Еремиё 3 bob
1 Эгамиз шундай демоқда: “Бир одам хотини билан ажрашди, дейлик. Агар хотини бориб, бошқасига турмушга чиқса, олдинги эри уни қайта никоҳига олиши мумкинми?! Бундай бемаънигарчилик юртни ҳаром қилиб юбормайдими?! Эй Исроил, сен кўп ўйнашлар орттириб фоҳишалик қилдинг. Энди қайси юз билан олдимга қайтиб келмоқчисан?!
2 Атрофингдаги яланг қирларга назар солиб, қара! Сен фоҳишалик қилмаган бирор жой қолдими?!* Сен йўл бўйларида ўтириб, ўйнашларингни кутдинг. Чўлда босқинчилик қилишга шай турган қароқчидай бўлдинг. Менга қилган бевафолигинг ва фосиқлигинг билан, Бутун юртни ҳаром қилдинг.
3 Шу сабабдан ёмғир ёғмади, Баҳорда ёғингарчилик бўлмади. Сен фоҳишадай безбетсан, Уят деган нарсани билмайсан.
4 Энди эса Менга: «Отажонимсан», деяпсан, «Ёшлигимдан буён дўстимсан», деб айтяпсан!
5 «Ҳадеб мендан жаҳлинг чиқаверадими?» дейсан, «Бир умр менга ғазабингни сочасанми?» деб айтасан, Ўзинг эса имконинг борича ёвузлик қилаверасан.”
6 Шоҳ Йўшиё даврида қилмишларини кўрдингми? Ҳар бир баланд тепаликда ва ҳар бир яшил дарахт остида у фоҳишалик қилди.Эгамиз менга шундай деди: “Бевафо Исроилнинг
7 Барча қилмишларидан кейин ҳам, олдимга қайтиб келади, деб ўйлаган эдим. Лекин у қайтиб келмади. Шунинг учун Мен садоқатсиз Исроилга талоқ хатини бериб, жўнатиб юбордим.
8 Унинг синглиси Яҳудо эса буни кўрган эди. Шунга қарамай бу мунофиқ заррача ҳам қўрқмади, у Менга вафо қилмай, фаҳшга берилди.
9 Исроил тош ва ёғочдан ясалган худоларга сиғиниб,зино қилган эди. Енгилтаклик билан фоҳишалик қилиб, юртни ҳаром этган эди.
10 Буларга қарамай, унинг мунофиқ синглиси Яҳудо Менга соф кўнгил билан қайтмади. У кўзбўямачилик қилди”, — деб айтмоқда Эгамиз.
11 Кейин Эгамиз менга шундай деди: “Бевафо Исроил, мунофиқ Яҳудога қараганда, ўзини солиҳ қилиб кўрсатди.
12 Қани, шимолга бор, у ерда ушбу сўзларни жар солиб айт: «Эгамиз шундай демоқда: эй бевафо Исроил, Менга юз бур! Энди Мен сенга ғазабимни сочмайман, Мен раҳмдилман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Сендан то абад ғазабланмайман.
13 Фақатгина гуноҳингни тан олгин: сен Эганг Худога қарши бош кўтардинг, ҳар бир яшил дарахт остида бегона худоларга сажда этиб, зино қилдинг, Менинг гапимга кирмадинг, — деб айтмоқда Эгамиз.»”
14 Эгамиз шундай демоқда: “Эй садоқатсиз фарзандлар, олдимга қайтинглар! Зеро, Мен хўжайинингизман. Ҳар бир шаҳардан биттангизни, ҳар бир хонадондан иккитангизни олиб, Қуддусга олиб келаман.
15 Мен сизларга кўнглимдаги чўпонларни бераман. Улар сизларни донолик ва билим билан бошқаришади.
16 Сизлар юртда кўпайиб, ували–жували бўласизлар. Шунда халқ Менинг Аҳд сандиғим ҳақида гапирмайдиган бўлади. Улар Сандиқ ҳақида ўйлашмайди, уни эсга ҳам олишмайди, зарурати бўлмагани учун янгисини ясашмайди.
17 Зеро, ўша вақтда Қуддус «Эгамизнинг Тахти» деб аталади. Ҳамма халқлар Менга сажда қилиш учун Қуддусда, Менинг ҳузуримда тўпланадилар. Шундан кейин улар ҳеч қачон ёвуз юракларининг ўжарликларига итоат қилмайдилар.
18 Ўша кунларда Яҳудо ва Исроил халқлари бирлашади. Улар шимолдаги юртдан Мен ота–боболарингизга мулк қилиб берган юртга бирга қайтиб келишади.
19 Мен, Эгангиз, ичимда шундай деган эдим: «Сени жон–жон дея Ўзимга фарзанд қилиб олган бўлар эдим, Сенга ажойиб юртни совға қилган бўлар эдим, Халқларнинг энг гўзал мулкини сенга берган бўлар эдим.» Мени «Отажоним дейсан», дея ният қилган эдим, Мендан ҳеч қачон юз ўгирмайсан, деб ўйлаган эдим.
20 Аммо, эй Исроил, Менга бевафолик қилдинг! Сен эрига хиёнат қилган аёлдай бўлдинг, — деб айтмоқда Эгамиз. —
21 Яп–яланг қирлар узра фиғон эшитилмоқда, Исроил халқи доду фарёд солмоқда. Зотан, улар ҳақ йўлдан озган эдилар, Ўзларининг Эгаси Худони унутиб юборган эдилар.
22 Эй садоқатсиз фарзандларим, орқага қайтинглар! Бевафо қалбингизга Мен шифо бераман. Сизлар Менга шундай дейсизлар: «Мана, олдингга қайтяпмиз, Ахир, Эгамиз Худо Сенсан.
23 Биз қирларда бутларга сажда қилар эдик, Қаттиқ шовқин–сурон кўтарар эдик. Аммо ҳаммаси беҳуда экан. Ягона нажоткоримиз Сенсан, эй Эгамиз Худо.
24 Бу ярамас бутлар болалигимиздан буён, Оталаримизнинг меҳнатини йўққа чиқарди, Уларни мол–қўйларидан айирди, Ўғил–қизларидан жудо қилди.
25 Келинг, шармандаликни ўзимизга тўшак қилайлик, Уятни ёпинчиқ қилиб, устимизга ёпайлик! Ахир, ота–боболаримиз билан биз Эгамиз Худога қарши гуноҳ қилдик. Ёшлигимиздан то бугунгача Эгамиз Худонинг гапига кирмадик.»”