаб қўйинглар, шаҳарда нон қолмагунча, ҳар куни унга новвой растасидан биттадан нон олиб беринглар, деб буюрди. Шундай қилиб, Еремиё соқчилар ҳовлисида қолди.