Еремиё 22 bob
1 Эгамиз менга шундай деди: “Яҳудо шоҳи саройига бориб, у ерда ушбу сўзларни жар солиб айт:
2 «Эй Довуд тахтида ўтирган Яҳудо шоҳи, эшит. Аъёнларинг ва мана бу саройга кирган одамларинг ҳам сен билан бирга Эгамизнинг сўзини эшитсин.»
3 Кейин уларга айт, Эгамиз шундай демоқда: «Адолат ва тўғрилик билан иш тутинг. Жабрдийдаларни зўравонларнинг қўлидан қутқаринг. Мусофирларга, етим ва беваларга ноҳақлик қилманг, уларни эзманг. Бу ерда бегуноҳ одамнинг қонини тўкманг.
4 Борди–ю, сизлар ҳақиқатан ҳам буларга риоя қилсангизлар, Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отлар минган шоҳлар сарой дарвозаларидан киришади. Аъёнлар ва халқ ҳам улар билан бирга киради.
5 Борди–ю, бу амрларимга риоя қилмасангизлар, Мен Ўз номим ҳақи онт ичиб айтаманки, бу сарой вайрон бўлади.» Эгамизнинг каломи шудир.
6 Ахир, Эгамиз Яҳудо шоҳининг саройи ҳақида шундай демоқда: «Сен Мен учун гўзал Гилад ўлкасига ўхшайсан, Бамисоли Лубноннинг юксак чўққиларисан. Лекин қасам ичиб айтаманки, сен саҳрога ўхшаб қоласан, Ҳувиллаган бир шаҳарга айланиб қоласан.
7 Сенга қарши босқинчиларни жўнатаман, Қуролланган одамларни юбораман. Улар сара садрларингни кесадилар, Ёғочларингни оловга ташлайдилар.»
8 Кўплаб халқлар бу шаҳар олдидан ўтаётиб, бир–бирларидан: «Нега Эгамиз бундай буюк шаҳарни шу кўйга солган экан–а?» деб сўрайдилар.
9 Уларга шундай жавоб беришади: «Шаҳар аҳолиси ўзларининг Эгаси Худо билан тузган аҳдини бузди. Бошқа худоларга сажда қилиб, хизмат қиладиган бўлди.»”
10 Ўлган шоҳингиз учун йиғламанг, У учун аза тутманг. Ундан кўра, сургун бўлган шаҳзодангиз учун қайғуринг, У учун аччиқ–аччиқ кўз ёш тўкинг. Ахир, у энди қайтиб келмайди, Она юртини бошқа кўрмайди.
11 оҳ Йўшиёдан кейин Яҳудо тахтига Йўшиёнинг ўғли Ёҳухоз ўтирган эди. Шоҳ Ёҳухоз сургун қилингандан кейин, Эгамиз у ҳақда шундай деди: “У бу ерга ҳеч қачон қайтиб келмайди.
12 Сургун қилинган ерда оламдан ўтади, бу юртни бошқа кўрмайди.”
13 Эгамиз шундай дейди: “Уйини ноҳақлик билан қурганнинг ҳолига вой! Юқори хоналарини адолатсизлик билан бино қилганнинг ҳолига вой! Бундай одам биродарини текинга ишлатади, Унинг меҳнат ҳақини бермайди.
14 У шундай дейди: «Мана, ўзим учун катта сарой қурдим, Юқори қаватдаги хоналарни кенг қилдирдим.» У уйига катта ойналар қўйдирмоқда, Деворларини садр ёғочи билан қопламоқда, Уларни қирмизи рангга бўямоқда.
15 Сен ўзинг учун кўп садр ёғочини йиғдинг, Бу билан сен яхши шоҳ бўлиб қолмадинг! Сенинг отанг ҳам хоҳлаганича еб–ичган, Аммо доим ҳақиқату адолатни ўрнатган. Шу сабабдан унинг иши юришган.
16 У фақиру бечорани ҳимоя қилган, Шунинг учун фаровон ҳаёт кечирган. Худони билиш дегани шу эмасми?! — деб айтмоқда Эгамиз. —
17 Сен эса фақат ноҳақ фойдани кўзлайсан. Бегуноҳ одамнинг қонини тўкасан, Зўравонлик ва зулм ўтказасан.”
18 Шу сабабдан Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим ҳақида Эгамиз шундай демоқда: “Унга ҳеч ким аза тутмайди, «Вой, жигарим! Вой, жигарим!» деб йиғламайди. «Хўжайиним! Олампаноҳим!» деб ҳеч ким қайғурмайди.
19 Уни ўлган эшакнинг аҳволига соладилар, Қуддус дарвозаларидан судраб чиқиб, отиб юборадилар.”
20 Эгамиз шундай дейди: “Эй Қуддус, Лубнонга чиқиб фарёд қилгин, Башан ўлкасига бориб, хитоб этгин. Аборим тоғларида туриб, овозинг борича бақиргин, Чунки ҳамма ўйнашларинг* йўқ бўлди.
21 Фароғатда яшаганингда, сенга гапирдим, Сен эса «Гапингга қулоқ солмайман!» деб айтдинг. Ҳа, ёшлигингдан шу йўлни тутгансан, Гапимга сен кирмагансан.
22 Шамол ҳамма чўпонларингни супуриб кетади, Ўйнашларинг сургун бўлади. Сен эса қабиҳ ишларинг туфайли уятда қоласан, Шармандаи шармисор бўласан.
23 Сен «Лубнон» саройида яшаб юрибсан, Садр дарахтлари орасида ин қургансан, Аммо туғаётган аёл каби дард чекасан, Азобдан инграйсан.”
24 Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихин ҳақида Эгамиз шундай демоқда: “Эй Яҳудо шоҳи Ёҳайихин! Борди–ю, сен Менинг ўнг қўлимдаги муҳр узугим бўлганингда эди, Мен барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сени улоқтириб ташлаган бўлар эдим.
25 Сен кимдан қўрқсанг, сени ўшанинг қўлига бераман, сенда қасди борларнинг қўлига топшираман. Сени шоҳ Навухадназарнинг ва Бобилликларнинг қўлига бераман.
26 Сени ва сени туққан онангни бегона бир юртга, киндик қонинг тўкилмаган бир ерга улоқтириб юбораман. Сизлар ўша ерда ўласизлар.
27 Сизлар бу юртга қайтиб келишни орзу қиласизлар, аммо қайтиб келмайсизлар.”
28 Ёҳайихин ташлаб юбориладиган синиқ хумдай бўлиб қолади, Ҳеч кимга керак бўлмайдиган сопол идишга ўхшаб қолади. У болалари билан сургун бўлади! Ўзи билмаган юртга улоқтириб ташланади!
29 Эй юрт, юрт, юрт! Эгамизнинг сўзини эшит!
30 Эгамиз шундай демоқда: “Бу одамнинг фарзандларини насабномага киритманг, Уни ҳаётда омади йўқ, деб қайд қилиб қўйинг. Унинг зурриётидан бирортаси муваффақият қозонмас, Бирортаси Довуд тахтига чиқа олмас. Яҳудода улар ҳеч қачон ҳукмронлик қилмайдилар.”