Еремиё 26 bob
1 Йўшиё ўғли Ёҳайиқимнинг Яҳудодаги илк ҳукмронлиги даврида* Еремиёга Эгамиз Ўз сўзини аён қилди.
2 Эгамиз шундай деди: “Эй Еремиё, уйимнинг ҳовлисига бориб тур. Яҳудо шаҳарларидан уйимга сажда қилмоқчи бўлиб келган ҳамма одамларга гапир. Мен сенга амр қилган барча сўзларни, биронтасини ҳам қолдирмай уларга айт.
3 Балки, улар Мен айтган гапларга қулоқ солиб, ёвуз йўлларидан қайтишар. Шунда Мен ҳам шахтимдан қайтаман. Қилган қабиҳликлари туфайли бошларига келтирмоқчи бўлаётган фалокатни келтирмайман.
4 Сен уларга шундай деб айт: «Эгамиз демоқда: сизлар Менга қулоқ солмадингизлар, берган қонунларимни бажармадингизлар.
5 Олдиларингизга қайта–қайта пайғамбар қулларимни жўнатдим, аммо сизлар уларнинг гапига кирмадингизлар. Агар энди айтганларимни бажармасангизлар,
6 Мен бу уйни Шилўнинг кўйига соламан. Бу шаҳарни эса ер юзидаги халқлар орасида лаънати қиламан.»”
7 Руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ Еремиёнинг Эгамиз уйида айтаётган бу гапларини эшитишди.
8 Еремиё Эгамизнинг амр қилган ҳамма сўзларини бутун халққа айтиб бўлгач, руҳонийлар, пайғамбарлар ва бутун халқ унга ташланиб: — Ўлдиринглар уни! — дея бақира бошлашди.
9 Сен ҳали Эгамиз номидан башорат қиладиган бўлиб қолдингми?! “Бу уй Шилўнинг кўйига тушади, бу шаҳар эса вайрон бўлиб ҳувиллаб қолади”, деб айтишга қандай журъат этдинг?! Эгамиз уйидаги бутун оломон Еремиёни ўраб олди.
10 Бундан хабар топган саройдаги Яҳудо аъёнлари Эгамизнинг уйига келдилар. Қозилик қилиш учун Янги дарвозанинг кираверишидаги курсиларга ўтирдилар.
11 Шунда руҳонийлар билан пайғамбарлар етиб келган аъёнларга ва халойиққа мурожаат қилиб дедилар: — Бу одам ўлимга лойиқ! У шаҳримизга қарши башорат қилди, буни ўз қулоғингиз билан эшитдингиз.
12 Еремиё ўз навбатида шундай деди: — Сизлар эшитган барча сўзларни гапиришим учун мени Эгам юборди. “Бу уйга ва шаҳарга қарши башорат қил”, деди.
13 Агар сизлар ёмон йўлингиздан қайтсангиз, турмуш тарзингизни ўзгартирсангиз, Эгангиз Худога итоат этсангиз, Эгамиз ҳам шахтидан қайтади, сизларга эълон қилган фалокатни бошингизга келтирмайди.
14 Мана, мен сизнинг ихтиёрингиздаман. Нимани тўғри деб билсангиз, менга шуни қилинг.
15 Фақат билиб қўйинглар: агар мени ўлдирсангизлар, сизлар ҳам, шаҳар аҳолиси ҳам айбсиз одамнинг қонини тўккан бўласизлар. Зотан, бу сўзларнинг ҳаммасини сизларга айтишим учун Эгамизнинг Ўзи мени юборган.
16 Сўнг аъёнлар билан бутун халойиқ руҳонийларга ва пайғамбарларга шундай дедилар: — Йўқ, бу одам ўлимга лойиқ эмас. У бизга Эгамиз Худо номидан гапиряпти–ку!
17 Юртнинг бир нечта оқсоқоли ҳам чиқиб, тўпланган бутун оломонга шундай дедилар:
18 — Яҳудо шоҳи Ҳизқиё даврида* башорат қилиб юрган Мўрашатлик Михо ҳам Яҳудо халқига шундай деб айтган эди*: “Сарвари Олам демоқда: «Қуддус даладай шудгор қилинади, Сион харобазор бўлади, Эгамизнинг уйи турган тоғни Қалин ўрмонзор қоплайди.»”
19 Ўшанда Яҳудо шоҳи билан бутун халқ пайғамбарни ўлдирганмиди?! Аксинча, шоҳ Эгамиздан қўрқиб, Ундан марҳамат сўраган эди. Эгамиз эса шахтидан қайтиб, уларга эълон қилган фалокатни бошларига келтирмади. Биз–чи? Биз ўзимизнинг бошимизга ўзимиз фалокат келтиряпмиз–ку!
20 Эгамизнинг номидан башорат қилган яна бир одам бор эди. У Хират–Йўримлик Шамаё ўғли Уриё эди. У ҳам худди Еремиёга ўхшаб бу юрт ва
21 Шоҳ Ёҳайиқим, унинг ҳамма соқчилари ва аъёнлари Уриёнинг сўзларини эшитдилар. Шунда шоҳ Уриёни ўлдиришга қасд қилди. Бундан хабардор бўлган Уриё қўрққанидан Мисрга қочиб кетди.
22 Шоҳ Ёҳайиқим унинг орқасидан Ахбор ўғли Элнатанни одамлари билан жўнатди.
23 Улар Уриёни Мисрда тутиб олиб, шоҳнинг олдига олиб келган эдилар. Шоҳ уни ўлдириб, жасадини авом халқнинг қабристонига ташлаган эди.
24 Шунга қарамай, Шофон ўғли Охихам Еремиёнинг тарафини олди. Еремиёни ўлдирмоқчи бўлган оломоннинг қўлига топширишга йўл қўймади.